Навбатдаги суд мажлисида Фармагентликнинг собиқ раҳбари С.Кариевни ҳимоя қилаётган адвокатлардан бири иш бўйича гувоҳликка чақирилган уч кишига нисбатан жиноят иши очишни сўради. Шунингдек, аввалги суд мажлисида кўрсатма берган экспертлар хулосасига адвокатлар томонидан шубҳа билдирилди.
Суд мажлисида дастлаб судланувчи Мусаев ва Азимовларнинг сурункали касаллиги бўйича ўтказилган тиббий экспертиза натижалари эълон қилинди. Экспертиза хулосаларига кўра, ҳар иккала судланувчи ҳам тавсия этилган дори-дармонларни қабул қилиб туриши мақсадга мувофиқ. Аммо уларнинг айни пайтдаги ҳолати озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташга монелик қилмайди.
Шундан сўнг, судланувчи Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари С.Кариевнинг адвокати Темур Раҳматов масалага дахлдор 3 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатиш бўйича судга илтимоснома киритди. Улардан бири Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида юқори лавозимларда, хусусан С.Кариев лавозимидан олинганидан сўнг унинг ўрнини эгаллаган Улуғбек Эгамов.
“Жиноят процессуал кодексининг 417-моддасига асосан учта илтимоснома киритмоқчиман. Биринчиси, судда сўроқ қилинган Улуғбек Эгамовга (Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбарининг биринчи ўринбосари сифатида, кейинчалик Фармацевтика агентлиги директори сифатида ишлаган) нисбатан жиноят иши очиш ҳақида прокуратурага хабарнома бериш тўғрисидаги илтимоснома. Судда сўроқ қилинган гувоҳнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланса, суднинг бу ҳақида хабарнома бериб, ажрим чиқариши кўзда тутилган. Улуғбек Эгамовнинг дастлабки терговдаги кўрсатмалари, шунингдек, судланувчи A.A.нинг унга нисбатан берган кўрсатмасидан хулоса қиладиган бўлсак, Улуғбек Эгамов A.A.ga хизмат ваколатига кирмаган иш бўйича топшириқ (“Кураракс” дорисини инспекцион текширувдан олиш бўйича) бергани, Телеграм'даги ёзишмаларидан ҳам аниқланган. Бу ҳақда скриншотлар бор. Нимагадир дастлабки тергов Эгамовга нисбатан жиноят иши қисмини бекор ҳам қилмаган. Бу жиноят процессуал қонунчилигининг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз. Шу сабаб бу ҳақда прокурорга хабар бериш керак деб ўйлаймиз”, дейди адвокат Раҳматов

Ҳимоячи жиноят процессуал кодексининг 417-моддасига асосан, Улуғбек Эгамовни мансаб-мавқеини суиистеъмол қилганини таъкидлади. Адвокат Темур Раҳматов кейинги илтимосномасида яна бир гувоҳ - Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбарининг ёрдамчиси вазифасида ишлаган Умид Темировга нисбатан ҳам жиноят иши очилишини сўради. Адвокат уни ёлғон кўрсатма бергани ва бир қанча ҳужжатларни қалбакилаштирганини билдирди.









