Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фронтдаги вазият: йил охиригача Украинадаги уруш давом этиш-этмаслиги маълум бўлиши керак
Украина ҚК Днипронинг сўл қирғоғида плацдармни кенгайтирмоқда ва Авдийивка остонасида қарши ҳужумга ўтди. Украина Россиянинг яна икки катерини чўктирди, бу эса уларга десант туширишни осонлаштириши мумкин.
Россия эса Украина томон йўл олган хорижий кемага ҳалокатли «огоҳлантирувчи ўқ узиш» амалга оширди. Россия ҳаво ҳужумларининг давомийлигини бир неча карра узайтирди. Россияда ишлаб чиқарилаётган Shahed дронлари Эронникидан айёрроқ чиқиб қолди. Украина номаълум турдаги дронлар билан Россиянинг ичкарисига ҳужум уюштиришга муваффақ бўлди. Европаликлар эса йил охирига бориб Украинада урушни давом эттиришдан маъни бор-йўқлигини аниқлаштириб олиш кераклигига шама қилишмоқда.
Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.
Украина ҚК Днипронинг сўл қирғоғида плацдармни кенгайтирмоқда
Фронтдаги вазият Днипро йўналишининг Кринки қишлоғи атрофидан бошқа ҳамма жойда барқарорлашди. УҚК ва РФ ҚКнинг аввалги «қайноқ» нуқталардаги алоҳида ҳужумлари муваффақият келтирмаган.
Кринки қишлоғи атрофида Украина ҚК илгарилаш намойиш этмоқда. Биринчидан, Россия манбаларига кўра, УҚК алоҳида зирҳли техникаларга эга бригадаларни сўл қирғоққа олиб ўта бошлаган, бу эса ҳудудда плацдарм жуда чуқурлашганидан, қўшимча ҳужум қувватини таъминловчи техникалардан фойдаланиш ва уларни беркитиш мумкинлигидан далолат беради.
Иккинчидан, УҚК қишлоқнинг марказида муваффақиятга эришиб, жануброқдаги дарахтзорларни эгаллаган ва у ерда янги таянч пунктлари барпо этган. Бу эса россияликларнинг келгусидаги қарши ҳужумларига қарши мустаҳкам ўрнашиб олиш имконини беради. Россия қўмондонлиги ўрта муддатли истиқболда сўл соҳилда қишда йирик операция ўтказиш имконини берувчи бундай плацдармлар пайдо бўлишига асло кўнмайди. Тўғри, тан олиш керак, УҚКнинг келгуси ҳаракатлари ҳозирча депсиниб қолди, Россия ҳарбийлари бу ерда пистирма қўйиб, бирваракайига 11 украин аскарини асирга олишган.
Асирлар ҳақида. Украина қўмондонлиги ҳафта ичида яна бир россиялик ҳарбий асирлар колонияси очилганини эълон қилди, чунки асирлар сони ошиб бормоқда, уларни жойлаштиришга эса жой йўқ – томонлар ўртасида асирлар алмашинуви тўхтаб қолган. Чиндан ҳам, аввал томонлар ҳар ойда мунтазам равишда ўнлаб, ҳаттоки юзлаб ҳарбий асирларни алмашиб туришган бўлса, уч ойдан буён бундай алмашинувлар амалга ошмаяпти. Бу жараён тўхтатилгани сабаблари ошкор этилмаяпти. Бу «ғалла битими» узилиб қолгани ва унинг ортидан рус-украин келишувларининг катта қисми тўхтаб қолгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
УҚК ўз навбатида Херсон областининг Ҳладковка қишлоғида русларнинг ўқ-дорилар ортилган бутун бир автожамланмаси (11 та юк машинаси) йўқ қилингани ҳақидаги видеотасвирларни эълон қилди. Бу Днипро дарёсининг сўл қирғоғидаги Ҳола Пристан аҳоли пунктидан 20 км берида, Қора денгиз соҳилидаги Скадовск томон йўлда рўй берган. Бу ерда Россия йўқотишларининг кўлами эмас, Украина дронлари Россия фронт чизиғи ортида шунчалик узоқ вақт туриб, артиллерияга ўт очиш учун нишон кўрсатаётгани қизиқ. Бу Россия радиоэлектрон кураш воситалари ҳар доим ҳам ўз вазифасини бажара олмаётганидан далолат бермоқда.
Днипро фронтидаги вазият россиялик уруш тарғиботчиларини ҳам ташвишга солмоқда. Улар қўмондон алмаштирилиши (Макаревич ўрнига Теплинский) ҳам Россия қўшинларининг бу йўналишдаги ресурс таъминоти ва тактикасини тубдан қайта кўриб чиқишга олиб келмаганини қайд этишди. Руслар қирғоқолди ҳудудида радиоэлектрон кураш билан таъминот, ҲҲМ ва ўт очиб чалғитиш борасида УҚКга барча жабҳаларда ютқазишмоқда. Уларнинг маълумотларига кўра, УҚК авиацияси фронтнинг айрим қисмларида Днипро дарёси устидан ҳам учиб ўтмоқда, бунақаси илгари бўлмаган ва бу ҳол юзага келишига сабаб Россия ҲҲМ тизимлари 300 километрга чўзилган фронтни тўлиқ қоплашга етмаяпти. РФ ҚК Кринкидаги украин позицияларига қарши «Солнцепёк» оғир ўт очиш тизимларини қўлламоқда, бироқ айни вазиятда УҚК бу қимматбаҳо ва камёб, ура олиш масофаси қисқа бўлган, шу сабабли фронт чизиғига яқин жойлаштирилган тизимларни аниқ нишонга олиши хавфи юқори.
Авдийивка остонасида Россия қўшинлари мудофаага ўтишди: УҚК кичикроқ муваффақиятлар билан қарши ҳужум қилмоқда. Гарчи РФ ҚК шимолда бироз силжишга эришган, муҳим темирйўл кўтармасини эгаллаб, Степове қишлоғи чегараларига яқинлашган бўлса ҳам. Украина пабликларида вайрон қилинган Авдийивка манзаралари тасвирлари кўпаймоқда ва бу билан шаҳар топширилишига шама қилинмоқда.
Украина Россия кемаларини чўктиришда давом этмоқда
УҚК (ва денгиз дронларини бошқараётган УХХ) сўнгги вақтларда ҳафтада бир марта Россия флотига ҳужум уюштириш мажбуриятини олишгандек. 10 ноябр куни Россия кемалари Қрим ғарбидаги Черноморское посёлкасидаги Узкая бандаргоҳида чўктирилди, шундан сўнг Черноморскоедаги казармага «Нептун» ракетаси билан зарба берилди, аммо у Россия ҲҲМ тизими томонидан уриб туширилган. Сўнгра бон тўсиқлари билан ҳам ҳимояланмаган бандаргоҳга тўртта денгиз дрони кириб борган.
Натижада 1176 лойиҳасидаги «Акула» ва 11770 лойиҳасидаги «серна» тезюрар десант катерлари устига ортилган зирҳли техникалар билан бирга чўктирилган. Бу катерлар РФ Мудофаа вазирлиги ва ФХХ томонидан Қора денгиз оролларидаги бўлинмаларни қўллаб-қувватлаш ва ташиш учун ишлатилган.
Бу катерлар йўқ қилиниши — Украина ҚКнинг Қрим ғарбий қирғоғидаги Россия ҳарбий объектлари ва ҲҲМ воситаларини йўқ қилиш бўйича ҳаракатининг давоми, бу украинларга ушбу ҳудудда, энг аввало Тархонкут бурнида десант тушириш имконини яратади. Бир вақтнинг ўзида Днипро делтасида Украина десант операцияси учун шарт-шароитлар етилиб бормоқда. Бу катерлар айнан мана шундай десантларга қарши курашиши керак эди.
РФ ҚК ўз навбатида 8 ноябр куни X-31 аксилрадиолокацион ракета билан Одессадан сал наридаги Южний портига темир рудаси юклаш учун Либерия байроғи остида кириб келаётган KMAX Ruler юк ташувчи фуқаролик кемасига ҳужум қилган. Филиппин фуқаролари бўлган кема экипажи яраланган, лоцман ҳалок бўлган. Украина инфратузилма вазири Олександр Кубраковнинг айтишича, бу Россиянинг «Ғалла битими»дан чиққанидан сўнг 21-мақсадли ҳужуми бўлган. Шу вақт ичида Россия ҳарбийлари Украинанинг порт инфратузилмасига тегишли 160 дан ортиқ объектни вайрон қилган.
Бу ерда муҳим жиҳати шундаки, бу — Украинага тегишли бўлмаган юк кемасига ғалла битими узилганидан сўнг мақсадли зарба берилган илк ҳолат. Буни Россия назорати остида бўлмаган, август ойидан бошлаб йўлга қўйилган соҳилолди йўлагидан фойдаланаётган қолган хорижий кемаларга ўзига хос огоҳлантириш сифатида қабул қилиш мумкин.
Россия ҳаво ҳужумлари ҳолдан тойдирувчи кўринишга эга бўлмоқда
Россия Украина ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмасига ракеталар ва зарбдор дронлар билан ҳужум қилишда давом этмоқда. 11 ноябрга ўтар кечаси сўнгги икки ой ичида илк марта Киев областига «Искандер» ракеталари билан зарба берилган. Украина маълумотларига кўра, баллистик траектория бўйича учган ракеталар уриб туширилган, Россия маълумотига кўра, ракета дивизиялардан бирининг ўқ-дори омборини аниқ нишонга олган. Воқеа жойидан олинган фотоларга назар солинса, зарбалардан талафот кўрган элита посёлкасидаги учта бино Россия версияси фойдасига далолат бераётганини кўриш мумкин.
Умуман олганда, Россия ракеталари ва дронларни тутиб олиш фоизи камайиб бормоқда. Украина ҳаво кучлари қўмондонлигининг матбуот учун берган расмий баёнотига кўра, 10 ноябрдан 11 ноябрга ўтар кечаси жанубий ва шарқий областларга қарата учирилган Россиянинг 31 та зарбдор дронларидан 19 таси уриб туширилган. Ўша куни тунда учирилган Х-31, П-800 «Оникс» ва С-300 ракеталари уриб туширилгани ҳақида маълумот эълон қилинмаган.
Украина нашрлари бу борада ўз ўқувчиларида бир-биридан нохуш янгиликларни билдиришда давом этмоқда. Россиянинг «ҳаво-ер» ракеталари ташувчиси бўлган МиГ-31К қирувчи самолётлари ҳавода ёнилғи қўйиш машқини ўтаб, парвоз вақтини икки баробарга узайтириб олган. Аввал ҳаво тревогаси ўртача 20 дақиқа давом этган бўлса, энди бу безовталик икки ярим соатгача чўзилмоқда.
Радиоэлектрон кураш соҳасидаги украиналик мутахассислар Россияда ишлаб чиқарилаётган «Геран» дронларининг Эроннинг Shahed дронларидан фарқи Хитойдан харид қилинган янги навигация тизимида эканини айтишмоқда. Айрим моделларда 850 та каналга эга приёмниклардан фойдаланилмоқда ва у GPS-навигациянинг барча сигналларини қабул қила олади. Бу навигация блокларини «Алиэкспресс»да 500 долларга харид қилиш мумкин. Бундан ташқари, Россия Shahed’ларида GPS модулининг радиоэлектрон курашга қарши мустаҳкамроқ ҳимояси ўрнатилган ва сигнал қабул қилишнинг янги диапазонларидан фойдаланилмоқда — буларнинг барчасини русларни ўзлари ишлаб чиқарган. Умуман олганда, Shahed’ларга босим уюштириш, йўлдан адаштириш энди қийинроқ бўлади ва уни уриб туширишдан ўзга чора йўқ. Бу ҳам мураккаб вазифа, чунки Россия операторлари дроннинг дастлабки парвози босқичида унинг йўналишини аниқлай олмасликлари учун уларга сохта финтлар жойлаштиришмоқда.
Украина узоқ ва шубҳасиз оғир қишдан аввал зудлик билан совет даврида ишлаб чиқарилган, ўқ-дори топиш ҳам қийинлашиб қолган ҲҲМ тизими воситаларидан воз кечиб, ўзининг ҲҲМ тизимини қайта конфигурация қилиш ва тўлдириб олишга уринмоқда. Ҳаво кучлари спикери Юрий Игнатнинг баёнотига кўра, мамлакат учинчи Patriot дивизионига эга бўлади, шунингдек, янги IRIS-Т, NASAMS ва Hawk комплексларини олади. Муддатлар маълум қилинмаган. Бу жуда позитив янгилик, чунки Patriot — Украинанинг йирик шаҳарларига Россия томонидан ракета ёғдирилишига қарши ягона жиддий кафолат. Иккита NASAMS машиналари ҳафта ичида Литва томонидан етказилган ва аллақачон ҲҲМ таркибида иш бошлаган.
Украиналикларнинг яна бир умиди ғарб давлатлари томонидан етказилиши керак бўлган ҳарбий авиациядан. Айрим самолётлар мамлакат ҳудудига аллақачон олиб кирилган. Бошқаларида — айниқса чегараолди давлатларда украиналик учувчиларни ўқитиш давом этмоқда. Россия манбалари янги йилгача Украина ҲҲК таркиби ғарбнинг 12 та қирувчи самолётлари билан тўлдирилишидан хавотирда. Ўз ўзидан кўриниб турибдики, Россия ракеталари ва зарбдор дронларини ички ҳаво кенгликларида тутиб олиш бу самолётларнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлади.
УҚК ўз навбатида Қримда ва унг ёндош оккупация остидаги ҳудудларда самарали ва тизимли ҳужумларни уюштирмоқда.
Юқорида тилга олиб ўтилган Черноморское посёлкасидан ташқари, 10 ноябр куни эрталаб Скадовскега берилган зарбага ҳам диққат қилиш керак. Украина ҳарбийлари бу ерда РФ Тергов қўмитаси 126-ҳарбий тергов бўлинмаси мажлиси ўтказилаётган бинога аниқ зарба беришган. Украина маълумотларига кўра, камида 8 киши ўлдирилган, ўн киши ярадор қилинган. Россия томони маълумотларига кўра, ўн бир киши «жабрланган». Воқеа жойида олинган видеокесмаларда кучли вайрон қилинган бино ичида камида уч кишининг жасади кўзга ташланади.
11 ноябрга ўтар кечаси Украина сўнгги бир ярим ой ичида илк бор Россиянинг ички областларига самарали зарба бера олган. Катта қувватга эга дронлар галаси Котовск шаҳридаги Тамбов порох заводига, шунингдек, Москва остонасидаги Коломна шаҳридаги машинасозлик конструкторлик бюросига ёпирилган. Ҳар икки ҳолатда Украина дронлари учун хос бўлмаган кучли портлашлар ва ёнғинлар суратга олинган. Яна бир шундай дрон Смоленск осмонида Россия ҲҲМ тизими томонидан уриб туширилган. Ҳозирча айнан қандай дрондан фойдаланилгани ҳақида маълумот йўқ, лекин гап яқинда анонс қилинган, узоқроқ уча оладиган ва кўпроқ портловчи юк таший оладиган украинча Shahed муқобили ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Урушнинг эҳтимолли тугаши муҳокамаси
Ўтган ҳафтада ғарб ва украин сиёсатчиларининг урушни тугатиш ва Украина ва РФ ўртасида музокараларни бошлаш тўғрисида турлича йўналишдаги баёнотлар давом этди. Бу ўринда энг жиддийси Франция президенти Эммануэл Макроннинг декабр бундай истиқболларга аниқлик киритиш учун муҳим ой бўлиши тўғрисидаги баёноти бўлди.
Украина томонидан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш томон йўл кўзга ташланиб турибди — ғарб ҳукуматлари келгуси йилда мамлакатни молиялаштиришни қисқартирмоқда. АҚШда бу борадаги бюджетни тасдиқлай олишмаяпти. Европа Иттифоқининг Украинани 4 йил ичида 20 млрд евро билан молиялаштириш режаси энг аввало Германиянинг позицияси туфайли барбод бўлди. Бироқ улар келгуси йил Украинага ҳарбий ёрдам миқдорини икки баробар ошириб, 8 млрд еврога етказишни мўлжалламоқда. Европадаги эски ҳарбий техникалар захираларининг барчаси ёки деярли барчаси Украинага бериб бўлинган, ишлаб чиқаришни қатъий оширишга эса Европада ҳам молиявий, ҳам ташкилий жиҳатдан тайёр эмасликлари аниқ бўлди. Келгуси йил мартигача Украинага етказилиши лозим бўлган миллион дона снаряддан ҳозиргача ярми ҳам етказилмаган.
Бироқ ҳозиргача Украинага ғарб томонидан етказиб берилган техникаларнинг жуда катта қисмидан урушда фойдаланилмаган, шу сабабли Макрон Украина армияси йил сўнгига қадар фронтда шу пайтгача қилиб кўрмаган нимадир ўзгариш қилиши мумкинлигидан умидланмоқда.
НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Расмуссен The Guardian нашрига берган шарҳида шу йил ёзида кўп муҳокама бўлган, Украинани ўзи реал назорат қилаётган ҳудудларида НАТОга аъзо қилиш тўғрисида тушунарли ташаббус билан чиққан. Бу украинларни қолган ҳудудлардан ажралиб қолиш хавфидан халос этади ва фронт чизиғига кўпроқ қўшин тўплаш имконини яратади.
Расмий Киев «алоҳида европалик фуқаролар»нинг бундай таклифларини рад этиб келади. Шунингдек, мамлакат президенти Зеленский ва қуролли кучлар бош қўмондони генерал Залужний ўртасида урушдаги «стратегик боши берк кўча» борасида ихтилоф борлигини ҳам рад этади.
Киевнинг айни пайтдаги расмий нарративи — «узоқ ва оғир» уруш истиқболларига қаратилган, бу эса Ғарбдан янги ресурсларни жалб этишни тақозо қилади. Бироқ, бу масалада Макрон конкретроқ гапирган. Чиндан ҳам Киев G7 давлатлари олдида ўз ҳарбий тактикасининг йил сўнгига қадар муваффақият келтириш ёки келтира олмаслигини қайд этиши керак, бу эса Ғарб билан келгусидаги ҳамкорлик истиқболларига, уруш давом этиши ёки тугашига ҳам аниқлик киритади.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026