Англия: «Арсенал» «Тоттенҳэм»дан ўзиб кетди

«Вулверҳэмптон» — «Тоттенҳэм» 2:1
Голлар: Сарабия (90+1), Лемина (90+7) — Жонсон (3).
«Вулверҳэмптон» – Са, Семеду (Доэрти, 67), Доусон, Килмен, Гомеш, Аит-Нури (Дойл, 87), Лемина, Беллгард (Калайжич, 73), Гомес (Сарабия, 87), Ҳванг Ҳи Чан, Куня.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Дайер, Дэвис, Эмерсон, Ҳёйберг, Биссума (Ло Челсо, 76), Сарр (Бентанкур, 63), Кулусевски, Сон, Жонсон (Ҳил, 75).
Огоҳлантиришлар: Эмерсон (45), Биссума (45), Бентанкур (89), Доусон (90+5), Доэрти (90+6).

«Тоттенҳэм»нинг энг яхши дамлари ортда қолмоқда. Ўтган турда «Челси»га қарши 9 киши бўлиб якунланган ўйинда қайд этилган 1:4 ҳисоби жамоани синдириб қўйди. «Шпорлар» ўша ўйинда озчилик бўлиб қолишига қарамай ҳужум қилишда давом этган ва жавоб голи ҳам уришган (кичик офсайд туфайли бекор қилинди), лекин якунда сўнгги дақиқаларда қарши ҳужумлардан икки гол ўтказиб юборганди. Шу билан бирга, кўклар Ангелос Постекўғли жамоаси ҳимоясидаги сеҳрни бекор қилишди. «Вулверҳэмптон» билан ўйинда ҳам бу жамоа 90-дақиқагача нормал ўйнади, бир ойлик даволанишдан қайтган Жонсоннинг голи ғалаба келтириши муқаррардек кўринаётганди.

Аммо  шанба кунига қадар барча голлари Педру Нету ёки Ҳванг Ҳи Чҳанг иштирокида урилган «бўрилар»да янги қаҳрамон пайдо бўлди. Пабло Сарабия 87-дақиқада майдонга тушди ва ўзига берилган вақт ичида ҳам гол урди, ҳам икки ҳимоячи орасидан ўтказилган нозик узатма билан Леминнинг ғалаба голига ҳаммуаллифлик қилди. «Тоттенҳэм» «Арсенал»ни иккинчи ўринга ўтказиб юборди, якшанба кунги ўйинда «Ливерпул» муваффақиятга эришгудек бўлса, учинчи ўринни ҳам бой бериши мумкин.

«Арсенал» — «Бёрнли» 3:1
Голлар: Троссар (45+1), Салиба (57), Зинченко (74) — Браунҳилл (54). 
«Арсенал» – Райя, Томиясу, Габриэл, Салиба, Зинченко, Жоржинио, Райс, Ҳавертц (Виейра, 59), Троссар (Нкетиа, 81), Мартинелли (Кивиор, 90), Сака (Нелсон, 81).
«Бёрнли» – Траффорд, О`Ши, Байер, Тэйлор, Гудмундссон, Витинио (Одобер, 88), Браунҳилл (Обафеми, 85), Берге, Родригес, Амдуни (Рэмзи, 80), Колиошо (Бруун Ларсен, 80).
Огоҳлантириш: Гудмундссон (90+3).