Жаҳон | 23:21 / 03.11.2023
7531
2 дақиқада ўқилади

Пекинда ядро арсеналини чеклаш бўйича Хитой-АҚШ музокаралари ўтказилади 

Унда қурол-яроғ назорати бўйича халқаро шартномалар қандай бажарилаётгани масаласи муҳокама этилади. 

Фото: AP

Хитой ва АҚШ ядровий арсеналларни чеклаш бўйича Пекинда музокара ўтказади. Бу ҳақда Хитой ТИВ баёнотига таяниб Reuters хабар берди. Бундай музокаралар узоқ вақтдан бери ўтказилмаган эди. 

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэнбин сўзларига кўра, музокаралар кенг кўламли мавзуларни, жумладан, қурол-яроғ назорати бўйича халқаро шартномаларнинг қандай амал қилаётгани масаласини ўз ичига олади. 

Бир неча кун аввал Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Йи Қўшма Штатларга расмий ташриф билан борган ва Америка расмийлари, шунингдек, президент Жозеф Байден билан учрашувлар ўтказган эди. 

Аввалроқ The Wall Street Journal ядро арсеналини чеклаш бўйича музокара ўтказилиши имконияти ҳақида ёзган ва Вашингтон бунда Россия Федерацияси, Хитой ва АҚШ ўртасида қуролланиш пойгаси бошланишига йўл қўймаслик имкониятини кўраётганини таъкидлаган эди. 

Музокараларда Хитой делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги қурол назорати департаменти раҳбари Сун Сяобо бошчилик қилади. Америка томонида делегация раҳбари сифатида Давлат департаменти раҳбарининг қурол назорати бўйича ёрдамчиси Маллори Стюарт ишлайди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид