Россия ҳарбийлари Гуржистон фуқаросини отиб ўлдирди
Гуржистон бош вазири Гарибашвили халқаро ҳамжамиятни «даҳшатли воқеа»га реакция билдиришга чақирди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, яна бир Гуржистон фуқароси яраланган ва у Цхинвали тергов изоляторида бўлиши мумкин.
6 ноябрь, душанба куни россиялик ҳарбийлар Гуржистонда маҳаллий аҳолига қарата ўқ узди. Ҳодиса Гори муниципалитетига қарашли Кирбали қишлоғи яқинида, Тбилисидан бир ярим соатча масофада, Гуржистон ва ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетияни ажратувчи чизиқ яқинида содир бўлган. Оқибатда бир Гуржистон фуқароси ҳалок бўлди, деб хабар берди Гуржистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Гуржистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, ҳодиса «маҳаллий фуқарони ноқонуний ҳибсга олишга уриниш пайтида» содир бўлган, «бошқа шахс эса ноқонуний қўлга олинган». Разведка хизматининг Facebook-саҳифасида эълон қилинган баёнотда таъкидланганидек, «марказий ҳукуматда мавжуд бўлган барча воситалардан фойдаланган ҳолда фаол мулоқот олиб борилмоқда».
ОАВ маълумотларига кўра, марҳум - 58 ёшли Тамаз Гинтури, қўлга олинган шахс - 35 ёшли Леван Додиашвили, у яраланган бўлиши ва ҳозирда ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетия пойтахти Цхинвалидаги тергов изоляторида сақланаётган бўлиши мумкин. Гуржистоннинг «Новости - Грузия» интернет нашри ОАВ хабарларига таяниб, яна икки маҳаллий аҳоли бедарак йўқолганини ёзмоқда.
Гуржистон расмийлари баёноти
Гуржистон бош вазири Ираклий Гарибашвили воқеани «даҳшатли ҳодиса» деб атади ва марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Биз халқаро ҳамжамиятни ҳодисага баҳо беришга ва унга реакция билдиришга чақирамиз», — деди Гуржистон ҳукумати раҳбари.
Ўз навбатида, Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили халқаро ҳамжамиятни «Россиянинг барча халқаро меъёрларни очиқдан-очиқ ва уятсиз бузаётган ҳаракатларини сўзсиз қоралашга» чақирди. «Гуржистон давлатчилигига очиқдан-очиқ тажовуз «бир эътиқодли биродар»нинг асл моҳиятини яна бир бор очиб беради», деб ёзди Зурабишвили Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Маҳаллий аҳоли ёпиб қўйилган черковга яширинча киришга ҳаракат қилган бўлиши мумкин
Россия ҳарбийларининг ўт очишига сабаб маҳаллий аҳолининг Гуржистон ва ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетия ўртасидаги ажратувчи чизиққа яқинлашиши ёки уни кесиб ўтиши бўлган бўлиши мумкин. «Новости-Грузия» Гуржистоннинг «Куч бирликда» ҳаракати етакчиси Давида Кацаравага таяниб ёзишича, воқеа Кирбали қишлоғи яқинида жойлашган Ломиса черковида содир бўлган. Ушбу маълумотларга кўра, рус ҳарбийлари бинога яқинлашишни тақиқлаб қўйган ва уни ёпиб ташлаган, аммо маҳаллий аҳоли баъзан у ерга ибодат қилиш учун борган.
Россия-Гуржистон можароси
2008 йил 8 августга ўтар кечаси Гуржистон ҳарбийлари Цхинвалига кирган, аммо кейинги бир неча кун ичида деярли Тбилисигача етиб борган рус армияси уни у ердан чиқариб юборди. Беш кунлик жанглар натижасида рус қўшинлари Тбилиси назорати остида бўлмаган Жанубий Осетия ҳудудидан Гуржистон армияси тузилмаларини сиқиб чиқарди. 2008 йил 25 августда Кремл ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетия ва Абхазия республикаларининг давлат мустақиллигини тан олганини эълон қилди. Гуржистон бу ҳудудларни Россия томонидан босиб олинган деб билади.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 2023 йил 7 август куни Брюссел «Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетияда ҳарбий иштирокини давом эттираётганини халқаро ҳуқуқ ва Россия ўз зиммасига олган мажбуриятларни бузган деб ҳисоблаб, буни қоралайди», деди.