Жаҳон | 15:37 / 23.11.2023
3644
2 дақиқада ўқилади

Россия Молия вазирлиги бюджет тақчиллигини ЯИМ 1 фоизи миқдорида прогноз қилмоқда

«Россия иқтисодиётининг ўсиш суръати бизга юқори бюджет даромадлари ҳақида гапириш имконини беради», деди Россия Молия вазирлиги раҳбари Антон Силуанов. 

Фото: Владимир Песня / РИА Новости

2023 йил учун Россия федерал бюджети тақчиллигининг расмий прогнози ҳозирда ЯИМ тахминан 1 фоизини ташкил қиляпти. Бу ҳақда 22 ноябр, чоршанба куни Россия молия вазири Антон Силуанов Федерация кенгашида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди. 

Амалдаги бюджет қонунига кўра, 2023 йилга қадар 2,9 триллион рубл ёки ЯИМнинг 2 фоизи миқдорида дефицит режалаштирилган. Сентябр охирида эса Силуанов тақчиллик 2 фоиздан кам бўлиши мумкинлигини айтганди, октябр бошида мамлакат президенти Владимир Путин янада оптимистик баҳо берди – ЯИМнинг 1 фоизи атрофида, дея эслатади «Интерфакс». 

«Қўшимча нефт-газга алоқадор бўлмаган даромадлар жуда яхши келиб тушмоқда. Иқтисодиёт ишлаяпти ва ўсиш суръатлари бизга юқори бюджет даромадлари ҳақида гапиришга имкон беряпти», - дея Силуановнинг 22 ноябрдаги сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. Июл ойида Молия вазирлиги раҳбари Россияда 2023 йилда федерал бюджет тақчиллиги прогноз қилинганидан юқори бўлиб, ЯИМнинг 2,5 фоизини ташкил этиши мумкинлигини тан олганди. 

«Электронный бюджет» портали маълумотларига кўра, 20 ноябр ҳолатига Россия бюджетининг даромадлари 23,04 триллион рублни, харажатлари 25,68 триллионни, тақчиллиги эса 2,64 триллион рублни ташкил қилган. 

Жорий йилнинг январ ойидан октябр ойигача Россияда федерал бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 0,7 фоизини ташкил этди. 

Мавзуга оид