Жаҳон | 22:38 / 29.11.2023
54309
4 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев илк марта иккинчи оиласи борлигини тан олди 

У ўз китобида иккинчи рафиқаси Асел Исабаева ва ўғиллари ҳақида маълумот берди. 

Фото: orda.kz

Қозоғистоннинг собиқ президенти яқинда сотувга чиқадиган «Менинг ҳаётим» номли хотиралар китобини ёзди. Унда Нурсултон Назарбоев биринчи марта иккинчи рафиқаси Асел Исабаева ва ундан туғилган ўғиллари ҳақида маълумот берди. 

Нашрнинг биринчи нусхалари аллақачон сиёсатчилар, экспертлар ва журналистларга юборилган. Назарбоевнинг хотиралари биринчи президент ҳаётининг ҳам сиёсий, ҳам шахсий томонига бағишланган. 

Китобда Назарбоев илк бор иккинчи оиласи, рафиқаси Асел Исабаева ва икки ўғли ҳақида ёзади. Унинг таъкидлашича, биринчи марта Аселни Толдиқўрғон аэропортида кўриб қолган. 

«Давлат раҳбарининг ҳудудларга амалий ташрифи чоғида самолёт зинапоясида гуллар билан кутиб олинади. Маълумки, бундай маросимда иштирок этиш учун энг гўзал маҳаллий қизлар танлаб олинади. Биз узоқ вақтдан бери ўрганиб қолган чиройли маросим. Аэропортда менга гул совға қилган қиз ҳайратланарли даражада гўзал эди. Мен очиқ юзли, ёниб турган нигоҳли ва ажойиб қоматга эга қизни узоқ вақт ҳаёлимда сақладим», деб ёзади Назарбоев. 

Кейинчалик Назарбоев унинг «Қозоғистон гўзали» танловида иштирок этаётганини билиб қолади ва тез орада у билан кўришади. 

«Танишдик, бу ўзаро симпатияга айланди, симпатия эса яқинликка. Кейин учраша бошладик. Аселнинг ташқи кўринишида ҳам, фикр-мулоҳазаларида ҳам ўзим излаган кўплаб фазилатларни кўрдим. Ва энг муҳими, мен йиллар давомида давом этган руҳий ёлғизликдан халос бўлдим. Мусулмонлар урф-одатига кўра турмуш қурдик. Асел менга икки фарзанд совға қилди – икки улуғвор ўғил. Тауман 2005 йилда, Байкен эса 2008 йилда туғилган. Оталик бахтига 65 ёшимда яна сазовор бўлдим», деб ёзди собиқ президент. 

Назарбоевнинг қайд қилишича, унинг қонуний турмуш ўртоғи Сора вазиятни тўғри тушунган ва кечирган. 

«Ёшлигимдан суянчиғим бўлган, энг оғир синов соатларида ёнимда бўлган, уч қизим – Дариға, Динара, Алиянинг онаси Сорага умрим давомида шукроналик, ғамхўрлик билан муносабатда бўлганман. Бу оғир ҳаётда, тақдиримнинг ўша бурилиш палласида у мени тушуниб, кечиргани билан ҳам таскин топдим. Тауман туғилгандан сўнг, мен Олмаотага келиб, ундан кечирим сўраганимда ва ҳамма нарсани айтиб берганимда, у янада олижанобликни кўрсатди. «Болада айб йўқ, у мисли фаришта, бахтли бўлсин», деди Сора. Қизларим ҳам мени тўғри тушунишди», деб ёзди Назарбоев. 

«Шунақа гаплар, дўстлар. Мен бутун ҳақиқатни айтдим. Бунга қандай муносабатда бўлишингиз ўзингизга боғлиқ. Бу ҳаёт. Битта инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат бор. Ҳақиқат шундаки, қалбингизга буйруқ беролмайсиз», деб қўшимча қилди собиқ президент. 

Назарбоевнинг иккинчи рафиқаси ҳақида аввал ҳам миш-мишлар тарқалган эди. Бу ҳақда биринчи марта мухолифатчи сиёсатчи Рахат Алиев 2012 йилда ошкора эълон қилди. Яна бир сиёсатчи ва тадбиркор Мухтор Аблязов ҳам Назарбоевнинг «махфий» оилалари борлиги, бу ҳақда унинг атрофидагилар яхши билишини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид