Жаҳон | 13:23 / 22.11.2023
5133
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея Шимолий Корея билан ҳарбий келишувни қисман тўхтатди

Ҳукуматнинг навбатдан ташқари йиғилишида маъқулланган таклифга кўра, Сеул чегарада разведка ва кузатув ишларини қайтадан бошлайди.

Фото: Reuters

Жанубий Корея Шимолий Кореянинг ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учириши муносабати билан 2018 йилда имзоланган ҳарбий кескинликни камайтириш бўйича Кореялараро келишувнинг бир қисмини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда 22 ноябр, чоршанба куни «Рёнхап» ахборот агентлиги хабар берди. Бош вазир Хан Док Су раислигида бўлиб ўтган вазирлар маҳкамаси навбатдан ташқари йиғилишида чегарада разведка ва кузатувни қайта тиклаш таклифи маъқулланди.

«Шимолий Корея Корея яриморолидаги ҳарбий кескинликни пасайтириш ва ишончни мустаҳкамлашга қаратилган 19 сентябрдаги ҳарбий келишувга амал қилиш истаги йўқлигини яққол кўрсатмоқда», — деди Хан Док Су. 

Шартнома 1-моддаси 3-банди тўхтатилиши Жанубий Кореяга икки Кореяни ажратиб турувчи ҳарбий демаркация чизиғи ҳудудида, шунингдек, демилитаризация зонаси деб аталадиган ҳудудда тезкор разведка операцияларини тиклаш имконини беради. Буюк Британияга ташриф буюрган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл таклифни электрон шаклда маъқуллади. 

Шимолий Корея айғоқчи сунъий йўлдошни муваффақиятли учиргани ҳақида эълон қилди

21 ноябр куни Шимолий Корея ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учириш бўйича учинчи уринишини амалга оширди, Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) маълумотларига кўра, у муваффақиятли бўлган. Хабар қилинишича, «Маллиген-1» сунъий йўлдоши орбитага муваффақиятли олиб чиқилган, КХДР етакчиси Ким Чен Ин нима бўлаётганини шахсан кузатиб борган. Мамлакат «тез орада» яна бир нечта шунга ўхшаш сунъий йўлдошларни учиришни режалаштирмоқда, дея таъкидлади КМТА.

Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси, ўз навбатида, Шимолий Кореянинг синови сунъий йўлдошнинг орбитага чиқишига олиб келгани ёки келмаганини ҳали тасдиқлай олмаганини айтди. Япония ҳукуматига кўра, «сунъий йўлдошнинг паст Ер орбитасига чиқиши қайд этилмаган».

Оқ уй Шимолий Кореянинг сунъий йўлдош учиришини кескин қоралаб, буни БМТ санкцияларининг минтақани беқарорлаштириши мумкин бўлган «қўпол равишда бузилиши» деб атади. Пхеняннинг май ва август ойларида орбитага разведка сунъий йўлдошини олиб чиқиш бўйича аввалги уринишлари муваффақиятсиз якунланган эди. Сеул, Токио ва Вашингтон Пхенянни қайта синов ўтказмаслик тўғрисида бир неча бор огоҳлантирган. 

Мавзуга оид