Жаҳон чемпионатида плей-офф босқичи старт олди. 1/16 финалнинг дастлабки ўйинида Канада ва ЖАР миллий жамоалари куч синашди. Канадаликлар гуруҳда биринчи ўринни ололмагани туфайли ўйинни Ванкуверда эмас, Лос-Анжелесда ўтказишига тўғри келди. Кўп соатлик сафарда чарчаган футболчилар майдонда катта қийинчиликка учради ва фақат ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба голини уришга муваффақ бўлишди.

Майдон ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар давом этмоқда: Кабо-Верде сардори Райан Мендеш жинсий зўравонликда айбланмоқда, Жанубий Корея президенти Ли Жэ Мен миллий жамоанинг жаҳон чемпионатини тарк этиши юзасидан текширув ўтказишни буюрди, ФИФА раҳбари Жанни Инфантино эса экологияга зарар етказишда айбланмоқда.

Канада қийинчилик билан ЖАРни таслим этди

ЖАР – Канада 0:1
Гол: Эуштакиу, 90+2 (0:1)
ЖАР: Уилямс, Мбокази, Окон, Модиба, Мудау, Мокоэна, Ситоле, Мофокенг (Мбата, 46), Апполлис, Масеко (Мореми, 86), Макгопа (Райнерс, 86)
Канада: Крепо, Корнелиус, Бомбито (Де Фужерол, 59), Ларея, Жонстон, Эуштакиу, Салиба (Сигур, 59), Миллар (Шаффелберг, 70), Бюкенен (Дэйвис, 75), Ж. Дэвид, Олувасейи (П. Дэвид, 70)
Огоҳлантиришлар: Салиба, 54. Сигур, 67

Канадаликлар гуруҳ босқичини барқарор ўтказа олишмаганди. Дастлаб Босния билан ўйинда дуранг қайд этилган (1:1), иккинчи турда Қатар дарвозасига истаганча гол уришган (6:0), сўнгги турда Швейцарияга мағлуб бўлишганди (1:2). Аммо Жесси Марш шогирдларига 4 очко ҳам квартетда иккинчи ўринни олиш учун етарли бўлди ва жамоа плей-оффда ЖАР билан ўйнади.

1/16 финални очиб берган ушбу учрашувга интригани рэпер Дрейк ошириб берди. Канадалик машҳур мусиқачи ўз ватандошлари кейинги босқичга ўтиши учун 770 минг доллар тикканди. Аввалига канадалик мухлислар уни танқид қилишни бошлашди, чунки у доим ўйин натижалари учун пул тикканда ютқазган, интернетда бу борада «Дрейк тавқи лаънати» деган тушунча ҳам пайдо бўлган.

Канада эса ўйин давомида устунлик қила олмади. Жамоада бир неча хавфли вазиятлар юзага келди, аммо футболчилар бундан фойдалана олишмади.

Ўйин овертаймларга қараб кетаётганди, аммо 90+2-дақиқада Стивен Эуштакиу жарима майдони яқинида тўпни қабул қилди ва чап пастки бурчак томон кучли зарба бериб, ҳисобни очди. Қолган дақиқаларда африкаликлар вазиятни ўзгартира олишмади.