Дарёни сузиб ўтиш ва «оқ чипта»: айрим украинлар армияга чақирувдан қандай қочмоқда?
Уруш бошланганидан буён 20 мингга яқин киши армияга чақирилмаслик учун Украинани тарк этган.
Айримлар дарё тўсиғидан сузиб ўтишдек хавфли йўлни танлаган, бошқалар шунчаки тун қоронғисида чегарани кесиб ўтган. Расмий Киев маълумотига кўра, ҳарбий чақирув ёшидаги яна 21 минг 113 киши мамлакатни тарк этишга уринганида тўхтатиб қолинган.
Россия ҳарбий босқини бошланганидан кейин 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларнинг катта қисмига мамлакатни тарк этиш тақиқланади, аммо BBC ихтиёрига келиб тушган маълумотларга кўра, Украинадан ҳар куни ўнлаб кишилар қочиб кетмоқда.
Нашр мухбири хорижда ўқийдиган, ишлайдиган ёки доимий яшовчи қариндошларига қўшилиш учун Украинани тарк этганларнинг айримлари билан гаплашган.
«Мен [Украинада] нима қиламан? — дейди Евгений. — Ҳаммамиз ҳам жангчи эмасмиз ва мамлакатни қамоққа айлантириш шарт эмас. Советлар иттифоқида бўлгани каби барчани мажбурлаб тўплаш мумкин эмас».
BBC Украинанинг қўшнилари бўлмиш Руминия, Молдова, Полша, Венгрия ва Словакия ҳукуматларидан олган маълумотларга кўра, 2022 йил февралидан 2023 йил 31 августига қадар ушбу мамлакатларга 19740 нафар эркак ўтган.
Уларнинг барчаси бу мамлакатларга қандай қилиб бориб қолганини аниқлаб бўлмаса-да, чегарани кесиб ўтишга уринганида қўлга тушган 21113 киши қандай йўллардан фойдаланмоқчи бўлгани маълум.
Уларнинг аксари — 14313 киши — чегарадан шунчаки ноқонуний ўтишга (қуруқлик ёки сув йўллари орқали) ҳаракат қилган, қолган 6800 киши эса, Украина ҳукумати тасдиқлашича, ноқонуний йўллар билан тайёрланган расмий ҳужжатлардан фойдаланишга уринган (масалан, саломатлиги ёмонлиги туфайли чақирувдан озод этилгани тўғрисидаги сохта маълумотнома).
Украинада расман муайян касалликларга чалинганлар, шунингдек, уч ва ундан ортиқ фарзанди борлар ҳамда оила аъзоларининг ёлғиз қаровчилари армияга чақирилмайди.
Август ойида президент Володимир Зеленский ҳарбий комиссариатларнинг тиббий комиссияларидаги коррупция ҳолатлари ҳақида гапириб чиққанди, унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида 2022 йил февралидан чақирувдан озод этилганлар сони 10 баробарга ошган. Ўшанда у барча ҳудудларда ҳарбий чақирувга масъул бўлганлар ишдан бўшатилгани ва 30 дан ортиқ кишига қарши жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилганди.
Украина президентининг Конституциявий суддаги вакили Федор Вениславский BBC билан суҳбатда буни жуда жиддий муаммо деб атаган.
«Ҳукумат гап кам сонли ҳолатлар ҳақида кетмаётгани, бу кенг тарқалганини англаб турибди. Аммо афсуски, қайд этишим керакки, коррупцияни илдизи билан қўпориб ташлаш қийин», — деган у ва Украина «коррупция ҳолатларини минимумга тушириш учун барча ишни қилаётгани»ни қўшимча қилган.
Вениславскийнинг сўзларига кўра, мамлакатни тарк этган ёки тарк этишга уринганлар сони ҳарбий кампанияга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган.
«Ишончим комилки, украинларнинг 95-99 фоизи қатъиятли бўлиб қолмоқда ва ўз мустақиллиги, суверенитети ҳамда эркинлигини ҳимоя қилишга тайёр, — деган Вениславский. — Сафарбарликдан бўйин товлашга уринаётганлар эса — 1-5 фоиз атрофида. Улар Украина мудофааси учун аҳамиятсиз».
У шунингдек ҳукумат сафарбарликка тортиладиганлар сонини сезиларли даражада оширишни режалаштирмаётганини қайд этган.
Лекин айтиш керакки, қочиб кетган ёки қочишга уринган 40 мингдан ортиқ киши амалда украин армиясини тўлдириш учун зарур бўлган эркакларнинг катта қисмини ташкил этади. Август ойида АҚШ украин ҳарбийларининг йўқотишлари миқдорини 70 мингга қадар баҳолаганди, Киев эса ҳамон ҳақиқий рақамларни келтирмаган.
Украина ўз армиясидаги жами ҳарбийлар сонини ҳам расман очиқламаган. Шу билан бирга, Украинанинг янги мудофаа вазири Рустем Умеров сентябр ойида Ялта Европа стратегияси (украиналик ва хорижлик сиёсатчилар ҳамда тадбиркорларнинг ҳар йили ўтказиладиган халқаро конференцияси) иштирокчиларига Украина қуролли кучлари сафидаги ҳарбий хизматчилар сони 800 мингдан ошиши ҳақида маълум қилганди.
Украинларнинг қочиши бўйича баъзи мисоллар жуда таъсирли кўринади. Хусусан, видеолардан бирида ўрта ёшли эркак Днестрни Молдова томонга кечиб ўтаётгани, молдовалик чегарачилар эса уни чўкиб кетмаслиги учун ҳаракат қилаётгани акс этган.
Бошқа бир видеода шундай уринишлардан бирининг фожиали оқибатини кўриш мумкин: Украина ва Руминия чегарасидан оқиб ўтувчи Тиса дарёси соҳилига чўкиб кетган икки кишининг жасади олиб чиқилиши.
Аммо нашр мухбирлари Молдовадаги миграция марказида гаплашган киевлик Евгений исмли қурувчи чегарани пиёда ҳолда кесиб ўтганини айтган — рақамлар ҳам бу энг кенг тарқалган усул эканини кўрсатади. Чегарадан ўтгандан сўнг урушдан қочганлар осонгина бошпана сўраши мумкин.
Евгений Украинада ўзини қопқонга тушгандек ҳис қилганини айтади.
Унинг айтишича, аввалига нисбатан ёшлар ва армия тажрибасига эга бўлганлар чақирилган. Аммо унинг ўзига вақт ўтган сайин яхши пул тўланадиган иш топиш қийинлашиб боради, «чунки барча соҳалар уруш учун сафарбар қилинган», шу билан бирга «электр, ёнилғи, — барчаси қимматлашган».
Молдова полициясида рўйхатдан ўтгач, у дарҳол сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. Қонунни бузмаслик учун буни бир кун ичида қилиш керак эди.
Мухбирлар худди шу миграция марказида харкивлик 26 ёшли мусиқачи Эрикни учратишади, у Молдовага келишда Днестрбўйидаги тепаликларни ошиб ўтгани, кейин дарёни кечиб ўтишга тўғри келганини айтиб берган.
Сафарбарликдан озод қилувчи сохта ҳужжатни осонгина қўлга киритиш мумкин, аммо Эрикнинг тажрибаси шуни кўрсатадик, ҳақиқий қоғозни олиш анча қийинроқ кечиши мумкин.
Эрикнинг айтишича, перитонит (қорин пардасининг яллиғланиши) туфайли ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиётидан кейин унга махсус парҳез талаб этилган ва бу унга армияда хизмат қилишга имкон бермайди. Аммо уруш бошланганида чақирувдан озод бўлиш учун тиббий рухсатнома олиш имконсиз бўлиб чиққан.
«Улар масъулиятни бир бўлимдан бошқасига ағдаришди, „уёққа бор, буёққа бор“ қилишди. Мен хизматга яроқсизлигим тўғрисида ҳужжат олиш учун ярим йил вақтимни сарфладим, ҳолбуки менда таҳлил натижалари бор эди. Якунда сабрим тугади».
Алалоқибат Эрик АҚШга бориб, рафиқаси ва тўрт ёшли қизи билан учрашишга муваффақ бўлган.
Бошқа бир эркак, шартли исми Влад, хизматдан озод этиш тўғрисидаги ҳақиқий маълумотномани қўлга киритган, аммо чегарачилар бу ҳужжатни чегарадан ўтиш учун асос бўлади, деб ҳисоблашдан бош тортишган.
Унинг айтишича, хориждаги университетга қабул қилинганида ва Украинадан чиқишга рухсат берилганида жуда хурсанд бўлганди, аммо кўп ўтмай бу етарли эмаслигини тушуниб етган.
«Қайси чегара ўтказиш пунктига бориш борасида омадим келмади, энди ишим ўхшамайди, деб ўйладим. Шунда мен бошқасига, кейин учинчисига йўл олдим. Аммо устимдан кулишди ва уйга қайтдим. Ўшанда бу қоғоз парчаси, бу „рухсатнома“, чегарачилар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини, уларга фарқи йўқлигини тушундим».
Якунда Влад Тиса дарёсини кечиб ўтиб, Руминияга ўтади.
Украина чегарасига етиб олишда унга дўсти ёрдам беради. Шартли исми Данила бўлган бошқа бир йигитга эса телеграм орқали Тисадан ўтказиш хизматини таклиф этувчи одамлар ёрдам кўрсатган.
Телеграм ўз хизматларини реклама қилувчи контрабандачилар орасида машҳурликка эришган. BBC суриштирувида ҳамкорлик қилган маҳаллий мухбир (шартли номи Андрей) ўзини мамлакатдан кетишни истаётган украинлик сифатида кўрсатиб, контрабандачилар билан бир ой давомида ёзишма олиб борган.
Телеграмда у аъзолари сони 100 дан бир неча мингача борувчи, турли хизматлар - оиладаги фарзандлар сонини сохталик билан кўпайтириб бериш (юқорида айтилганидек, уч ёки ундан ортиқ фарзанди борлар сафарбарликдан озод этилган)дан тортиб энг қиммат опциягача - одам ҳарбий хизматга яроқсиз экани ҳақида хулоса қилинган тиббий хулоса тайёрлаб беришгача бўлган хизматларни таклиф этувчи камида олтита гуруҳни топган. «Оқ чипта» деб аталадиган бундай ҳужжат Украинани истаган вақтда тарк этиб, истаганда қайтишга имкон беради.
Унга «оқ чипта»ни расмийлаштиришга бир ҳафта кетиши ва бу 4,3 минг долларга тушиши, амалдорлар учун пора ҳам шунинг ичида эканини айтишади.
Вениславский бу борада берган изоҳида сохта ҳужжатлар муаммоси ва чегарани ҳақиқий қоғозлар билан кесиб ўтишдаги муаммолар яқин йиллар ичида ҳисобга олишнинг янги рақамли тизимини жорий этиш орқали барҳам топишини айтган.
Нашр билан гаплашганларнинг барчаси Украинадан чиқиб кета олганлардир. Украина расмийлари қўлига тушганларга эса 92 доллардан 230 долларгача жарима ва 8 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.
Ҳозирда Украинадан қочишга улгурганлар қачондир ватанига қайтганида бу жазолар қўлланиши аниқ эмас. Вениславскийнинг фикрича, бу миллий маннфаатларга тўғри келмайди.
Даниланинг ҳисоблашича, украинлар мамлакатда қолиш-қолмаслигини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
«Мен ҳали ҳам ҳар бир инсон ўз ҳаёти маъносини ўзи белгилаши кераклигига ишонаман, — дейди у. — Ким учундир бу ўз ерини ҳимоя қилиш бўлса, бошқаси учун ўзини ва ўз яқинларини ҳимоя қилиш, яна кимдир ижод қилишни, бизнес яратишни, давлат иқтисодиётига ҳисса қўшишни истайди. Мен ҳисоблайманки, нима бўлганда ҳам менинг ролим жанг майдонида эмас».
Данила урушдан кейин Украина ҳукумати мамлакатдан қочиб кетганларни жазоламаслигига, балки уларнинг қайтишига ёрдам беришига умид билдиради.
«Одамларсиз, айниқса яхши пул топадиган ва хазина учун яхши пул тушириб берадиган ақлли одамларсиз давлат мавжудлигини сақлаб қолиши қийинроқ», — деб ҳисоблайди у.
Аммо урушнинг охири кўринмаётган экан, бу масала қачон долзарб бўлиши даргумон. Ҳозирча эса фронтдаги воқеалар вайронгарчилик урушига айланмоқда, Украинага эса имкон қадар кўпроқ аскар керак.
Мавзуга оид
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024
Россия колоннаси Купянскка ёриб кирган, аммо Украина уни яксон қилганини айтмоқда. Нималар маълум?
10:11 / 15.11.2024
Германия Украинада ҳалок бўлган 10 фуқароси ҳақида маълумотга эга
09:31 / 15.11.2024