Жаҳон | 23:10 / 25.10.2023
15236
2 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШ билан ҳамкорликка тайёр, чунки «дунё тақдири шунга боғлиқ» - Си Жинпинг 

Си Жинпинг давлатлар ўртасида «ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида» қуриладиган янада барқарор иккитомонлама алоқаларни ўрнатишга чақирди. 

Фото: AFP

Хитой етакчиси Си Жинпинг АҚШ билан келишмовчиликларни бартараф этиш ва глобал муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Нью-Йоркдаги АҚШ-Хитой муносабатлари миллий қўмитасининг йиллик йиғилишига йўллаган мактубида ёзган, деб хабар берди Reuters. 

Унинг таъкидлашича, дунё тақдири ҳар икки давлат ҳамкорликда  «тўғри» йўлини топа олишига боғлиқ. Си Жинпинг давлатлар ўртасида «ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида» қуриладиган янада барқарор иккитомонлама алоқаларни ўрнатишга чақирди. 

26 октябр куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи Вашингтонга АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен билан музокара ўтказиш учун боради. Бу музокаралар АҚШ президенти Жозеф Байден ва Си Жинпингнинг ноябр ойида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида кутилаётган учрашуви олдидан бўлиб ўтади. 

Хитойнинг Global Times давлат газетаси бу ҳақда қуйидагиларни ёзди: 

«Хитойлик кузатувчилар Ван Йи ташрифи икки етакчи ўртасида эҳтимолий учрашув ўтказишга замин яратади, аммо Вашингтон Пекин хавотирларини бартараф этиш бўйича аниқ саъй-ҳаракатларни намойиш қилиши ва самимийлигини кўрсатиши кераклигини таъкидламоқда». 

Июн ойи бошида Блинкен Пекинда Си Жинпинг билан учрашган эди. Учрашувнинг ёпиқ қисмидан олдин Хитой раҳбари икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, АҚШ Давлат котибининг ташрифи бу борада «ижобий ҳисса қўшишига» умид билдирди. Блинкен, ўз навбатида, учрашувдан олдин журналистларга Хитойнинг бошқа расмийлари билан «очиқ ва конструктив суҳбатлар» ҳақида маълумот берди.

Мавзуга оид