Уруш даврида Украинанинг энг машҳур одамларидан бирига айланган Олексий Арестович 2024 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини қўймоқчи. У 2023 йил январ ойида Украина президенти Володимир Зеленский маъмуриятини тарк этганди. Унинг истеъфоси Днипрода Россия ракетаси Украина томонидан уриб туширилгани сабаб турар жой биносига қулагани ҳақида расмий позицияга зид баёнот бергани ортидан содир бўлганди.

Уруш бошида Зеленскийни алқаган Арестович охирги вақтларда уни ва атрофидагиларни кескин танқид қилмоқда. Хусусан, унинг позицияси Украинада россияпарастларга хос деб қаралмоқда. Уруш бошида Украина ғалаба қозонишига ишонишини айтган сиёсатчи энди Россия билан тинчлик музокарасига бориш кераклиги ҳақида гапирмоқда. «Медуза» махсус мухбири Елизавета Антонова Олексий Арестович билан гаплашиб, унинг режалари ҳақида гаплашди.

– Сиз президентлик сайловларида иштирок этмоқчи эканингизни айтдингиз. Сайлов Россия босқинига қадар режалаштирилгани каби 2024 йил март ойида ўтказилишига қанчалик ишонасиз?

– Бу кўп нарсага боғлиқ. Аниғи шуки, 31 март куни Володимир Зеленскийнинг президентлик муддати тугайди ва сайлов ўтказилиши керак. Сайлов қачон бўлса ҳам ўтказилиши аниқ. Менимча, кўпчилик ўйлагани каби кечроқ эмас, вақтлироқ ўтса керак.

– Нега?

– Вазият шуни талаб қилади. Украина жамияти октябрда ваколат муддати тугаган парламент сайловини кўчиришни қабул қилиши мумкин, лекин президентлик муддатининг чўзилиб кетиши рамзий маънога эга ҳолат. Президентлик муддати чўзилиб кетиши украин жамиятида ҳукуматга ёпишиб олиш деб қабул қилинади. Энди бунинг устига, юмшоқ қилиб айтганда, фронтда муваффақият йўқлиги ва олдинда бизни кутаётган оғир қишни қўшайлик. Менимча, 31 мартдан кейинги ҳукуматнинг ҳар қандай хатоси бўрттирилган ҳолатда кўринаверади.

Бундан ташқари, 2024 йил ўзига хос йил ҳисобланади. Мартда Россияда, ноябрда АҚШда президентлик сайловлари ўтказилади. Европарламентда ҳам сайлов бўлишини унутмаслик керак, бу Европа Иттифоқидаги энг муҳим органлардан бири. Шу тариқа, бизнинг барча дўст ва душманларимиз 2024 йилда легитимлашиб олади. Агар бизда сайлов ўтказилмаса, Украина легитимлашмай қолади.

Оқибатда Украинада легитимлик инқирози бошланиб, мамлакатга кўрсатилаётган ёрдамга таъсир қилади. Бу эса биз хоҳлаётган нарса эмас. Одамлар урушдан чарчагани, Украинанинг ғалабага умид берадиган аниқ муваффақиятлари йўқлиги ва легитимлик инқирози сайлов ҳар қанақасига ўтказилиши кераклигига олиб келади