Спорт | 20:02 / 21.11.2023
40805
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон Эрон билан ўйинда камбэк қилди

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 2-саралаш босқичи 2-тури доирасида Эронни қабул қилиб, дурангга эришди.

Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида 30 мингдан ортиқ томошабин қаршисида кечган миллий жамоамиз учун йилнинг энг муҳим тўқнашувида форслар биринчи бўлимнинг ўзида 13-дақиқада Ризоиён ва 38-дақиқада Торемийнинг голидан кейин ҳисобда икки тўп фарқи билан олдинда эди – 0:2.

Сречко Катанец шогирдлари иккинчи бўлимда ўйинда бурилиш ясашди. Айниқса, Аббосбек Файзуллаев ва Игор Сергеев захирадан майдонга тушгач, вазият ўзгарди. Остон Ўрунов 52-дақиқада ҳисобни қисқартирди – 1:2.

83-дақиқада эса Шукуров – Шомуродов – Файзуллаев – Ўруновнинг ажойиб комбинациясини Сергеев дарвозага йўллаб, камбэк муаллифига айланди – 2:2.

Шу тариқа, Ўзбекистон 14 йил ўтиб, Тошкентда Эрон билан яна дуранг қайд эта олди, аммо форслар пойтахтимизда ўз тарихидаги мағлубиятсиз сериясини давом эттиришди. Эрон 4 очко билан гуруҳда пешқадамликни сақлаб қолди, Ўзбекистон ҳам шунча очко ва тўплар нисбатига кўра 2-ўринда бормоқда. Туркманистон ва Ҳонгконг эса дуранг (2:2) қайд этиб, ўз ҳисобларига бир очкодан ёзиб қўйишди.

ЖЧ-2026 ва Осиё Кубоги-2027 қўшма саралаш босқичи.
«E» гуруҳи. 2-тур. 21 ноябр
Ўзбекистон – Эрон – 2:2

Бош ҳакам: Муҳаммад Абдулла Ҳассан (БАА)
Голлар: Остон Ўрунов 52, Игорь Сергеев 83 – Рамин Ризоиён 13, Меҳди Торемий 38.
Ўзбекистон: 1.Ўткир Юсупов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 4.Фаррух Сайфиев, 5.Рустам Ашурматов (21.Игорь Сергеев, 82), 7.Отабек Шукуров, 9.Одилбек Ҳамробеков, 10.Жалолиддин Машарипов (22.Аббос Файзуллаев, 62), 11.Остон Ўрунов, 14.Элдор Шомуродов, 15.Умарбек Эшмуродов, 23.Ҳусниддин Алиқулов.
Эрон: 1.Алиризо Бейронванд, 4.Шожа Халилзода, 5.Милод Муҳаммадий, 6.Саид Иззатуллоҳий, 9.Меҳди Торемий, 13.Ҳусайн Каънони, 14.Сомон Қуддус (18.Али Карими, 42), 16.Меҳди Туробий, 20.Сардор Озмун (15.Рўзбеҳ Чашмий, 75), 21.Муҳаммад Моҳеби (7.Меҳрдод Муҳаммадий, 75), 23.Рамин Ризоиён.

Мавзуга оид