«Ваҳима ва таслимчилик»: Залужний атрофида нималар бўлмоқда?
Авваллари бундай воқеа жиддий можаро сифатида ҳам кўрилмаган бўларди, аммо энди бу Украина сиёсатини ларзага келтирмоқда.
7 ноябр куни Рада депутати, «порошенкочи» Володимир Ариев фейсбукдаги саҳифасида ўзидаги маълумотларга кўра мудофаа вазири Рустем Умеров парламентга Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни истеъфога чиқариш бўйича тақдимнома киритгани ҳақида хабар тарқатди. Ижтимоий тармоқларда ваҳима ва «зрада» тарқалди – украинларнинг сиёсий жаргонида хоинлик муваффақиятсизлиги шундай аталади.
BBC’нинг Киевдаги мухбири Святослав Хоменко Украина ҚК бош қўмондони атрофидаги воқеаларни таҳлил қилди.
Генерал Залужний – украинларнинг бугуннинг ўзида ёзилаётган ҳарбий достонининг жуда машҳур қаҳрамонидир. Унинг истеъфоси – кенг омма томонидан қабул қилинадиган ва қўллаб-қувватланадиган қадам эмаслиги аниқ.
Ариев бир соат ўтмасдан ўз постини ўчириб ташлади: Залужнийнинг истеъфоси тўғрисидаги маълумот тасдиқланмаганини айтди.
«Зрада» бекорми? Йўқ. Бу комик вазият бўлиб кўринади – ким қандай қилмасин, Ариев эса собиқ журналист сифатида ўз манбасига синчковроқ ёндашиши мумкин эди, лекин бунинг ўрнига яна бир бор жамоатчилик эътиборини Украина қуролли кучлари бош қўмондони атрофидаги вазиятга қаратди.
Сездирмай ҳасад қилиш
Барчасини ўз номи билан атаган маъқул. Президентнинг атрофидагилар, балки Володимир Зеленскийнинг ўзи ҳам ҳамиша Валерий Залужнийга нисбатан маълум даражада ҳасад ҳис қилишган.
У – халқ томонидан қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича Зеленский билан рақобатлаша оладиган ягона украиналикдир ва бу, сайлов истиқболлари бўйича муҳим энг муҳим жиҳат. Ҳа, Украинада ҳозирча сайловлар режалаштирилмаяпти, лекин қачондир барибир бўлади .
Аммо ҳозирга қадар бу ҳасад зимдан эди. Залужний ҳозирги ҳарбий кампания бўйича шокка туширувчи баҳоларини билдирган мақоласидан кейин Украина президенти офиси томонидан назорат қилинадиган телеграм-каналлар ва президент пулидаги сиёсатчилар хори қарши қўйилди.
Залужнийни таслимчилик, ғалабали якунга қадар курашишни истамаслик (яъни Украина қуролли кучлари мамлакатнинг 1991 йилги чегараларигача чиқиши)да айблашди. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш ниятида экани ва ҳатто яқин ёрдамчиларидан бирининг фожиали ўлими ҳам Залужнийга қарши қўйилмоқда.
Буларнинг бари халқнинг суюклиларидан бири, Украина қуролли кучларининг Россия армиясига қаҳрамонларча қаршилик ҳаракати рамзларидан бири, «атаман Залужний» истеъфога чиқарилишига жамоатчиликни тайёрлашаётгандек кўринади.
Агар вазият кенгроқ контекстда кўриб чиқилса, Залужнийни ҳозирнинг ўзида истеъфога чиқариш Володимир Зеленский учун энг тўғри қарор бўлиб кўринмайди.
Time журналидаги шов-шувли мақоладан кейин (унда бошқа нарсалар қатори, энг яқин сафдошлари ҳам президентга фронтдаги вазият ҳақида аччиқ ҳақиқатни айтишга журъат қила олмаслиги ҳақида сўз боради), ғарблик ҳамкорларнинг коррупцияга қарши курашни фаоллаштиришга чақириқлари, яқин келажакда ғарбдан ёрдам олиш қийинлашиши мумкинлиги фонида Зеленскийнинг акциялари мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, бироз қадрсизланди.
Бундай вазиятда Украина ҚК бош қўмондонини истеъфога чиқариш украинларнинг «Омбор ёнса – кулба ҳам ёнади» деган мақолига иллюстрация бўлиб қолади.
Сиёсатчи ва ҳарбий
Бошқа томондан, келинг барчасига яна реал қарайлик. Володимир Зеленский украинларнинг ҳужум салоҳияти ҳали тугамаган ва Украина ҚК 1991 йилги чегараларга чиқмагунича жанг қилишда давом этиши керак, деб туриб олган.
Валерий Залужний уруш позицион босқичга ўтаётгани ва украинлар энди стратегик мудофаа ҳақида қайғуриши лозимлигини айтмоқда.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мамлакатнинг сиёсий ва ҳарбий етакчилари жанг майдонидаги мавжуд вазият ва унинг яқин келажакдаги ривожи бўйича турлича тасаввурларга эга. Ва агар улардан бири капитан кўпригини тарк этиши керак бўлиб қолса, қонунчиликка кўра, кимгадир бу ёқадими, йўқми, Зеленский Залужнийни истеъфога чиқариш ҳуқуқига эга, Залужний Зеленскийни эмас.
Расман шундай. Аммо катта урушнинг бир ярим йилида Украинада уникал модел шаклланди, аҳоли орасида катта машҳурлик ва қўлловга эришган шахслардан бири – президент Володимир Зеленский – турли халқаро майдонларда ўз мамлакати манфаатларини тарғиб қилиш билан шуғулланиб, унга цивилизия дунёси қўлловини таъминлаб, ғарблик ҳамкорларнинг ёрдамлари бўйича келишувларга эришган бўлса, бошқа шундай катта шахс – Валерий Залужний – жанг қилиш, босқинчиларни йўқ қилиш ва украин заминини озод этиш билан банд бўлди.
Ва улар бир-бирининг ишига аралашмади: Залужний сиёсат билан шуғулланмади, Зеленский ҳарбийларга қандай жанг қилиш кераклигини айтиб ақл ўргатмади.
Валерий Залужнийнинг фаразий истеъфоси – айниқса Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича қатъийлиги бироз бўшашгандек кўринаётган вазиятда – бу мувозанатнинг бузилиши бўлади.
Ҳа, бундай истеъфо қонунга мос келади. Аммо у жамоатчиликнинг ҳукуматдан кутилмаларига мос эмас. Ва жамоатчилик, айниқса, қўлга қурол олиб Украинанинг яшаб қолиш ҳуқуқини ҳимоя қилаётган қисми бундай қадамни индамай қабул қилиши факт эмас.
Мавзуга оид
14:00
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024