Ўзбекистон | 08:52 / 23.11.2023
2487
2 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик жадаллаштирилади

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг 22 ноябр куни Хитойнинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюн билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Senat.uz

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқот олиб бориши, ўзаро ташриф ва учрашувлари натижасида халқлар ўртасида турли соҳалардаги алоқалар мутлақо янги босқичга чиқди.

Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликда ижобий кўрсаткичлар қайд этилиб, жорий йил бошидан (январ-август) ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 36 фоизга ўсди. Кўрсаткичларни янада ошириш учун имкониятлар етарли экани, нафақат ҳукуматлар даражасида, балки ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини ҳам янада кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Парламентлараро алоқалар мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг амалий механизми эканлигидан келиб чиқиб, Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш, бунинг учун фаол саъй-ҳаракатларни олиб бориш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, мулоқот давомида фан, таълим ҳамда маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид