Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дин ишлари бўйича қўмита хорижда диний таълим олишга даъват этувчи рекламаларга муносабат билдирди
Қўмита турли шахсларнинг тарғиботига учмасликни эслатган ҳолда, расмий диний таълим фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги таълим муассасаларида берилиши, диний билимларни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини ушбу таълим муассасалари имкониятлари орқали қондиришни тавсия этган.
Фото: Google Maps
Дин ишлари бўйича қўмита айрим шахслар томонидан ижтимоий тармоқларда фуқароларни диний таълим олиш учун чет элга чақириш ҳолатлари кузатилаётгани, хусусан, Миср, Туркия, Саудия Арабистони ва Россия каби мамлакатлардаги диний таълим муассасаларига ўқишга боришга даъват этувчи чақириқлар ва реклама эълонлари кенг тарқатилаётганини қайд этди.
Қўмита расмий муносабатида билдирилишича, бу эълонларда таълим масканлари гўёки “қонуний” ёки “расмий” сифатида кўрсатилсада, амалда улар Ўзбекистон Республикаси тегишли идоралари томонидан тан олинмаган ҳамда ўша мамлакатлардаги ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритувчи ўқув марказлари ҳисобланади. Бу ўринда “расмий диний таълим” иборасидан асосан кўпроқ талабгорларни жалб этиш мақсадида фойдаланилмоқда.
“Хавотирли жиҳати шундаки, бундай чақириқлар, кўпинча, диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғояларини сингдириш, ёшларимизни нотўғри йўлга бошлаш ва уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш хавфини ўзида мужассам этади.
Шу сабабли, ота-оналар фарзандларининг кимлар билан мулоқот қилаётганига, интернетда қандай маълумотларни ўқиётганига ва қандай таклифларга жавоб бераётганига эътиборли бўлишлари шарт”, дейилади муносабатда.
Қўмита турли шахсларнинг тарғиботига учмасликни эслатган ҳолда, расмий диний таълим фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги таълим муассасаларида берилиши, диний билимларни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини ушбу таълим муассасалари имкониятлари орқали қондиришни тавсия этган.
Таъкидланишича, хорижий диний таълим муассасалари дипломлари Ўзбекистон ҳудудида диний соҳада фаолият юритиш учун асос бўлмаслиги, таълимдан сўнг ишга жойлашишда ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин.
Мавзуга оид
13:26 / 27.08.2025
Дин ишлари бўйича қўмитанинг вазифалари белгиланди
20:36 / 21.08.2025
Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари мандат натижалари эълон қилинди
22:29 / 21.04.2025
Ҳаж ва Умра ягона портали ишлаб чиқилади
19:31 / 21.02.2025