Ўзбекистон | 07:40 / 27.10.2023
5688
2 дақиқада ўқилади

Кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда «стоянка»лар қуриш режалаштирилмоқда

Кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда тўхтаб туриш жойларини қуриш ва атроф-муҳит, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига транспорт воситалари салбий таъсирини камайтириш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистонда кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда тўхтаб туриш жойларини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилаётган масалалар кўриб чиқилган. Хусусан, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун шулар жумласидан.

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлаётгани соҳани тартибга солувчи амалдаги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритишни ҳамда уни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилган.

Қонундаги энг муҳим янгиликлардан бири кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда тўхтаб туриш жойларини қуриш ва атроф-муҳит, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш назарда тутилмоқда.

Мазкур қонун йўлларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракатини тўғри ва тизимли йўлга қўйиш, мутасадди органлар ўртасида самарали ҳамкорликни жорий қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Мавзуга оид