Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бербок: Украинага ёрдам кенгайтирилади ва оширилади
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинани қўллаб-қувватлаш сезиларли даражада оширилишини эълон қилди. Аммо у қўшимча ҳеч қандай маълумот тақдим этмади.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок федерал ҳукуматнинг Украинага ёрдамни сезиларли даражада кенгайтириш режаларини тасдиқлади. «Ҳозирги инқироз дипломатияси Яқин Шарққа нисбатан қанчалик кучли бўлмасин, биз учун бу ерда геосиёсий муаммоларга қарши туриш ҳам муҳим», деди сиёсатчи 13 ноябр, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари йиғилишида. «Бизнинг қўллаб-қувватлашимиз, айниқса, келгуси йилда янада кенгаяди», дея қўшимча қилди у.
Бербок келгуси йил учун режалар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. Келгуси ҳафталар ва ойлар ҳақида гапирар экан, у Украинага яна бир Patriot ҳаво мудофаа тизими ва энергия генераторларини етказиб беришни ўз ичига олган «қишки мудофаа қалқони» ҳақида гапирди. Вазир фикрича, бу Россия ҳужумлари олдини олиши ва украиналикларнинг келаётган қишда музлаб қолмаслигига ёрдам бериши керак. Бербок, шунингдек, Россия президенти Путиннинг Яқин Шарқдаги можаро кучайиши муносабати билан ЕИ томонидан қўллаб-қувватлаш камайиши мумкинлиги бўйича умидларига ҳам изоҳ берди: «Дунёдаги драматик вазиятни ҳисобга олсак, у жуда эрта хурсанд бўлмоқда. Биз Украинани фақатгина қўллаб-қувватлашда давом этмаймиз, балки уни кенгайтирамиз ва кўпайтирамиз».
Bild: Германия ҳукумати ёрдамни икки баравар оширишни режалаштирмоқда
Bild am Sonntag газетасининг ёзишича, Германия коалиция ҳукумати 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун аввал эълон қилинган тўрт эмас, саккиз миллиард евро ажратишга рози бўлган. Мудофаа ва Молия вазирликлари вакиллари парламентнинг амалдаги тартиб-қоидаларига асосланиб, дам олиш кунлари оммавий ахборот воситаларидаги хабарларга изоҳ бермади. Бундестаг Бюджет қўмитаси пайшанба, 16 ноябр куни 2024 йил учун харажатларни муҳокама қилади, шундан сўнг бюджет ялпи мажлисда кўриб чиқилади.
Ноябр ойи бошида федерал ҳукумат аввалдан ваъда қилинган 25 та Leopard 1А5 танкини Украинага етказиб беришини эълон қилди. Бу партияга разведкачи дронлар ва радарлар ҳам киритилган. Россия Украинага кирганидан бери Германиядан Украинага кўрсатилган ёрдам, жумладан, гуманитар ёрдамнинг умумий миқдори қарийб 24 миллиард еврони ташкил қилди.