11:58 / 11.11.2023
56117

Макрон Исроилни «аёллар ва болаларни ўлдиришни тўхтатиш»га чақирди

«Тинч аҳолига етказилган ҳар қандай зарар учун жавобгарлик Исроил эмас, ҲАМАС зиммасидадир», дейилади Бинямин Нетаняҳу идорасининг Макронга жавобан эълон қилган баёнотида.

Фото: BBC

Исроил Ғазода «аёллар ва болаларни ўлдиришни тўхтатиши» керак. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон 11 ноябр, шанба куни чоп этилган Британиянинг BBC медиа-компаниясига берган интервюсида айтиб ўтди.

Елисей саройида журналистлар билан суҳбатлашган Макроннинг сўзларига кўра, Ғазо секторини бомбардимон қилиш учун «ҳеч қандай асос» йўқ ва ўт очишни тўхтатиш Исроилга фойда келтиради. Франция Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олади, «лекин ундан бу бомбардимонларни тўхтатишни қатъий талаб қиламиз», деди Макрон ва «ҲАМАСнинг ҳаракатларини қоралашини» қўшимча қилиб ўтди. 

Ғазо секторига ёрдам бўйича конференция 

9 ноябр куни Парижда Ғазо секторидаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Эммануэл Макрон BBC’га берган интервюсида айтганидек, ушбу йиғилишда қатнашган барча ҳукуматлар ва ташкилотлар «аввал гуманитар сабабларга кўра жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, сўнг барча тинч аҳолини ҳимоя қиладиган ўт очишни бутунлай тўхтатиш режимига ўтишни эълон қилишдан бошқа ечим йўқ», деган хулосага келган.

«Де-факто, тинч аҳоли бомбардимон қилинмоқда - де-факто. Гўдаклар, аёллар, кексалар бомбардимон қилинмоқда ва ўлдирилмоқда. Бунинг учун ҳеч қандай сабаб ва қонунийлик йўқ. Шунинг учун биз Исроилни тўхташга чақирамиз», - дея маълум қилди Франция раҳбари. Шу билан бирга, Макрон Фаластин-Исроил можароси пайтида халқаро ҳуқуқ бузилгани ёки бузилмаганини баҳолаш унинг вазифаси эмаслигини таъкидлади. 

Нетаняҳунинг Макронга жавоби 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Макроннинг баёнотларига тезда жавоб қайтарди. «Тинч аҳолига етказилган ҳар қандай зарар учун жавобгарлик Исроилда эмас, ҲАМАС зиммасига юклатилади, — дейилади Исроил бош вазири офисининг X ижтимоий тармоғидаги баёнотида. - Чунки бу ташкилот юзлаб исроилликларни шафқатсизларча ўлдирди ва 200 дан ортиқ исроилликни гаровда ушлаб турибди». 

«Исроил тинч аҳолини сақлаб қолиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда ва уларни жанговар зоналарни тарк этишга чақирар экан, ҲАМАС улардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда ва хавфсизроқ ҳудудларга кетишига йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилмоқда», - дея таъкидланади Исроил бош вазири офиси баёнотида. 

Ҳужжатда: «Бугун ҲАМАСнинг Ғазода содир этган жиноятлари эртага Париж, Ню-Йорк ва бутун дунёда қораланади», дейилади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 800 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top