Ўзбекистон | 20:13 / 09.11.2023
21409
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир ойда 36 марта тезликни оширган ҳайдовчининг машинаси олиб қўйилди

У 15 млн сўмдан ортиқ жаримани тўламагач, жазо чораси мулкига қаратилди.

Тошкент шаҳрида 1 ой давомида 36 марта тезлик меъёридан ошириб, радарга тушган ҳайдовчининг машинаси олиб қўйилди.

Қайд қилинишича, Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани бўлимига ЙҲХБ қарорларига асосан ҳайдовчидан 15,5 млн сўм жаримани ундириш ҳақида хабарнома тушган. Унда ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-3-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни 36 маротаба содир этгани, яъни тезликни меъёридан оширгани қайд этилган. 

Аммо бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан, фуқаро қарздорликни тўлашдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга тегишли Lacetti русумли транспорт воситаси давлат ижрочиси томонидан хатланиб, реализация қилиш ишлари бошланган. 

Бошқа ҳолатда эса, тезликни меъёридан 35 марта оширган фуқарога нисбатан 11 млн сўм маъмурий жарима ундириш ҳақида қарор чиқарилган. Аммо бу фуқаро ҳам қарзини тўлашдан бўйин товлаган. Шундан сўнг, давлат ижрочиси унинг Spark русумли транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштиргач, фуқаро қарзини тўлиқ тўлаган.

Мавзуга оид