Ўзбекистон | 22:51 / 03.11.2023
13810
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Ғарбдаги янги стратегик шериги – Макроннинг ташрифи нима учун муҳим?

“1994 йил Франсуа Миттерандан кейин бирон бир Франция президенти Ўзбекистонга келмаган эди, биз буни албатта тўғрилаймиз”. Эммануэл Макроннинг Самарқандда айтган бу сўзлари ва икки давлат стратегик шерик бўлишга келишиб олгани – Тошкент ва Париж муносабатлари янги босқичга кўтарилишидан дарак беряпти.

Kun.uz мухбири Макроннинг ташрифи юзасидан Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг етакчи илмий ходими Фазлиддин Жамолов билан суҳбатлашди.

— Дастлаб, Ўзбекистон ва Франция алоқалари тарихига тўхталиб ўтсак.

— Бугун Ўзбекистон ва Франция муносабатлари жадал ривожланяпти. Шу пайтгача бўлган муносабатлар бир нечта босқичдан иборат бўлган. Биринчи босқич – 1992 йилдан 2016 йилгача, иккинчиси – 2016 йилдан бугунгача бўлган давр.

Биринчи президентимиз Ислом Каримов 1993 ва 1996 йилларда Францияга ташриф буюрган эди. Дипломатик алоқалар 1992 йил март ойида ўрнатилган, ўша йилнинг январ ойида Франция Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. Ўша пайтдаги Франция президенти Франсуа Миттеран 1994 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлса, 1995 йилда Францияда Ўзбекистон элчихонаси очилган. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Франция давлат арбоблари Флоренциядаги Европа давлатлари саммитида, 2002 йили НАТО саммитида учрашишган. 2013 ва 2017 йилларда ташқи ишлар вазирлари доирасида учрашувлар бўлди. Олий даражадаги ташрифлар кам эди. Мана, орадан 29 йил ўтибгина, Франция президенти яна Ўзбекистонга келди.

Ташриф учун Самарқанд танланиши бежизга эмас. Самарқанд – ЮНЕСКО доирасидаги обрўли шаҳар, бу ташкилотнинг қароргоҳи Парижда жойлашган. Иккинчи сабаб эса маданий-гуманитар алоқалар ривожланганидан. Ўтган йили президентимизнинг Францияга ташрифи ҳам Луврдан бошланган эди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018, 2022 йилларда Францияга ташриф буюрган. Президентимиз ЕИ давлатлари ичида биринчи бўлиб Францияга борган эди. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ташқи сиёсатида катта ўзгаришлар бўлгани барчамизга маълум.

— Франция ва Ўзбекистон бир-бири учун қанчалик муҳим ва манфаатлари нимада?

— Ўтган йили Ғарбий Африкада Франция билан ҳамкорликка қарши норозиликлар бўлиб ўтган эди. Шунинг учун ҳам Франция Марказий Осиёдан Ўзбекистонга қизиқиш билдиряпти. Қозоғистон ва Нигер – Францияга уран етказиб берувчи асосий давлатлардир. Эммануэл Макроннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифининг асосий сабабларидан бири – уран. Қозоғистонда уран захираси қарийб 22 млн тонна, бизда эса 3,2 млн тоннага яқин.

— Икки давлат ўртасида стратегик шериклик шартномаси имзоланди. Шунга кенгроқ тўхталсак. Бу стратегик шериклик нима беради икки томонга?

— Бу стратегик шериклик муносабатларининг янги босқичга кўтарилганини билдиради. Юқорида муносабатларни 2 босқичга ажратгандик. Бу учинчи босқич бўлиб, у бошланди. Франция – Ўзбекистон учун бой тарихий-маданий мерос, ижтимоий-сиёсий анъаналар, инновациялар мамлакати ҳисобланади. Франция ЕИ интеграцияси асосчиларидан.

Ўзбекистон ҳозир жаҳон бозорига чиқишни бошлаган. ЕИ давлатларига экспортни оширишда Франциянинг кўмаги бор. Франция Ўзбекистоннинг ЖСТга бўлган интилишини ҳам қўллайди. Буни Франция ҳукумати таъкидлаб ўтган. Макрон ташриф давомида ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш борасида ҳам тўхталиб ўтди.

Макронга ташриф давомида 60 дан ортиқ бизнес вакиллари делегацияси ҳам ҳамроҳлик қилган. Бу француз ишбилармон доираларида Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш борлигини кўрсатади. Франция, умуман, Европа давлатлари ишончли инвестицион муҳит бўлиши кераклигини айтади. Демак, Ўзбекистонда шундай муҳит кўришяпти. Бу нарса олий даражали учрашувда янги босқичга кўтариляпти ҳам.

Президентимиз ташаббуси билан Эммануэл Макроннинг 2 та китоби ўзбек тилига таржима қилинган. Бу ҳам маданий-гуманитар алоқалар яхшиланишидан далолат. Тадрижий давоми бор бунинг.

Геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, стратегик шериклик Франция учун катта рол ўйнайди. Франция Тараққиёт агентлигининг Марказий Осиёдаги штаб квартираси айнан Ўзбекистонда очиляпти. Россия ва Хитой факторларини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳамкорлик учун муҳим қадамлар ташланяпти.

— Ташриф доирасида қандай шартномалар имзоланди ва уларнинг аҳамияти қай даражада?

— 8 та ҳужжат имзоланди. Биринчи ҳужжат – Самарқандда Француз алянси мактаби очилиши ҳақида. Бу нарса ҳам маданий-гуманитар алоқалар кучайишини кўрсатади. Иккинчиси – Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённома. Франциянинг йирик компаниялар ҳамкорлигида Тошкентдаги сув инфратузилмасини яхшилаб, Янги Тошкентни қуришда уларнинг иштироки кўзда тутиляпти. Ташқи ишлар вазирликлари томонидан дипломатик кадрлар тайёрлаш бўйича декларация ҳам қабул қилинди. Дипломатия соҳасида яхши бурилиш бу, ўзи француз тили дипломатия тили ҳисобланади дунёда. Вазирлик доирасида бундай ҳамкорлик кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқади. Булардан ташқари ҳам манфаатли шартномалар имзоланди.

2022 йилдаги Шавкат Мирзиёев ташрифи доирасида умумий 6 млрд долларлик лойиҳалар имзоланган бўлса, Эммануэл Макрон ташрифида 10 млрд долларга яқин шартномалар имзоланди. Эммануэл Макрон ва француз бизнес вакиллари Ўзбекистон ва Франция ўртасида савдо палатасини ташкил этиш таклифи берилди. Бу нарса бизнинг иқтисодий манфаатлар учун яхши платформа бўлади. Бу савдо палатаси ЕИ билан савдо алоқаларни ҳам янги босқичга олиб чиқади.

Булардан ташқари, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари ўртасида чартер рейслар қўйилиши; ақлли қишлоқ лойиҳалари ҳам бор. ЕИдан Ўзбекистонга келувчи сайёҳларнинг кўп қисми Францияга тўғри келади. Шунинг учун ҳам бундай лойиҳалар аҳамиятли ва манфаатли.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид