Жаҳон | 01:21 / 14.11.2023
10687
2 дақиқада ўқилади

АҚШ санкция остидаги Россия нефтининг экспорти бўйича катта терговни бошлади — ОАВ

Қўшма Штатлар Молия вазирлиги 100 та кема томонидан Россияга қарши нефт санкциялари бузилганини текширмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ Молия вазирлиги Ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, Россия нефтини ташишда гумон қилинаётган 100 га яқин танкерлар ҳақида маълумот олиш учун кема бошқарув компанияларига билдиришнома юборди. Бу ҳақда ҳужжатлар билан танишган манбага таяниб, Reuters хабар берди.

Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC; АҚШ Молия вазирлиги бўлими) 30 та давлатдаги компанияларга билдиришнома юборган. Бу иш Россиядан нефт экспортига нарх чегараси жорий қилинганидан бери энг жиддий тергов экани айтилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ Молия вазирлиги тергов бошлангани ҳақидаги маълумотни тасдиқлашдан бош тортган.

2022 йил декабр ойида G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва Австралия Россия нефтининг денгиз экспортига чекловлар жорий этди - бир баррел учун 60 долларгача. Бироқ, агентлик таъкидлаганидек, 2023 йилда нефт нархи ошиши туфайли, Россия энергия ресурслари санкциялар бузилган ҳолда лимитдан юқори нархда сотилган.

Ҳужжатларни ўрганган манбанинг айтишича, ҳозирда тергов қилинаётган Ғарб кемаларининг бир қисми Козмино портидан Россия нефтини ташишда иштирок этган, қолганлари эса Финляндия кўрфазидаги Приморск портида маҳсулот юклаган. Дастлабки маълумотларга кўра, бундай компаниялар орасида Туркияда жойлашган Beks Shipping ҳам бор.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид