Жаҳон | 23:43 / 30.10.2023
8142
2 дақиқада ўқилади

Россия Украина билан визасиз режим келишувини бекор қилди 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина билан 1997 йилда имзоланган визасиз режим келишуви бекор этилганини эълон қилди. 

Фото: Picture Alliance

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Украина фуқаролари учун визасиз саёҳат тўғрисидаги келишув бекор қилинаётгани ҳақида баёнот берди. 

Қайд қилинишича, 1997 йил 16 январда имзоланган ҳужжатнинг амал қилиш муддати 2024 йил 1 январда тугайди. 

Бундан олдин Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ҳафталик брифингда Украина фуқаролари учун визасиз режим «гуманитар сабабларга кўра» сақланиб қолаётганини айтган эди. 

Захарованинг маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путин Украина фуқаролари Россияга ички паспорт асосида визасиз кириши ва чиқиши мумкин бўлган фармонни имзолаган. Украиналиклар Россия чегарасидан ички ёки хорижий Украина паспорти, дипломатик ёки хизмат паспорти, денгизчи ёки самолёт экипажи аъзосининг шахсий гувоҳномаси асосида визасиз ўтиши мумкин. 

Унинг эслашича, Киев томонидан 2022 йилда бир томонлама равишда виза режими жорий қилинган ва бунгача Россия ва Украина ўртасида виза режими ҳеч қачон бўлмаган.

Мавзуга оид