Жаҳон | 21:20 / 01.11.2023
25275
12 дақиқада ўқилади

Кўча жанглари, танкли «пона»лар, лагерга авиазарба — Ғазодаги ерусти операцияси ҳақида нималар маълум?

Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқликдан операцияси секин-аста фаоллашмоқда. Исроил армияси анклавга бешта йўналишдан ҳужум қилмоқда, экспертлар Ғазога оғир техникага эга учта зарбдор гуруҳ киритилганини айтишмоқда. Ёпирилма ракета ва авиация зарбалари билан йўғрилган қақшаткич жанглар кечмоқда.

Исроил армияси аскарлари Ғазо секторида. Фото: ЦАХАЛ

Рейдлар давомида ҳужум қилаётган томоннинг йўқотишлари ҳақида дастлабки маълумотлар ҳам пайдо бўла бошлади. Исроил эса Ғазо шимолидаги қочқинлар лагерига зарба берган ва натижада ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Republic шу соатга келиб Яқин Шарқда вазият қай аҳволда эканини таҳлил қилди.

Ҳаводан ва ердан ҳужум

Исроил армияси (ЦАҲАЛ)нинг жанубий қўмондонлиги раҳбари генерал-майор Ярон Финкелман 31 октябр куни Ғазо секторида ҳаракат қилаётган ҳарбийларга қарата қилган мурожаатида «қўшин ҳужумга ўтгани, унинг мақсади ҲАМАС ва Ғазодаги террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш» эканини айтган. «Бизнинг мақсадимиз битта — ғалаба. Биз тор кўчаларда, туннелларда, қаерда зарур бўлса ўша ерда жанг олиб борамиз. Биз қаршимиздаги қўрқинчли душманга зарба берамиз», — деган Финкелман.

Сўнгги сутка ичида ЦАҲАЛ 300 дан ортиқ нишон, жумладан, ҲАМАСнинг оператив штаби, турли ерости инфратузилмалари, жумладан, кўплаб туннелларни вайрон қилган. Reuters’нинг ёзишича, зарба берилган нишонлар орасида ҲАМАСнинг шахта остидаги танкларга қарши ракеталар ва ракета учирувчи қурилмалари постлари бўлган. Исроил мудофаа армияси шунингдек, Ғазо кўчаларидаги жангларнинг видеосини ҳам эълон қилган.

Axios портали баҳолашича, Исроил қуруқликдан ҳужумнинг бошланғич босқичида анклавга 20 минг ҳарбий киритган. Ҳозир у ерда ЦАҲАЛнинг камида иккита зирҳли танк ва пиёдалар дивизияси бор. Қайд этилишича, Исроил армияси учта зарбдор гуруҳ шакллантирган, унга танклар, бошқа зирҳли техникалар, шунингдек, артиллерия киради. Улар чегарадаги «Эрез» назорат-ўтказиш пункти ва анклав шимолидаги Дугит аҳоли пунктидан, шунингдек, жанубий-шарқий қисмдаги Кфар-Даром тураргоҳи томонидан (Ғазо секторининг қоқ белидан) бостириб киришган. Исроил армияси раҳбарияти ЦАҲАЛ гарчи жиддий йўқотишларга учраётган бўлса ҳам Ғазо секторида «катта» муваффақиятлар қозонганини айтишмоқда.

Исроил армиясининг Ғазога бостириб кириши. Кўк ранг билан ЦАҲАЛнинг асосий зарба «пона»лари ажратиб кўрсатилган. Фото: OSINT-таҳлилчилар

Жабалия қочқинлар лагерига зарба

Ўтган тунда жуда кўп тинч аҳоли жон сақлаётган, зич қурилган Жабалия лагерига берилган авиазарба тафсилотлари ошкор бўлди. Исроил аввалига зарба натижасида ҳамасчиларнинг ерости бункерлари ва тунеллари қулагани, «кўп сонли террорчилар ҳалок бўлгани»ни айтиб чиқди. Бироқ воқеа жойида туширилган фото ва видеокадрлардан кўринишича, Жабалияда кўплаб бинолар вайрон қилинган, одамлар вайроналар остидан ўлганлар ва тирик қолганларни қидириш билан овора. Қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас, бироқ ғарб нашрлари ҳисоблашича, воқеа жойида камида 47 кишининг жасади топилган.

Исроил армияси спикери Жонатан Конрикус зарба нишони ҲАМАС бригадирларидан бири, 7 октябр куни Исроилга ҳужумни режалаштиришда қатнашган Иброҳим Биарий бўлганини маълум қилди. Пресс-атташенинг таъкидлашича, зарба ерости туннелларига берилган, бироқ улар қулаганидан сўнг унинг устидаги бинолар ҳам қулаган. Конрикус бундан қочиб бўлмаганини айтиб, Исроил мудофаа армияси ҳозир «йўлдош зиёнлар», яъни қурбон бўлган тинч аҳоли ҳақидаги ахборотни таҳлил қилаётганини қўшимча қилган. Исроил армиясининг яна бир вакили Ричард Хехт бу зарбани «уруш фожиаси» деб атаган ва тинч аҳоли ортида беркиниб олган ҲАМАС жангчиларини айблаган.

Жабалиядаги қочқинлар лагерига зарба оқибатлари
Anas al-Shareef / Reuters / Scanpix / LETA

Жабалияга берилган зарбадан сўнг АҚШ ва бошқа ғарб давлатларининг вакиллари яна тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлмаслиги чораларини кўриш ҳақида гапира бошлашди. Тел-Авивнинг иттифоқчилари Ғазода тўлиқ алоқа узилгани ва гуманитар ёрдам етказиш ҳажмини ошириш кераклигига ишора қилишган. Сўнгги сутка ичида Мисрдан Ғазога тинч аҳоли учун юклар ортилган 66 та юк машинаси кириб борган, бу уруш бошланганидан буён энг катта кўрсаткич. Бироқ, ғазоликлар ўткир эҳтиёж сезаётган ёнилғини ҳозирча Исроил ўтказмаяпти.

Жабалия — Ғазодаги саккизта қочқинлар лагерининг энг йириги, у 1,4 километр квадрат майдонга эга. БМТ маълумотларига кўра, 2023 йил июлида у ерда 116 минг фаластинлик қочқинлар рўйхатдан ўтган. Лагерда олтита мактаб, озиқ-овқат тарқатиш ва тиббиёт пунктлари бор.

Прокси уруш элеменлари, қочқинлар ва гаровдагилар бўйича музокаралар

ЦАҲАЛ бир вақтнинг ўзида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ҳаракат қилаётган Ливаннинг жанубий ҳудудларига ҳам зарбалар бермоқда. Яманлик ҳусийчилар ҳам Исроилдаги объектларга зарба беришни бошлагани ва ядровий реактор жойлашган Димон шаҳридаги ядровий тадқиқот марказига зарба бериш билан таҳдид қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ямандаги ҳусийчилар расмий ҳокимиятда эмас. Бу Эроннинг мамлакатдаги фуқаролар урушида иштирок этаётган прокси гуруҳи. Саудия Арабистони ҳарбий ҳаво кучлари ҳам ҳусийчилар билан тўқнашув ортидан тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатига келтириб қўйилди.

Ўз навбатида Миср қочқинларнинг назоратдан чиқиб кетиши мумкин бўлган тўлқинидан хавфсираб, Ғазо сектори чегарасидаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пункти яқинида ўнлаб танклар ва зирҳли машиналарни жойлаштирди, деб хабар беради The Times of Israel. «Рафаҳ» — Миср ва Ғазо ўртасидаги ягона чегара пункти бўлиб, у бугундан анклавдаги яраланганлар ва оғир аҳволдаги беморлар, шунингдек, хорижликлар ҳамда қўшфуқароликка эга фаластинликлар учун очилди.

Исроил миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Цахи Ҳанегбининг таъкидлашича, қўшинни интенсив жанглар ва йўқотишлар кутиб турибди ва ерусти операцияси жуда оғир бўлади. У шунингдек, операция натижасида ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар озод этилишига умид билдирган, бироқ асирдагиларни тинч йўл билан қайтариш истиқболлари йўқлигини айтиб ўтган.

Bloomberg агентлигининг ёзишича, АҚШ ва Исроил агар ҲАМАС анклавдан сиқиб чиқарилишига муваффақ бўлинса Ғазо секторини бошқаришнинг бир неча вариантини кўриб чиқмоқда. Таклифлар орасида америкалик ҳарбийлар иштирокида кўпмиллатли кучлар ташкил қилиш, 1979 йилги Миср-Исроил сулҳ шартномасининг бажарилишини назорат қилаётган тинчликпарвар кучлар каби қўшин шакллантириш ёки Ғазо сектори БМТ томонидан вақтинчалик назорат қилиниши.

Яқин Шарқдаги можаро эскалацияси ва унинг эҳтимолли оқибатлари

ҲАМАС 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилди. Шундан буён Исроил томони маълумотларига кўра, 1400 нафар тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган, 200 дан ортиғи гаровга олинган. ҲАМАСнинг таъкидлашича, уч ҳафтадан зиёд вақтдан буён берилаётган такрорий зарбалар оқибатида 8 мингдан ортиқ фаластинлик ўлдирилган. 27 октябр куни Исроил мудофаа армияси Ғазо секторида ўтказилаётган операциясини кенгайтиришини эълон қилди.

30 октябр куни ҳукумат йиғилишида бош вазир Бинямин Нетаняҳу урушнинг учинчи босқичи бошланганини эълон қилди. «Биринчи босқич — ҲАМАСни блоклаш якунланди. Иккинчи босқич — уларга ҳаводан туриб зарба бериш давом этаверади. Учинчи босқич — Исроил мудофаа армияси ўзининг Ғазо секторига қуруқликдан бостириб киришини кенгайтирди. Бу ишни қўшин ўлчанган ва жуда катта қадамлар билан амалга оширмоқда ва қадамма-қадам силжимоқда», — деган у.

Шаҳарга берилган зарбадан жабрланган ғазоликлар. Фото: Naaman Omar/Keystone Press Agency/Global Look Press

Эрон президенти Иброҳим Раисий бунга жавобан Исроил барчани «қарши чора кўриш»га мажбурлаши мумкин бўлган «қизил чизиқ»ни босиб ўтганини айтди: «Вашингтон биздан аралашмасликни сўрамоқда, ўзи эса Исроилга кенг кўламли ёрдам қўлини чўзмоқда. АҚШ «Қаршилик ўқи» давлатларига сигнал жўнатишди, бироқ жанг майдонида аниқ жавобни олишди». «Қаршилик ўқ»ига Эрон, Сурия ва Яқин Шарқдаги ҲАМАС дохил минтақадаги америка-исроил таъсирига қарши турувчи бошқа кучлар киради. АҚШ ҳукумати Эрон ва бошқаларни Исроилнинг ҲАМАСга қарши урушига аралашмасликка чақириб келмоқда.

Туркияда Фаластинни қўллаб йирик миқёсли митинглар бўлиб ўтди ва унда президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ғарб давлатларини Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштиришда айблаб, Исроилни «ҳарбий жиноятчи» деб эълон қилишини ваъда қилди. У Исроилни «босқинчи», «ташкилот» деб атади шунингдек ғарб томон савол билан юзланди: «Сизлар хоч ва яримой ўртасида уруш бўлишини истайсизларми?» Бу гапларга жавобан Тел-Авив Туркиядан ўз дипломатларини чақириб олишини эълон қилди.

Қизил хоч Ғазодаги гуманитар вазиятни «фожиали таназзул» деб атади ва ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, инсонпарварлик ёрдамлари етказишга чақирди. «Ёпирилма бомбалаш шароитида Ғазонинг тинч аҳолиси ҳаракатланиш учун хавфсиз жой топа олмаётганига тоқат қилиб бўлмайди, ҳарбий қамал шароитида адекват гуманитар таъсир кўрсатиш имконсиз. Бу фожиали таназзул, бунга дунё аҳли асло тоқат қилиб турмаслиги керак», — дейилади Халқаро қизил хоч қўмитаси вакили Миряна Споляричнинг баёнотида.

АҚШ ва Буюк Британи дохил ғарб давлатлари минтақада бўлиб турган ўз фуқаролари хавфсизлигини ўйлаб, шунингдек, вазиятнинг келгусида янада кескинлашишидан хавотирланган ҳолда Яқин Шарққа ўз қўшинларини жўната бошлашди. Хусусан, Пентагон Ироқ, Сурия, Кувайт, Иордания, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги қўшинларини ҳимоялаш учун минтақада 10 та ракетага қарши мудофаа тизимларини ёймоқчи. АҚШ мудофаа вазирлиги спикери Патрик Райдернинг хабар беришича, Яқин Шарққа Миллий гвардиянинг F-16 самолётларига эга 119-экспедицияли қирувчи авиаотряди ташланган. Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин минтақага THAAD аксилракета мажмуалари, Patriot зенит ракета мажмуаларининг қўшимча баталёнлари жўнатилаётганини айтган эди.

Bloomberg Economics таҳлилчилари минтақада аввал бўлиб ўтган можароларга таяниб, Яқин Шарқдаги воқеалар ривожи ва иқтисодий оқибатларининг уч эҳтимолли сценарийсини тасвирлаб ўтишди. Экспертлар сўзларига кўра, қайси сценарийдан боришмасин, жаҳонни мураккаб даврлар кутмоқда — нефт қимматлашиши, иқтисодиётлар ўсиши секинлашуви ва юқори инфляция. Фарқ фақат муаммолар кўламида бўлади. Энг негатив прогноз — Исроил ва ҲАМАС ўртасиги можаро Эронга қарши урушга айланиб кетишига боғлиқ. Бу ҳолатда нефт нархи баррелига 150 долларгача кўтарилади, жаҳон иқтисодиёти рецессия томон шўнғийди, глобал инфляция эса 7 фоизгача сакрайди. 

Мавзуга оид