Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада Украинага 1 млрд долларлик ҳарбий ёрдам тақдим этади
Канада ҳукуматининг иқтисодий ҳисоботида Киевга 2026 йилгача бўлган муддатга ҳарбий ёрдам ажратилиши назарда тутилган.
Канада 2023 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун 1,3 миллиард Канада долларидан (конвертация қилинганда: 869 миллион евро) кўпроқ маблағ ажратмоқчи. Бу ҳақда 21 ноябр, сешанба куни ҳукумат сайтида эълон қилинган иқтисодий ҳисоботда айтилган.
Қайд этилишича, юқоридаги сумманинг 816 миллион Канада доллари (546 миллион евро) 2023 йилдан 2024 йилгача, 318 миллион доллар (213 миллион евро) 2024 йилдан 2025 йилгача ва 197 миллион доллар (132 миллион евро) 2025 йилдан 2026 йилгача ажратилади. Ҳужжатда 2026 йилдан бошлаб Украинага ҳарбий ёрдам харажатлари нолга тенг деб белгиланган.
Володимир Зеленскийнинг Канадага ташрифи
Шу йилнинг сентябр ойида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Канадага ташрифини ёритиб, Канаданинг CTV телеканали 2022 йил январидан бери Оттава Киевга 9,8 миллиард доллардан (6,6 миллиард евро) ортиқ ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатганини маълум қилди. «Федерал ҳукумат, шунингдек, Россияга қарши кўплаб санкциялар киритди, Украина аскарларини тайёрлаш учун Европага Канада кучларини юборди ва 175 мингдан ортиқ украиналикни мамлакатимизда қабул қилди», — дейилади маълумотда.
Шу билан бирга, сентябр ойида Канада яқин бир неча йил давомида Украинага 650 миллион доллар (435 миллион евро) миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатиши маълум қилинган эди. Бошқа нарсалар қаторида, бу миқдор Leopard 2 немис танклари партиясини ўз ичига олади.