Жаҳон | 22:37 / 23.11.2023
6802
2 дақиқада ўқилади

НАТО қўшинларнинг эркин ҳаракатланиши учун «ҳарбий Шенген» яратмоқчи

Ҳарбий алянс уруш бошланганида қўшинларнинг тезроқ ҳаракатланиши имкониятига эга бўлмоқчи. 

Фото: Jacob Bradford/U.S. Army

НАТО ўз қўшинларининг эркин ҳаракатланиши мумкин бўлган Шенген зонасига ўхшаш маконни яратиш режасини ёқлади. Бу ҳақда НАТО Логистика қўшма қўмондонлиги раҳбари Александр Золфранк Reuters агентлигига берган интервюсида айтди. 

Унинг қайд этишича, НАТО Россия билан эҳтимолий зиддиятга тайёр бўлиши керак, бироқ ҳозирча қўшинларнинг Европа бўйлаб ҳаракатланиши қийин, бу эса сезиларли муаммоларни келтириб чиқаради. «Вақтимиз оз. Тинчлик даврида биз тугатмаган иш инқироз ёки уруш даврида ҳам тайёр бўлмайди», деди ҳарбий. 

Золфранк НАТО ҳудуди жуда катта эканини, бу эса зиддият шароитида қўшинлар ва таъминотнинг тез ҳаракатланишига тўсқинлик қилиши мумкинлигини таъкидлади. 

НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари адмирал Роб Бауэр ҳам унинг фикрига қўшилди. «Бизда назорат ҳаддан ташқари кўп, аммо бизга етишмаётган ягона нарса - вақт», деди у. 

Украинада уруш бошланганидан сўнг, Швеция ва Финляндия НАТО аъзоси бўлиш учун ариза берди. 2023 йил апрел ойида Финляндия расман алянсга қўшилди. Бироқ, Швециянинг аъзо бўлиши кечикмоқда.

Мавзуга оид