Жаҳон | 21:22 / 07.11.2023
8050
2 дақиқада ўқилади

Германия барча қочқинларга, жумладан украиналикларга ҳам тўловларни қисқартиради 

Расмийлар мигрантлар учун Германия ижтимоий ҳимоя тизими жозибадорлигини пасайтирмоқчи. 

Фото: Henning Kaiser/dpa/picture alliance

Германия ҳукумати узоқ давом этган тортишувлардан сўнг, қочқинларни жойлаштириш ва сақлаш харажатларини тақсимлашнинг янги тартибини келишиб олди. Унга кўра, қочқинларнинг учун имтиёзлар камаяди. Бу ҳақда DW хабар берди. 

Қайд қилинишича, бошпана изловчилар Германияда 36 ой яшаганидан кейин имтиёзларга эга бўлади. Аввал бу муддат 18 ойга тенг эди. Шу билан бирга, оиласиз қочқинлар учун бериладиган нафақа миқдори ойига 92 еврога туширилади, бепул тиббий хизматлар ҳажми ҳам қисқаради. 

Алоҳида тоифадаги украиналик қочқинлар ва Германия ҳимояси остидаги бошқа мигрантлар агар 36 ойдан кейин ҳам маҳаллий ҳокимият томонидан тақдим этилган ётоқхоналарда яшаса, озиқ-овқат учун пулни фақат «керакли миқдорда» олади. 

Умуман олганда, федерал ҳукумат ҳар бир қочқинни қўллаб-қувватлаш учун йилига 7500 евро сарфлашни режалаштирмоқда. Гап ётоқхоналар, озиқ-овқат ва қочқинларни қабул қилиш ва жойлаштириш билан боғлиқ бошқа харажатлар ҳақида кетмоқда. 

Германия молия вазири Кристиан Линднер сўзларига кўра, бу қисқартиришлар нафақат федерал ва маҳаллий ҳокимиятлар учун маблағни тежайди, балки мигрантлар учун «Германиянинг ижтимоий давлат сифатидаги жозибасини пасайтиради».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид