Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Украинага ёрдамни камайтиради, Европа эса таъминотни давом эттириши керак — Боррел
Европа Иттифоқи Россия устидан ғалаба тез бўлмаслигидан огоҳлантирмоқда.
Американинг Украинага ёрдами ҳажми камайиши мумкин, шу сабабли Европа Иттифоқи давлатлари келажакда Киевни қўллаб-қувватлашда давом этиши керак. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел Испаниянинг Малага шаҳрида сўзлаган нутқида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, бирлашган Европа кўплаб муаммо ва қийинчиликларга дуч келмоқда, улар орасида Украинани қўллаб-қувватлаш биринчи ўринда туради. Боррел сўзларига кўра, Украинанинг Россия устидан ғалаба қозониш истиқболи «тезкор эмас».
«Буни амалга ошириш учун зарур воситаларга эга бўлган биз, европаликлар, АҚШ томонидан ёрдамнинг камайиши эҳтимоли борлигини ҳисобга олиб, Украинага ёрдам беришда давом этишга тайёр бўлишимиз керак», деди дипломат.
Ҳозирги вақтда АҚШ Конгрессида Украина мудофаасини қўллаб-қувватлашнинг янги дастури етарли овоз тўплай олмаяпти. «Трампчилар» деб аталмиш республикачи депутатлар бунга мутлақо қарши ва уларнинг овозисиз дастурни қабул қилиб бўлмайди. Яқинда Конгресснинг юқори палатаси қуйи палатанинг Исроилга ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарорини блоклаб қўйди, чунки бу пакет Украинага ёрдамни ўз ичига олмас эди.
Оқ уй огоҳлантирганидек, яқин келажакда АҚШ томонидан Украинага ажратиладиган янги ҳарбий ёрдам пакетлари тобора камайиб боради, чунки бу мақсад учун илгари ажратилган маблағлар аллақачон тугамоқда.