«Урушлар фожиали, аммо уни ақл-идрок билан бартараф этиш мумкин» — Kun.uz суҳбатдошлари Исроил-Фаластин уруши ҳақида
Kun.uz мухбири дунёда Ғарб ва Шарқ, жумладан, мусулмон мамлакатлари орасида кузатилаётган қарама-қаршиликлар ва уларнинг туб илдизлари мавзусида таҳлилий суҳбат ўтказди.
Суҳбат давомида файласуф Виктор Алимасов, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов ва сиёсатшунос Ҳамид Содиқ Исроил-Фаластин урушининг адолатли ечими қандай бўлиши борасида ҳам ўз фикрларини билдирди.
— Бир ойдан ошиқроқ вақт давомида янги тўлқинда давом этаётган Исроил-Фаластин урушининг адолатли ечими қандай бўлади?
Олимжон Давлатов:
— Адолатли ечим 1967 йилги БМТ резолюцияларига мувофиқ тузилган чегараларга қайтиш бўлади.
Агар бугун Исроил Фаластинни ўзига қўшиб олса, у ерда этник араблар кўпчиликни ташкил қилади, шунинг учун қарама-қаршилик янада кучаяди. Агар Исроил бугунги ҳаракатлари орқали Фаластин ерларини олиб қўйиб, арабларни ҳайдаса, бугунги ҳолатлар дунёнинг бошқа нуқталарига ҳам кўчади. Яъни шунга ўхшаш ҳолатларга андоза бўлади бу. Ечим — 1967 йилги чегаралаш бўйича иккита мустақил давлат бўлиши.
Виктор Алимасов:
— Отто фон Бисмарк айтадики: «Барча урушлар фожиали, аммо бу фожиани халқлар ўз ақл-идроки билан бартараф этиш мумкин». Исроил ва Фаластинга ҳам ақл-идрок керак, шу ерда урушни тўхтатиш керак. Икки халқ динларида ҳам тотувликка чақириқлар бор. Ислом динида «низо уч кундир», дейилади, яҳудийликда эса «душманингни ҳам сев», деган чақириқ бор. Бу ўринда икки халқ ўз динидаги ана шу чақириқларга амал қилиши керак. Дин яраштирувчи бўлиши лозим. Шунга амал қилиб, тўхтатишлари керак.
Бизнинг наздимизда вазият жуда чигаллашиб кетган, аммо буни ечса, енгиллаштирса бўлади. Фақат бу иккаласини бир-бирига яқинлаштирувчи куч керак. Умуминсоний бутунликка интилиш икки халқ учун ҳам зарур айни дамда.
Ҳамид Содиқ:
— 1967 йилги чегараларга қайтмаслигини барчамиз яхши биламиз, лекин айтилиши керак бўлган риторика бу. Аммо бу муаммонинг ечими эмас, онгостида буни биламиз.
Иккинчи жаҳон урушидан катта талафот ва йўқотишлар билан чиққан халқ яҳудийлар эди. Шунинг учун БМТнинг биринчи миссияларидан бири яҳудийларга давлат қилиб бериш бўлди. Лекин сионистик ҳукумат ўзига фашизм касаллигини юқтирган экан. Энди яҳудийлар давлати бутун дунёда уларга нисбатан шаклланган тафаккур билан ҳисоблашишга мажбур.
1967 йилги чегараларга қайтолмайди. Лекин бутун дунёда бу халққа, ҳукуматга нисбатан эмоционал босим бор. Шу билан бирга улар институционал кучга эга: қурол бор, молиявий таъсир бор, замонавий технологиялар бор. Замонавий ишлаб чиқариш ҳам яҳудий лоббиси билан боғлиқ.
Бу уруш тўхтайди, яъни маълум муддатга музлатилади. Кун тартибини ҲАМАС белгилаб турибди, АҚШ эмас. Миср орқали чиқиб кетмасликни ҳам ҲАМАС илтимос қиляпти, аҳоли кетса, ерларини йўқотади. Исроил лойиҳаси орқага кетяпти, у ўз авторитетини юз йилларга салбий қилиб бўлди.
· Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
22:15 / 26.12.2024
Исроил авиацияси Яман пойтахти аэропортига зарба берди
15:21 / 26.12.2024
Исроил ҲҲК қўмондони Ямандаги ҳусийчиларга ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024