«Ҳизбуллоҳ» етакчиси Исроил ва ҲАМАС уруши бошланганидан буён илк бор чиқиш қилди
Ҳасан Насруллоҳ ҲАМАС Исроилга ҳужумни олдиндан ҳеч ким билан келишмаганини айтди. У «иккинчи фронт» очилишини эълон қилиши тахмин қилинганди, аммо у «иккинчи фронт» аллақачон очилганини айтди.
Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳ баёнот билан чиқиш қилди — бу унинг Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланган 7 октябрдан буён илк баёноти бўлди. У «ҲАМАСдаги биродарлар»нинг ҳаракатларини олқишлади, шу билан бирга гуруҳ Исроилга ҳужум қилишдан олдин ўз режаларини «Ҳизбуллоҳ» билан бўлишмагани ва бу «100 фоизга фаластинларнинг ўзининг операцияси» бўлганини таъкидлади.
Айрим таҳлилчилар Насруллоҳ ўзининг олдиндан шов-шув билан анонс қилинган чиқишида Ливан ҳудудидан туриб Исроилга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақида эълон қилишини кутганди, аммо у бундай қилмади. У «Ҳизбуллоҳ» ҲАМАСнинг Исроилга қарши урушига 8 октябр куни, уруш бошланган куннинг эртасигаёқ қўшилганини айтди.
Ҳасан Насруллоҳ яна нималар деди?
Ливандаги радикал гуруҳ раҳбари ҲАМАСни мақтаган ва Ғазодаги уруш учун масъулиятни АҚШ зиммасига юклаб, Исроилни «шунчаки қатл қуроли» деб атаган.
Қўшма Штатлар «ўт очишни ва тажовузни тўхтатиш»га қаршилик кўрсатмоқда, дея қўшимча қилган Насруллоҳ.
«Ушбу шонли, кенг кўламли амалиёт хавфсизлик, ҳарбий ишлар, сиёсат, дипломатия ва ҳатто психологик жиҳатдан зилзила келтириб чиқарди, - деган Ҳасан Насруллоҳ. - У чуқур стратегик оқибатларга эга бўлади».
«Ҳизбуллоҳ» етакчиси «Ғазо секторидаги шаҳидларнинг оилалари»га ҳамдардлик билдирган ва Яман ва Ироқдаги ҲАМАСнинг Исроилга қарши урушига қўшилганини эълон қилган гуруҳларнинг ҳаракатларини олқишлаган.
Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ» жангни 8 октябр куни, ҲАМАС кутилмаганда Исроилга ҳужум қилганининг эртасига бошлаганини билдирган.
У Ливан чегараси бўйлаб исроиллик кучлар билан ҳар кунги отишмаларни «1948 йилдан буён мисли кўрилмаган» деб атаган.
«Чегарада бўлаётган воқеалар камтарона кўриниши мумкин, аммо у жуда муҳим аҳамиятга эга.
Биз ҳар куни исроиллик аскарлар, танклар ва дронларга ҳужум қилмоқдамиз. Биз ҳақиқий жангларга қўшилганмиз. Шаҳидларимиз ҳам — 57 нафар — буни тасдиқлайди, — деган Насруллоҳ. — Бизнинг чегарадаги амалиётимиз Исроил армиясини Ғазо ва Ғарбий соҳилдан кучлар ва қуролларни Ливан фронтига ташлашга мажбур қилади».
У шунингдек нефт экспорт қилувчи араб мамлакатларини Исроилга маҳсулот етказиб беришни тўхтатишга чақирган.
«Қоралаш тўғрисидаги баёнотлар етарли эмас, душман тузилмаси билан муносабатларни узиш ва ушбу тузилмага нефт ва бошқа маҳсулотлар етказиб беришни тўхтатиш керак.
Ғазонинг Исроилга қарши урушдаги ғалабаси Эрон ёки „Мусулмон биродарлар“нинг ғалабаси бўлмайди. Бу биринчи навбатда фаластинликлар учун, шунингдек, Миср, Иордания, Сурия ва Ливан учун ҳам ватанпарварлик ғалабаси бўлади», — деган Насруллоҳ ҲАМАСни қўллаб-қувватлаш араб давлатларининг «бурчи» эканини таъкидлаб.
«Ҳизбуллоҳ» – Ливандаги йирик сиёсий ҳарбий куч ҳисобланади. АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари уни террорчилик ташкилоти сифатида тан олган.
Айни вақтда «Ҳизбуллоҳ» жангарилари Ливан-Исроил чегарасидаги исроиллик ҳарбийларга ҳужумлар уюштирмоқда ва Исроил ҳудудини ўққа тутмоқда. ЦАҲАЛ ҳам бунга жавобан гуруҳ позициялари бўйлаб авиазарбалар йўллади. Исроил мудофаа армияси Ливан билан чегарадаги қўшинлар сонини кўпайтирган.
Тўқнашувлар шиддатли тус олиб бораётганди, аммо шу кунга қадар «Ҳизбуллоҳ» расман ҲАМАС томонида туриб Исроилга қарши урушга қўшилди, деб ҳисобланмасди. Барчаси Ҳасан Насруллоҳнинг анча вақтдан буён кутилган чиқишидан кейин ўзгариши мумкин эди, аммо Ливандаги гуруҳ можародаги иштироки даражасини оширишга тайёр эмаслиги ойдинлашди.
Тутқич бермас Насруллоҳ
Ҳасан Насруллоҳнинг жойлашуви ўта махфий тутилади. Исроил махсус хизматлари мавжуд имкониятларига қарамай уни кузата олмайди.
Ливандаги шиа экстремистик гуруҳи етакчисининг жума кунги мурожаати олдиндан ёзиб олинганди ва мамлакат телевидениесидаги барча каналлар орқали намойиш этилди.
«Ҳизбуллоҳ» ўзига хос бўлмаган тарзда Насруллоҳ иштирокидаги бир неча драматик роликларни намойиш қилиш билан бирга эфирдан бир неча кун олдин унинг чиқиши ҳақида анонс берди.
Экспертлар тахмин қилишича, шу тариқа гуруҳ Исроил билан тўғридан тўғри тўқнашув бошланиши мумкинлигидан хавотирга тушаётган ливанликларни тинчлантиришни мақсад қилган.
Айрми сўровларга кўра, аҳолининг катта қисми «Ҳизбуллоҳ» тўлиқ иқтисодий таназзул чоғида ҳукмрон сиёсий ва ҳарбий куч сифатида намоён бўлишидан норози ва гуруҳ Ливанни навбатдаги можарога тортишини истамайди.
Ҳасан Насруллоҳ нозик чизиқ бўйлаб ҳаракатланиши талаб этилади: бир томондан ҲАМАСга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва бошқа томондан мамлакат ичида қарама-қаршиликларга йўл қўймаслик.
Мавзуга оид
12:00 / 11.11.2024
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
17:46 / 10.11.2024
Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачиликни тўхтатди
10:45 / 09.11.2024
Ливан: Исроилнинг UNIFIL ва Ливан армияси ҳарбийларига ҳужумлари уруш жиноятлари ҳисобланади
15:10 / 05.11.2024