Жаҳон | 09:32 / 22.11.2023
10614
3 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС 4 кунлик сулҳ ҳақида келишиб олди

Қатар воситачилигида тузилган келишувга кўра, тўрт кунлик сулҳ пайтида Ғазо секторидан гаровга олинган 50 нафар исроиллик қайтарилади.

Фото: Reuters

Исроил ҳукумати 22 ноябр, чоршанбага ўтар кечаси бир неча соатлик муҳокамалардан сўнг, бир неча кун давомида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш эвазига Ғазо секторида жангчилар томонидан гаровга олинган баъзи исроилликларни озод қилишни назарда тутувчи ҲАМАС билан келишувни маъқуллади

«Исроил ҳукумати барча гаровга олинганларни уйларига қайтариш ниятида. Бугун кечқурун ҳукумат ушбу мақсадга эришишнинг биринчи босқичи режасини тасдиқлади, унга кўра 50 нафар ўғирланган аёллар ва болалар тўрт кун давомида озод қилинади, бу вақт жангларда сукунат бўлади», — дейилади Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси баёнотида. Унда таъкидланишича, сулҳ дастлабки тўрт кунлик муддатдан кейин ҳам узайтирилиши мумкин ва озод қилинган ҳар 10 киши эвазига «яна бир тинч кун» қўшилиши мумкин. 

Reuters агентлигининг хабардор манбасига кўра, ҲАМАС бошқа гаровга олинганлар қаторида уч АҚШ фуқаросини, жумладан 7 октябр куни ота-онаси ҳалок бўлган уч ёшли қизчани ҳам озод қилиши керак. 

ҲАМАС жангчилари «гуманитар сулҳ»ни олқишлаб баёнот берди. Уларга кўра, Қатар воситачилигида тузилган келишув Исроил қамоқхоналаридаги 150 нафар фаластинликни озод қилиш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказишни ҳам кўзда тутади. Нетаняҳу идораси баёнотида фаластинлик маҳбусларни озод қилиш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 12 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид