Икки кун аввал Kun.uz сайтида “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров билан бир қатор миллий масалалар: байроқ, тил, алифбо ислоҳи каби мавзуларда ўтказилган интервю эълон қилинган эди. Депутат Қодиров ўша интервю давомида “Давлат тили ҳақида”ги қонун бўйича ҳам гапираркан, унинг Қонунчилик палатасида қайта кўрилаётганини айтди. Ўша, бир пайтлар Сенатга бориб йўқолиб қолган ва бир муддат ўтиб, депутатлар томонидан кун тартибидан олиб ташланган миллий қонун.
Kun.uz мухбири ташкил қилган навбатдаги суҳбат ўзбек тили, унинг бугунги аҳволи, муаммолари ва янгидан ишланаётган “Давлат тили ҳақида”ги қонун аслида қандай бўлиши кераклиги ҳақида бўлди.
Суҳбат меҳмонлари – адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ва “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Карвонли.
— Мана, сизлар ўзбек тили учун жон куйдириб, шу соҳада доим куюнчаклик билан чиқиш қилиб юрасизлар, айтингларчи, Ўзбекистонни амалдаги тил қонунида қандай камчилик ва бўшлиқлар борки, уни янгилаш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда? Ёки нима учун сизлар бу қонунни ўзгартиришга тарғиб қиласизлар доим?
Қозоқбой Йўлдош:
— Қонун бундан 34 йил олдин қабул қилинган бўлса, йиллар давомида ҳаёт ўзгарди. У қабул қилинган пайтда биз иттифоқ таркибида эдик, у пайтда бугунги ўзгаришларни кўзда тутиш қийин эди. Қонун шу ҳолича яхши ишлаб кетганда, уни ўзгартиришга эҳтиёж бўлмасди, аммо яхши ишламади.
Қонун мақомли ҳужжатда мажбурийлик, шартлилик бўлиши керак. Аммо бизнинг қонунда кўпроқ икки ёқламалилик бўлди, мажбурийлик суст эди. Бугунги кунгача қонун тўла бажарилмай келаётгани учун қайта ишлаш зарур эди.
Янги қонун лойиҳасидан хабаримиз йўқ, ҳали очиқланмади. Эҳтимол, яхши лойиҳа ишланаётгандир. Қонун мақомидами, мажбурийлик, жавобгарлик бўлиши керак. Амал қилганлар эса намунали фуқаро, ташкилот сифатида эътироф этилиши керак. Янги лойиҳада қонунни бажармаслик имкони қолдирилмаётганидан умидвормиз.











