Жаҳон | 16:16 / 24.11.2023
3697
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Frontex'нинг 50 ходимини Финландия-Россия чегарасига жўнатади

Август ойидан бери Финландиянинг Россия билан чегарасида Африка ва Яқин Шарқ давлатларидан бошпана изловчилар сони ортиб бормоқда. Европа Иттифоқи чегарани ҳимоя қилиш агентлиги вазиятга муносабат билдирди.

Фото: AP

Европа чегара ва қирғоқни қўриқлаш агентлиги - Frontex Финландия чегара қўриқлаш хизматини қўллаб-қувватлаш учун яна 50 нафар ходими, шунингдек, патрул машиналари ва бошқа жиҳозларни юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 23 ноябр, пайшанба куни эълон қилинган Frontex пресс-релизида айтилади.

Шу тариқа, Frontex ҳозирги вазиятга тезкор реакция билдириб, Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини ҳимоя қилиш, Европа Иттифоқи хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва Joint Operation Terra 2023 трансчегаравий жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича фаолиятини кенгайтирмоқда, дейилади хабарда.

Frontex ходимларининг биринчи гуруҳи Финландияга 29 ноябр куни етиб келиши кутилмоқда. Унинг таркибига чегарачилар, мигрантларни рўйхатга олишда ёрдам берувчи ходимлар, ҳужжатлар бўйича экспертлар ва таржимонлар киради. Ҳозирда Европа агентлигининг жами 10 нафар ходими Финландия чегараларида ишлаяпти.

ЕИнинг гибрид чақириқларга қарши кураши

«Frontex'нинг Финландияни қўллаб-қувватлаши логистика доирасидан ташқарига чиқади ва Европа Иттифоқининг ўз аъзоларидан бирига таъсир қиладиган гибрид муаммоларни ҳал этишда бирлашган позициясини намойиш этади. Бу ҳамкорлик мураккаб чегара муаммоларини ҳал қилишда Европа бирлашган жабҳа сифатида туришини ва аниқ ҳаракатлар шаклида ёрдам беришини кўрсатади», - деди Frontex ижрочи директори Ханс Лейтенс.

Финландиянинг Россия билан чегараси Европа Иттифоқининг ташқи чегараси ҳисобланиб, 1340 километр узунликка эга.

Frontex таъкидлашича, ҳозирги вазиятда агентлик чегара хавфсизлигини таъминлаш чоралари билан чекланиб қолмайди. «Агентлик ушбу сценарийнинг гуманитар жиҳатини яхши билади, айниқса оғир об-ҳаво шароити ва Финландия чегарасига келган одамларнинг тайёргарликсизлиги ҳисобга олинса. Агентлик Европа чегараларини ҳимоя қилишни таъминлаш, асосий қоидаларга ҳурматни сақлаш тарафдори бўлиб қолади, барча инсонларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилади», дейилади пресс-релизда.

Финландия Россия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини ёпди

Бир кун аввал, 22 ноябр куни Финландия бош вазири Петтери Орло Финландия ва Россия чегарасида муҳожирлар оқими билан боғлиқ инқирознинг кучайиши фонида Ҳелсинки ҳукумати 24 ноябр ярим тундан бошлаб барча ўтиш жойларини вақтинча ёпишга қарор қилганини айтди. Бунда, битта ўтиш жойи очиқ қолади - Финландия шимоли-шарқидаги «Райа-Йоосеппи».

Бир кунда тўрт соат очиқ бўладиган ушбу назорат пунктида бошпана изловчилар халқаро ҳимояга мурожаат қилиши мумкин, дея таъкидлайди у. 

Ўтган ҳафтада биринчи бешта чегара ўтиш пункти ишлашдан тўхтади: тўққизтадан тўрттаси («Иматра», «Ниирала», «Нуйямаа» ва «Ваалимаа») - 18 ноябрга ўтар кечаси, бешинчи назорат пункти - «Вартиус» - 19 ноябрдан. Бундан олдин Финландия ҳукумати «Вартиус»даги чегарачиларга ёрдам бериш учун қуролли кучларни юборган.  

Финландиянинг Россия билан чегарасида бошпана изловчилар сони ортиши

Финландия расмийлари Россия билан чегарани ёпиш қарорини учинчи давлатлардан Россия ҳудуди орқали келаётган ноқонуний муҳожирлар оқимининг кескин ошгани билан оқламоқда. Сўнгги кунларда Ироқ, Сурия, Яман ва бошқа Яқин Шарқ давлатларининг юзлаб фуқаролари Финландияга бориш учун Россия чегарасини кесиб ўтди. Август ойидан бери бошпана учун ариза берувчилар сони ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун керакли ҳужжатлар йўқ. 

Ҳелсинки Россия томонини оқимни уюштирганликда айблди. «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Финляндия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассинен.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид