Ўзбекистон | 19:48 / 30.10.2023
10419
6 дақиқада ўқилади

Аҳолини рўйхатлаш, “Умрачи” турфирмаларга янги талаблар, иш бошлайдиган “Инсон” марказлари — 1 ноябрдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Фото: Kun.uz

Мустақилликдан буён илк марта ўзбекистонликларни кенг кўламли рўйхатга олиш бошланиши керак

Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун, президент фармони асосида ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра 2023 йил 1 — 25 ноябр кунлари Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши керак. Ҳужжатда, рўйхатга олиш бошланишининг аниқ пайти 2023 йил 1 ноябрь соат 00:00 этиб белгиланган. Рўйхатга олишни ўтказиш давомийлиги — 25 кун.

Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. 2023 йил 1 ноябрдан кейин туғилган болалар учун рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, бироқ ушбу санадан кейин вафот этган шахслар учун тўлдирилади. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки маҳалла идорасидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.

“Умрачи” турфирмаларнинг иши қийинлашди

Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб амалга киритиладиган қарори билан Умра тадбирларини ташкил этувчи турфирмалар учун талаблар кучайтирилмоқда.

Хусусан, эндиликда ўзбекистонликларга Умра зиёрати хизматларини кўрсатиш фақат маҳаллий туроператор томонидан амалга оширилади ва қуйидаги қўшимча талабларни бажариши керак:

-         Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш хизматларини кўрсатиш учун фирмада қўшимча равишда диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;

-         Умра хизматига лицензия олиш учун 100 минг доллардан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармаси учун очилган банк реквизитига захира қилади;

-         Умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг мутахассисларини тайинлаш.

Қарорга кўра, Умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш тақиқланади. Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан кучга кирувчи янги норма талабларига жавоб бермаган туроператорларга Умра тадбирларини ташкил этиш ҳуқуқи берилмайди.

Ижтимоий ҳимоя тизимида янгилик - “Инсон” маркази

Тегишли ҳужжатга кўра, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, жорий йил 15 ноябрга қадар ўзининг тизимига кирадиган ташкилотларга тегишли биноларга ижтимоий ҳимоя йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини, заруратга кўра, текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштиради.

Экологик ва ёнғинга қарши хулосалар

“Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида 2023 йил 1 ноябрдан ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади.

Шунингдек, экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юкланади.

Ёнғинларни олдини олишга доир ҳукумат қарори билан 2023 йил 1 ноябрдан давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади. Бунда:

-         давлат ёнғин назорати органлари томонидан хулоса бериш муддати етти кун этиб белгиланади;

-         давлат ёнғин назорати органларига лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун мазкур ҳужжатларнинг барча қисмлари тақдим этилади;

-         давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилади;

-         аҳоли гавжум бўладиган объектларда қонунчиликка мувофиқ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан мажбурий тартибда идоравий ёнғин назорати ўрнатилади.

Кенг полосали интернет, кадрлар ва бошқалар

Тегишли ҳужжат билан Рақамли технологиялар вазирлиги 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб “охирги миля” тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастурини амалга оширади.

Шунингдек, 2024 йил якунига қадар магистрал телекоммуникация тармоғи ва аҳоли яшаш масканларида қўшимча 50 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиши керак.

Президентнинг тегишли қарори билан 2023 йил 1 ноябрдан 2026 йил 1 январга қадар туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя, жумладан вегетатив тиним ҳолатидаги, вегетация ёки гуллаш давридаги сертармоқлари, бошқа тирик ўсимликлар қаламчалар ва пархиши импортида божхона божининг нол ставкаси қўлланади.

Тегишли ҳукумат қарори билан 2023 йил 1 ноябрдан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумотлар ва ҳужжатлар электрон платформада шакллантирилади ва юритилади. Ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундан мустасно.

Давлат органлари электрон платформани жорий қилиш ва юритиш бўйича сарф-харажатларни ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид