Ўзбекистон | 21:01 / 13.11.2023
6080
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижрочи котиби билан дарахт экди 

Танзила Норбоева «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Иброҳим Тиау билан учрашди. 

Фото: senat.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау билан учрашди. 

«Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанддаги «CRIC-21 яшил боғи»да дарахт экдик. Аҳамиятли тарафи шундаки, мазкур боғнинг номи тадбиримиз мавзуси билан ўзаро ҳамоҳангдир», деб ёзди у ижтимоий тармоқда. 

Қайд қилинишича, бундай саъй-ҳаракатлар келажак авлодга экологик жиҳатдан янада тоза ва обод мамлакат қолдиришда муҳим рол ўйнайди. 

Норбоеванинг таъкидлашича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси анъанага айланди. Ушбу лойиҳа бошланганидан бери ўтган 2 йилда уй-жой массивларида 1200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилган. 

«Мазкур ишлар биологик хилма-хилликни ошириш, туризмни рағбатлантириш, аҳоли саломатлиги ва ҳаво сифатини яхшилашга катта ҳисса қўшади. Дарахт экиш атроф-муҳит ва жамиятимизга киритилган энг оқилона сармоядир. Умид қиламизки, мана шундай сармояларимизнинг меваларидан халқимиз узоқ йиллар давомида баҳраманд бўлади», деди Норбоева.

Мавзуга оид