Жаҳон | 23:59 / 20.11.2023
11736
2 дақиқада ўқилади

Россия жинс ўзгартириш рухсат этилган давлатлар учун болаларни асраб олишни тақиқламоқчи

Россия давлат Думасида «жинс ўзгартириш» рухсат этилган давлатларга россиялик болаларни асраб олишни тақиқламоқчи. Тақиқ энг аввало Италияга тааллуқли бўлади. Ўтган йили Россиядан олиб чиқилган болаларнинг 75 фоизи шу давлат ҳиссасига тўғри келади.

Иллюстратив фото: ekklisiaonline.gr

Россия парламентининг қуйи палатаси — Давлат думаси депутатлари трансгендер жинс ўзгартириш рухсат этилган давлатларнинг фуқароларига Россияда туғилган болаларни асраб олишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишган. Бу ҳақда депутат Василий Пискарёв ўз Телеграм каналида ёзган

Унинг сўзларига кўра, чекловлар «жинсни тегишли ҳужжатлар асосида ёки тиббий усулда ё бошқа турдаги аралашув билан ўзгартириш рухсат этилган давлатлар» учун тегишли бўлади.

«Айрим давлатлар фуқароларининг бола асраб олишига мазкур тақиқни жорий этиш билан биз моҳиятан НАТО давлатларига тақиқ жорий этмоқдамиз», — деган депутат.

Россиялик етим болаларни хорижлик фуқаролар томонидан асраб олиш статистикаси йилдан йилга пасайиб бормоқда. 2022 йилда янги оилада тарбияланиш учун хорижга бор-йўғи 57 нафар бола олиб чиқилган (2019 йилда уларнинг сони 240 нафар бўлган), уларнинг катта қисми — 43 нафарини италияликлар асраб олишган.

2012 йилда АҚШ фуқаролари томонидан россиялик етим болаларни асраб олишга чеклов жорий этувчи «Дима Яковлев қонуни» қабул қилингач Италия бу борада васий давлатлар рейтингида етакчи бўлиб олган. 2022 йилнинг августида депутатлар «нодўстона давлатлар» учун худди шундай тақиқ жорий этишган, бироқ бу ташаббусни ўшанда президент кенгаши қўллаб-қувватламаган эди. 

Мавзуга оид