Спорт | 23:12 / 27.11.2023
37128
4 дақиқада ўқилади

ОЧЛ. «Насаф» камбэк кўрсатиб гуруҳ пешқадамига айланди, Бензема Ўзбекистондан ғалаба билан қайтди

Осиё Чемпионлар лигаси 5-тури доирасида Қаршининг «Насаф» ва Олмалиқнинг ОКМК клуби ўз ўйинларини ўтказишди.

«Насаф» ўз майдонида Иорданиянинг «Ал-Файсали» клубини қабул қилиб, иродали ғалабага эришди. Меҳмонлар 1-бўлимнинг охирида ҳисобни очиб, танаффусга ғолиб сифатида чиқиб кетган бўлишса-да, 2-бўлим бошида Нуруллоевнинг узатмасидан кейин Лима Круз ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Орадан кўп ўтмай, Қаршидаги стадион навбатдаги марта ларзага келди. Зафармурод Абдураҳматов кучли зарбаси билан камбэкка сабаб бўлди – 2:1.

68-дақиқада эса захирадан тушганига кўп бўлмаган Марко Станоевич жарима зарбасидан йўллаган голи билан ўйин тақдирини амалда ҳал қилди – 3:1.

84-дақиқада меҳмонлар пеналтидан фойдалана олишмади. Обиданинг зарбасини Неъматов қайтариб қолди.

Иккинчи ўйинда эса «Шаржа» ўз уйида «Ас-Садд»га мағлубиятга учради – 0:2. 

Шу тариқа, «Насаф» 10 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. «Шаржа» ҳисобида 8 очко мавжуд, «Ас-Садд»да 7, «Ал-Файсали»да 3 очко бор. «Насаф» сўнгги 6-турда 4 декабр куни «Ас-Садд» меҳмони бўлади, «Ал-Файсали» эса «Шаржа»ни қабул қилади.

ОЧЛ. 5-тур. 27 ноябр (душанба)
«Насаф» – «Ал-Файсали» (Иордания) – 3:1 (0:1)

Бош ҳакам: Ким Ҳе Гон (Ж.Корея)
Голлар: Лима Круз 47, Зафармурод Абдураҳматов 50, Марко Станоевич 68 – Розиқ Муҳаммад Банихани 45+6.
VAR: Ким Жонг (Ж.Корея)
Фойдаланилмаган пеналти: Обида, 84 (дарвозабон)
«Насаф»: 35. Абдувоҳид Неъматов, 5. Ғолиб Ғайбуллаев, 7. Акмал Мозговой, 8. Зафармурод Абдураҳматов (21. Дониёр Нарзуллаев, 87), 9. Жавоҳир Сидиқов (99. Азизбек Амонов, 46), 17. Суҳроб Нуруллоев, 18. Баҳром Абдураҳимов (88. Марко Станоевич, 67), 19. Лима Круз (70. Жамбули Жигаури, 67), 28. Шуҳрат Муҳаммадиев, 77. Ойбек Бозоров, 92. Умарбек Эшмуродов (34. Шерзод Насруллаев, 46)
«Ал-Файсали»: 1. Нуриддин Зайд, 5. Ҳусам Али Абдуаҳаб, 6. Обида Аҳмад Аш-Шамри, 11. Ориф Ҳаитхам (70. Аҳмад Абу Шарех, 81), 19. Анас Волид Бани-Яссин, 20. Розиқ Муҳаммад Банихани, 22. Холид Закария Эид, 23. Эҳсон Хаддод (7. Амин Фарид Ал-Шанайнех, 60), 30. Муҳаннад Хайр Алсулиман, 77. Муҳаммад Ал-клоуб, 91. Хотам Ар-Рушади (14. Низар Ар-Рашидон, 60).

Осиё Чемпионлар лигаси 5-тури доирасида ОКМК ўз майдонида «Ал-Иттиҳод»га қарши саф тортди.

Олмалиқдаги ўйинда Карим Бензема, Фабиньо сингари юлдузларни кўриш учун 10 минг томошабин сиғимига эга стадион жорий мавсум илк марта мухлислар билан лиқ тўлди. Ўйинда меҳмонлар форварди Ҳамидулланинг дубли Саудия клубига муҳим ғалабани келтирди. Ўйин якунида Боакьенинг голи ҳисобни қисқартирди, холос – 1:2.

Шу тариқа, «Ал-Иттиҳод» 12 очко билан пешқадамликни давом эттирмоқда. ОКМК ҳисобида очко йўқ. «Сипоҳон» (7) ва «Эйр Форс» (7) жамоалари бугун ўзаро майдонга тушади. «Ал-Иттиҳод» сўнгги турда «Сипоҳон» клубини ўз майдонида қабул қилади. ОКМК Ироққа сафар қилади.

ОЧЛ. С гуруҳи. 5-тур
ОКМК – «Ал-Иттиҳод» - 1:2 (0:2)

Голлар: Мартин Боакье 78 – Ҳамидулла 30, 34.
ОКМК: 25.Валижон Раҳимов, 7.Дилшодбек Аҳмадалиев, 3.Сардор Раҳмонов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 2.Акрамжон Комилов, 15.Ойбек Рустамов (18.Бахтиёржон Қосимов 27, 19.Муҳаммаданас Ҳасанов, 80), 4.Миржамол Қосимов (24.Мурод Эрматов, 79), 88.Сиёвуш Ҳақназарий (14.Миржаҳон Мираҳмадов, 80), 17.Санжар Турсунов, 27.Мартин Боакье, 10.Хуршид Ғиёсов.
«Ал-Иттиҳод»: 1.Ал-Маюф, 5.Луис Фелипе, 15.Ҳассан Кадеш, 28.Аҳмад Бамасуд, 13.Аш-Шанкти, 16.Ал-Ғамдий, 8.Фабиньо, 77.Салоҳ Ал-Амри (24.Абдулраҳмон Алобуд, 74), 11.Жота (25.Сувайлем, 86), 99.Ҳамидулла, 9.Карим Бензема.

Мавзуга оид