Жаҳон | 23:30 / 25.11.2023
11980
2 дақиқада ўқилади

Украина Қора денгиздаги «ғалла йўлаги»ни ҳимоя қилиш учун ҳарбий кемалар олади

Ғарб ҳамкорлари Қора денгизда дон ортилган кемалар хавфсизлигини таъминлаш учун Украинага ҳарбий кемалар бериши айтилди.

Фото: Ozan Kose / AFP / East News

Украина президенти Володимир Зеленский Киевдаги Grain from Ukraine халқаро саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Қора денгизда дон ортилган кемалар хавфсизлигини таъминлаш йўли топилганини маълум қилди.

«Биз ҳамкорларимиз билан келишиб олдик ва дон ташувчи кемалар хавфсизлигини кафолатлаш учун ҳарбий кемалардан фойдаланамиз. Бизда аллақачон кемаларни қабул қилиш бўйича аниқ келишувлар мавжуд. Бу яқин келажак масаласи», деди Зеленский.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Одесса вилояти қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан ҳимояланади, бу борада Украина ўз ҳамкорлари билан келишиб олган.

«Жуда аниқ комплекслар аллақачон ҳамкорлар томонидан юборилган ва айтишим мумкинки, бу масала аллақачон келишилган. Тез орада бу минтақа жуда кучли ҳаво мудофааси билан ҳимояланади. Биз учун нафақат кемалар, балки у ерда яшовчи одамлар ҳам муҳим», деди Украина президенти.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина учун Россия иштирокисиз «дон йўлаги»нинг пайдо бўлиши йилнинг энг катта ютуқларидан бири бўлди.

Июл ойида Россия Қора денгиздаги Украина портларидан дон экспорти бўйича «ғалла битими» келишувидан чиқди. Москва келишувларнинг Россия талаблари билан боғлиқ қисми бажарилмаганини айтди.

Шундан сўнг, Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз орқали Украина портларига кетаётган барча кемаларни «ҳарбий нишонлар» деб атади. Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари Одесса вилоятини, жумладан, келишув доирасида фойдаланилган минтақа порт инфратузилмасини ўққа тута бошлади.

Август ойида Украина расмийлари Қора денгизда вақтинчалик йўлаклар яратилганини эълон қилган эди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу йўналишларда Россия ҳарбийлари ва миналарга йўлиқиш хавфи сақланиб қолмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид