Янги “дом”ларда дудбурон қурилиш меъёрларига зид равишда ўрнатилмоқда – Сенат
2020 йилдан буён Ўзбекистонда 421 киши ис газидан ҳалок бўлган. Сенат йиғилишида янги қурилган кўп қаватли уйлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналлари амалдаги қурилиш меъёрларига зид равишда ўрнатилаётгани ис газидан заҳарланишга сабаб бўлаётган омиллардан бири сифатида қайд этилди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мазкур соҳада ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинган.
Маълум қилинишича, 2020–2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 245 та нохуш ҳолат юз бергани оқибатида 200 киши жароҳатланган, 421 киши ҳалок бўлган. Сенаторлар бундай ҳолатларга ушбу соҳада ҳали ҳам қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги сабаб бўлаётганини таъкидлади.
Хусусан, якка тартибдаги уй-жойлар, кўп қаватли уйларда ўрнатилган газда ва қаттиқ ёқилғи ёки нефт маҳсулотларида ишловчи аксарият қурилмаларнинг дудбурон ва шамоллатиш каналлари соз ҳолатда эмас. Улар сифатли тозаланмаган ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилмаган. Шунингдек, янги қурилган кўп қаватли уйлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналлари амалдаги қурилиш меъёрларига зид равишда ўрнатилмоқда.
Шунингдек, турар жойлардаги газ плиталари, иситиш қозонлари, дудбуронлар ва вентиляция тизимини тафтишдан ўтказиш ва профилактика хизматлари кўрсатишни тизимли ташкил этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бироқ шу кунга қадар мазкур хизматларни кўрсатиш тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Оқибатда тегишли ишлар мутахассис бўлмаган ходимлар томонидан сифатсиз ва юзаки бажарилмоқда.
Ис гази билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги муносабатларни тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас, бу борада ваколатли давлат органи аниқ белгиланмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 64-сонли қарорида турар жойлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолатини тафтишдан ўтказиш, аниқланган носозликларни бартараф этиш ҳамда бу соҳада профилактика хизматларини кўрсатиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юкланган бўлса-да, мамлакатдаги 7,5 миллиондан ортиқ хонадонни тўлиқ қамраб олиш ва ушбу вазифани амалга ошириш учун вазирликнинг техник имконияти йўқ.
Сенатга кўра, газда ишловчи қурилмаларни ўрнатиш ва таъмирлаш учун мутахассисларга махсус рухсатнома берувчи тизим ҳам мавжуд эмас.
“Яна бир муҳим масала — бугунги кунда дудбурон ва шамоллатиш каналларини тозалаш, синовдан ўтказиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган 200 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган, уларнинг ходимлари аттестациядан ўтказилмайди.
Амалдаги қонунчиликда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўтказилган техник кўрикнинг сифати учун жавобгарлик масаласи белгиланмаганлиги сабабли ушбу субъектлар мутахассислари томонидан аҳолига ёлғон маълумотлар бериш, тамагирлик каби қонунбузарликлар содир этилмоқда.
Хусусан, мутахассис бўлмаган ходимлар томонидан муайян маблағ эвазига ҳатто хонадонга кирмасдан туриб ҳам дудбурон ва шамоллатиш каналларида тозалаш ишлари ҳамда газ жиҳозлари ва иситиш мосламалари техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки далолатномаларни расмийлаштириш ҳолатлари кўпайгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ис газидан заҳарланиш оқибатларини ҳисобга олишнинг аниқ тизими ҳалигача яратилмаган, турли тузилмалар томонидан бахтсиз ҳодисалар ҳисобини юритишда жиддий тафовутлар мавжуд”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ис газидан заҳарланишга олиб келаётган омиллар негизида қўлбола газ печлардан ва иситиш учун мўлжалланмаган ностандарт мосламалардан фойдаланиш, дудбуронларнинг носоз ҳолатда бўлганлиги ҳамда дудбурон ва шамоллатиш каналларининг йўқлиги сабаб бўлмоқда.
Йиғилишда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинган.
Мавзуга оид
16:36 / 20.12.2024
Қаршида бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланган — экспертиза
16:25 / 20.12.2024
Чорвоқда бир оиланинг уч аъзоси газдан заҳарланиб вафот этди
17:32 / 19.12.2024
Қаршидаги фожианинг газ ёки ис гази билан боғлиқлиги эҳтимолдан йироқ — “Ҳудудгазтаъминот”
12:07 / 19.12.2024