Жаҳон | 18:55 / 01.10.2025
6585
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Туркманистонни мажбурий меҳнатни рағбатлантирувчи давлатлар рўйхатидан чиқарди

Ўзбекистон иккинчи даражали гуруҳда қолди. Яъни унда «одам савдоси»га қарши кураш меъёрларига тўлиқ риоя қилинмаяпти, аммо ҳукумат «вазиятни тўғрилаш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда».

Фото: turkmen.news

АҚШ Давлат департаменти Туркманистонни «одам савдоси»нинг ҳар қандай турларини, хусусан, мажбурий меҳнатни рағбатлантирувчи давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлади, деб хабар берди Centralasia.

Қўшма Штатларда одам савдосининг икки асосий шакли тан олинади: жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси ва мажбурий меҳнат.

Таҳлилчилар турли давлатлардаги вазиятни ўрганиб, уларни бир неча тоифаларга ажратади. Масалан, ҳукуматлари одам савдосига қарши кураш стандартларига риоя қиладиган мамлакатлар рўйхати бор; бошқаси - бундай салбий ҳодисаларни йўқ қилиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган давлатлар ва бошқалар.

Давлат департаменти қишлоқ ёки ўрмон хўжалигида мажбурий меҳнат, лагерларда жинсий қуллик ёки болаларни аскарликка ёллаш сиёсати ёки модели қўлланиладиган давлатлар рўйхатини алоҳида шакллантиради. 2024 йилги ҳисоботда Туркманистон ушбу тоифага киритилган эди.

Энди эса у алоҳида кузатув ўрнатилиши керак бўлган мамлакатлар рўйхатига ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, тегишли реестрга Марказий Осиёнинг яна бир мамлакати - Қирғизистон ҳам киритилган. Минтақанинг бошқа республикалари, жумладан, Ўзбекистон иккинчи даражали гуруҳга кирди. Яъни унда «одам савдоси»га қарши кураш меъёрларига тўлиқ риоя қилинмаяпти, аммо ҳукумат вазиятни тўғрилаш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

АҚШ расмийларига кўра, «энг ёмон» рўйхатдаги давлатлар сони сақланиб қолди - 13 та. Шу билан бирга, битта ўзгариш қайд этилди: Туркманистон Камбоджага алмаштирилди. Афғонистон, Беларус, Хитой, КХДР, Эрон, Россия, Эритрея, Судан, Жанубий Судан, Куба, Мянма ва «Башар Асад режими» белгиси билан кўрсатилган Сурияда вазият ўзгармади.

2025 йилги ҳисоботда Ўзбекистон давлат хизматчиларининг одам савдосига кўмаклашгани учун жавобгарлик кучайтирилган мамлакат сифатида алоҳида тилга олинади. Маърузачилар 2022 йилда республикада болалар уйи директори ва муассаса тарбияланувчиларини жинсий эксплуатация қилгани аниқланган икки амалдор қамоқ жазосига ҳукм этилганини эслатди. «Гарчи жиноятчиларга Жиноят кодексида кўзда тутилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинланган бўлса-да», деб қўшимча қилди АҚШ Давлат департаменти таҳлилчилари.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид