Жаҳон | 15:22 / 18.11.2023
5404
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украина энергетика тизимига 500 млн доллар ажратишга тайёр

Қўшма Штатлар қишки даврда Украина энергетика тизимини қўллаб-қувватлаш учун яна ярим миллиард долларга яқин маблағ ажратмоқчи. Бунгача 522 млн доллар тақдим этилганди.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар Украинага совуқ ҳарорат даврида Россия ҳужумларининг асосий нишонларидан бири бўлган энергетика тизимини қўллаб-қувватлаш учун тахминан ярим миллиард доллар беришга тайёр. Бу ҳақда 17 ноябр, жумага ўтар кечаси Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда АҚШ давлат котибининг энергия ресурслари бўйича ёрдамчиси Жеффри Пайетт маълум қилди. «Қўшма Штатлар аллақачон Украинага энергетика соҳасида 520 миллион доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатган. Яна 500 миллион доллар бор», - дейди у

Пайеттнинг таъкидлашича, Давлат департаменти Украина энергетикаси бўйича иккита истиқболга эътибор қаратган: навбатдаги қишга ўтаётган Украинага энергия тизимининг чидамлилигини оширишга ёрдам бериш бўйича қисқа муддатли ҳамда «Европа билан интеграциялашган ва Европа стандартларига мос келадиган, марказлашмаган, янада барқарор ва экологик жиҳатдан анча яхши» бўлган Украина энергетика тизимини яратишга қаратилган узоқ муддатли.

«Укринформ» мухбирининг мамлакатнинг 61 миллиард доллар миқдоридаги қўшимча молиялаштириш ҳақидаги сўрови Конгрессда «тиқилиб қолгани» Украина энергетика секторини тиклаш ва модернизация қилиш бўйича жорий лойиҳаларга таъсир қиладими, деган саволига Жефри Пайетт тўғридан тўғри жавоб бермади. «Европанинг энергия ёрдами Қўшма Штатларни ортда қолдирди, шунинг учун бизнинг европалик иттифоқчиларимиз юкни ўз зиммасига олмоқда», деди у, шунингдек, Японияни «фантастик шерик» ва «Украина масалалари бўйича етакчи» сифатида тилга олди.

Украина энергетика тизими янги ҳужумларга тайёрланмоқда 

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, «Укрэнерго» давлат компанияси подстанциялари, йирик энергетика объектларининг қарийб 70 фоизи, шунингдек, Украинанинг барча ГЭС ва иссиқлик электр станциялари Россия ракеталари ва дронларидан энг кўп зарар кўрган. 

«Укрэнерго» бошқаруви раҳбари Владимир Кудрицкийнинг «Америка овози»га берган интервюсида таъкидлашича, октябр ойи охирида энергия тармоғида хавфсизлик чегарасига эга бўлиши учун етарли даражада тиклаш ишлари олиб борилган. 

«Биз бир миллиард доллардан ортиқ ташқи маблағни жалб қилдик», деди у ва «дунёдаги ҳеч бир давлат бундай турдаги ҳужумга дуч келмаган, шунинг учун ҳеч кимда тайёр ечимлар йўқ», дея аниқлик киритди. «Укрэнерго» муҳандислик тўсиқлари устида ишламоқда, улар ўққа тутилганда жиҳозларни иш ҳолатида сақлаш имкониятини оширади, деди у. 

Мавзуга оид