Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ҳокимиятига келгандан бери унинг Путин билан муносабатларини тушуниш анча қийин. Бир қарасангиз, стратегик шериклик ва ўсиб бораётган иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирилади, бир қарасангиз, Путин билан Тўқаев айтишаётганини, улар ўртасида кучли зиддиятлар борлигини кузатиш мумкин.

Қозоғистон – Ўзбекистоннинг энг биринчи қўшниси. Биринчи дейилишига сабаб – айнан Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг энг учун чегараси тўғри келади. Россия Федерацияси эса, Ўзбекистон мустақиллигини қўлган киритгандан буён, ёки биринчи, ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.

Умуман, Ўзбекистоннинг Россия билан боғлиқлиги, кейинги бир ярим асрда, мисли кўрилмаган даражага етди. 1991 йилга қадар, биз – Россия давлатчилигининг тўлиқ таркибида бўлдик. Хўш, Ўзбекистоннинг бу энг муҳим икки қўшниси бўлмиш Россия билан Қозоғистоннинг бугунги ўзаро муносабатлари замирида нима туради: дўстликми ёки душманона кайфият?

Бугун Россия геосиёсатидаги энг муҳим тушунчалар, булар “анти-Россия”, нейтрал ва “про-Россия”. Анти-Россия, яъни аксил-Россия – рус пропагандаси таърифига кўра, Россиянинг стратегик манфаатларига қарши бўлган, Россияни давлат сифатида йиқилиши ёки стратегик заифлашувидан манфаатдор бўлган давлатлардир. Про-Россия эса, Россия учун дўст кўриладиган давлатлар бўлиб, улар Россия давлати ва жорий сиёсий тизимнинг яшовчанлигидан манфаатдор ҳисобланади. 2021 йилдан бошлаб, Россия давлат органлари “Россияга дўст ва душман бўлган давлатлар рўйхати”ни эълон қилиб боришмоқда.

Демак, жорий 2023 йилнинг феврал ойида тузилган рўйхатга кўра, пост-совет ҳудудидаги энг йирик анти-Россия сифатида Украина, Латвия, Литва, Эстония санаб ўтилади.

Россияга дўст давлатлар рўйхатининг энг пешқадами, албатта Белорус. Сўнг Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон эгаллаган. Рўйхат шу йилнинг бошида тузилгани сабаб, Арманистон “Россия дўстлари” рўйхатида бешинчи ўринда турибди. Лекин кейинги ойлардаги рус пропагандасини кузатсак, Арманистон “душманона қадамлар ташлаётган давлат” сифатида таърифланади. Грузия ва Молдова эса “нейтрал” давлатлар сифатида санаб ўтилади.

Гарчи Қозоғистон Россия ОАВ томонидан “нейтрал, дўст” давлат сифатида эътироф этилса-да, лекин Москва ва Остона муносабатларида жуда кўп совуқ нуқталар бор.

9 ноябр куни Тошкентда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти саммити бўлаётганда, бу ташкилотга аъзо давлатларнинг деярли барча раҳбарлари келди, фақат Тўқаев келмади. Унинг ўрнига Қозоғистондан бош вазир келди. Сабаби Тўқаев Остонада Путин билан учрашди. Учрашувда, биринчи марта, Тўқаев ўз нутқини қозоқ тилида бошлади, бу Россия делегацияси учун кутилмаган воқеа бўлди.