«ПСЖ»ни ҳакам қутқарди, «Барса» ниҳоят гуруҳдан чиқди. ЕЧЛда кун ўйинлари
Яна тўрт жамоа гуруҳ масаласини муддатидан олдин ҳал қилди. Чемпионлар лигасида сешанба оқшомида ўтказилган 5-тур учрашувлари, ўйинлардаги голлар ва гуруҳлардаги вазият.
F гуруҳи
Мбаппе еврокубоксиз қолиши мумкин эди
«ПСЖ» — «Нюкасл» 1:1
Голлар: Мбаппе (90+8, пеналти) — Исак (24).
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Шкриняр, Перейра (Рамуш, 85), Эрнандес, Руис, Угарте (Витиня, 62), Ли Кан Ин (Асенсио, 82), Дембеле, Мбаппе, Коло-Муани (Баркол, 62).
«Нюкасл» – Поуп, Триппиер, Шер, Ласселс, Ливраменто, Гимараэс, Майли, Алмирон, Жоэлинтон, Гордон, Исак.
Огоҳлантиришлар: Жоэлинтон (22), Угарте (36), Ли (54), Дембеле (58), Шкриняр (60), Доннарумма (72), Алмирон (83), Поуп (90+1), Рамуш (90+5).
Англияда Франция чемпионлари шармандали ҳисобда мағлубиятга учраган: 2-турда «Нюкасл» тўрт ҳужумчи билан тушган рақиб дарвозасига тўрт гол йўллаганди (4:1).
Жавоб учрашувида Луис Энрике авантюрадан тийилди, лекин бир неча сюрпризларни кўриш мумкин эди: мудофаа марказида Перейра пайдо бўлди, ўрта чизиқда эса ҳали ЕЧЛда стартда тушмаган — Ли Кан Ин. «Нюкасл» дам олиш кунларида «Челси»ни тор-мор этган таркибни туширди. Лекин бу у қадар қўрқинчли бўлиб кўринмайди — жароҳатлар эпидемияси туфайли ёш ҳавбек Майли илк дақиқалардан ўйнади, меҳмонлар захира ўриндиғида эса майдонда ўйновчи беш футболчи бўлиб, уларнинг аксари 20 га ҳам чиқмаган.
«ПСЖ» кутилганидек ҳужумкор бошлади: Ли ва Руисда яхши вазиятлар бўлди, Мбаппе эса товони билан гол уришга ҳаракат қилди, аммо Поуп бунга йўл қўймади. «Нюкасл» эса Исакнинг зарбаси билан жавоб қайтарди.
Биринчи даврадаги ўйинда парижликлар ўйиннинг 70 фоиз вақтида тўпга эгалик қилган, аммо йирик мағлубиятга учраганди. Бу сафар ҳам «ПСЖ» позицион ҳужумлар уюштириши, «Нюкасл» — қарши ҳужумлардан омадини излаши кўриниб турганди. Аммо «қарғалар»да Тино Ливраменто қиёфасидаги махфий қурол ҳам борлиги аён бўлди.
Ушбу чап қанот ҳимоячисининг қанотдан марказ бўйлаб ўнг қанот томон юриш қилиб бориши мезбонларни доғда қолдирди, унинг ҳужуми Алмироннинг зарбаси билан давом этди, Доннарума қайтарган тўпга Исак биринчи бўлиб етиб келди.
«Нюкасл» ҳисобга ўйнашни яхши билади ва буни кўп бор намойиш этган. Меҳмонлар прессингдан воз кечишди ва 4-5-1 схемасида зич ҳимоялана бошлади.
Лекин парижликлар барибир вазиятлар яратишди: танаффусдан олдин Дембеленинг зарбасини ҳимоячи Шер тўсди, ундан кейин Усмон Поупнинг ҳушёрлигини синовдан ўтказди. «Нюкасл» дарвозабони шу куни ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди — 65-дақиқада Барколанинг яқин масофадан берган зарбасини қайтарган кадри ҳали интернетда кўп айланади.
Тахминан 60-дақиқадан кейинги футбол бир дарвоза томон бўладиган ўйинларни эслатиб юборди — «ПСЖ» «Нюкасл»ни жарима майдонига қамаб қўйди, аммо Эдди Ҳау жамоаси бунга тўла тайёр бўлиб чиқди ва тартибли ҳимояланди. Вақт ўтган сайин парижликлар асабийлашиб, пеналти сўрашга тушиб кетишди, ўйин охирига бориб вазиятлар яратилмай қўйди. Биргина Мбаппенинг ўзи иккиталик имкониятни қўлдан чиқарди, унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини Поуп девори тўсди, такрорий зарба хато кетди.
Парижни иккинчи бўлимга саккиз дақиқа қўшиб берган ва бу дақиқаларнинг бешинчисида меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйган полшалик ҳакам Марчиняк қутқарди, Мбаппе эса бу сафар имкониятдан фойдаланди — 1:1.
«Милан» — «Боруссия» Д 1:3
Голлар: Чуквуезе (37) — Ройс (10, пеналти), Байну-Гиттенс (59), Адейеми (69).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Жиру (8).
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Тиав (Крунич, 53), Эрнандес, Лофтус-Чик, Пулишич, Адли (Йович, 77), Рейндерс, Чуквуэзе (Траоре, 77), Жиру.
«Боруссия» Д – Кобел, Рюэрсон, Ҳуммелс, Шлоттербек (Ўзжан, 55), Бенсебайни, Ройс (Брандт, 79), Забитцер, Жан, Мален (Адейеми, 55), Байну-Гиттенс (Волф, 66), Фюллкруг.
Огоҳлантиришлар: Томори (67), Жан (90+6).
Тўрт турдан кейин гуруҳ пешқадами бўлиб турган «Боруссия» ўйин стартидаёқ Шлоттербек тўпни қўли билан ўйнагани туфайли пеналтидан гол ўтказиб юбориши мумкин эди, аммо Кобел Жируга қарши дуэлда устун келди. Бир неча дақиқа ўтиб эса Ройс «нуқта»дан қандай фойдаланиш лозимлиги бўйича сабоқ берди. 11 метрлик жарима зарбаларини қайтариш бўйича мутахассис Менян тўп йўналишини топгани ҳам «Милан»га ёрдам беролмади.
Пеналтига сабабчи бўлган Калабрия бўлим охирида айбини ювиб, Чуквуэзени олдинга ташлади, нигериялик вингер эса рикошет ёрдамида тўпни дарвоза тўрига жойлаштириб, «Милан»даги илк голини нишонлади.
Аммо бу «Милан»нинг ўйиндаги ягона голи бўлиб қолди, иккинчи бўлимда таркибдаги муаммолар ўзини кўрсатди, ҳужум чизиғида Рафаэл Леаунинг йўқлиги билинди. Ҳимояда Тшау жароҳатланиб, унинг ўрнига яримҳимоячи Крунични туширишга тўғри кледи. Меҳмонлар эса бундан фойдаланишди.
Фюллкруг ва Забитцер уюштирган комбинацияни биринчи голда пеналти ишлаган Байно-Гиттенс якунлаб қўйди. Ўн дақиқа ўтиб Менян Адейемининг зарбасини қайтаришда ишончсиз ҳаракат қилди. «Россонерилар» зарбалар бўйича устунликка эришди – 17:11, аммо дарвоза соҳасига аниқ йўлланган зарбалар бўйича – 4:4).
Якунда «Боруссия» гуруҳ масаласини ҳал қилди ва сўнгги турда «ПСЖ»нинг тақдири немисларга боғлиқ. Парижликлар Германияда мағлубиятга учраса, «Нюкасл» — «Милан» ўйини ғолиби гуруҳдан чиқади. Сўнгги турда бу икки жамоа ўзаро дуранг ўйнаса, тўплар нисбати яхшироқ бўлган Эдди Ҳау шогирдлари Европа лигасига йўл олади.
13 декабр. «Боруссия» Д – «ПСЖ», «Нюкасл» – «Милан»
H гуруҳи
«Бенфика» тарбияланувчиларининг голлари
«Барселона» — «Порту» 2:1
Голлар: Канселу (32), Феликс (57) — Пепе (30).
«Барселона» – Пеня, Араухо, Мартинес, Кунде, Канселу (Балде, 82), Гундўған, де Йонг, Педри, Рафиня (Ямал, 90), Феликс (Торрес, 75), Левандовски.
«Порту» – Кошта, Мариу (Санчес, 67), Пепе, Кардозу (Намасо, 90), Сануси, Эуштакиу (Гонсалес, 81), Варела, Пепе, Торимий, Эванилсон (Консейсау, 81), Галено (Мартинес, 90).
Огоҳлантиришлар: Кардозу (36), де Йонг (37), Мариу (57), Фелиш (59), Пепе (74).
«Шахтёр»нинг «Антверпен» устидан ғалабаси нафақат белгияликларнинг евробаҳорсиз қолишини кафолатлади, балки «Барселона» ва «Порту»га максимал даражада мотивация берди. Айниқса каталонияликларга, жамоа бу турда мағлубиятга учраса, сўнгги тур якунларига кўра 12 очко билан ҳам Европа Лигасига йўл олишга мажбур бўлиши мумкин эди.
Кўк-анорранглилар эса ўйин бошидан катта босим остида қолишди. Торемийнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, аммо кўп ўтмай «Порту»нинг навбатдаги ҳужуми Пепе Акинонинг қайтган тўпни дарвозага киритиб юбориши билан якунланди. Мезбон жамоа мухлислари қаттиқ зарбага учрашди, аммо кўп ўтмай Жоау Канселу ҳужумкорлик фазилатларини яна бир бор намойиш этди. Аммо шунинг ўзи етарли эмасди. Кейинги ҳужумларда Педри ва Рафиня гол ура олмагач, танаффус арафасида фақат Иняки Пенянинг сейви «Барса»ни навбатдаги ёқимсизликдан қутқариб қолди.
Иккинчи бўлимда эса бошқа бир португалиялик кўк-анорранглилар сўнгги уч мавсумда илк бор плей-оффга чиқишини таъминлади. Эътиборли жиҳати, «Порту»ни ички чемпионатдаги азалий рақиби бўлмиш «Бенфика» тарбияланувчилари жазолашди, эстафета таёқчаси Канселудан Жоау Феликсга ўтди. Унинг биринчи зарбаси тўсинга текканди, кейинги ҳужумда эса ватандоши уни хато зарба беришнинг имкони бўлмаган позицияга чиқариб юборди. Бу голдан олдин ҳам Пеня қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди, у тер Штегеннинг йўқлигини билинтирмаяпти. Хави ниҳоят гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалади, бу «Барса»да Месси кетганидан кейинги илк плей-офф бўлади.
«Шахтёр» — «Антверпен» 1:0
Гол: Матвиенко (12).
«Шахтёр» – Ризник, Гочолейшвили, Матвиенко, Бондар, Азаров, Зубков, Степаненко, Крискив (Келси, 89), Судаков, Сикан (Ракицкий, 90), Невертон (Бондаренко, 70).
«Антверпен» – Бюте, Батай, Алдервейрелд, Кулибали, Вейндал, Юсуф (Иленикена, 73), Вермерен, Керк (Эжуке, 46), Муя, Баликвиша, Янссен.
Огоҳлантиришлар: Кулибали (30), Керк (45), Гочолейшвили (83), Муя (90), Ризник (90).
Четлатиш: Муя (90).
Сўнгги турда «Антверпен»га қарши ўйиндаги дуранг ҳам биринчи ўринни кафолатлайди, «Порту»ни ҳам «Шахтёр»га қарши сўнгги ўйинда дуранг қониқтиради – жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашувида португаллар 3:1 ҳисобида устун келганди.
13 декабр. «Порту» – «Шахтёр», «Антверпен» – «Барселона»
G гуруҳи
Опенда эмас, Фоден
«Манчестер Сити» — «Лейпциг» 3:2
Голлар: Ҳоланд (55), Фоден (70), Алварес (87) — Опенда (13, 33).
«Манчестер Сити» – Ортега, Уокер (Алварес, 54), Диаш (Аке, 46), Гвардиол (Гомес, 90+3), Аканжи, Люис, Грилиш (Доку, 54), Силва, Родри, Фоден, Ҳоланд.
«Лейпциг» – Бласвиҳ, Клостерманн, Лукеба, Симакан, Раум, Форсберг (Баумгартнер, 60), Симонс (Поулсен, 75), Шлагер (Кампл, 88), Зайвалд, Айдара (Карвалю, 74), Опенда (Шешко, 60).
Огоҳлантириш: Диаш (21).
Икки йил муқаддам «Лейпциг» «Этиҳад»да 3:6 ҳисобида ютқазганди. Шу йил баҳоридаги плей-оффда эса шармандали 0:7 ҳисоби қайд этилди. Аммо жамоага шу йил ёзида келиб қўшилган Опендада «Манчестер Сити»га қарши ҳеч қандай комплекслар йўқлиги аниқ эди. Биринчи даврада ушбу белгияликнинг голи таскин бериш вазифасини ўтаган бўлса (1:3), сешанба куни форвард шунчаки «шаҳарликлар» мудофаасини яксон этди.
Икки сафар ҳам рақиб жарима майдонига югуришдан олдин Опенда шундай корпус қўйдики, Аканжи ҳам, Рубен Диаш ҳам худди деворга урилгандек улоқиб кетди. Иккинчи голда у шу ёзда «Лейпциг»дан 90 миллион евро эвазига Англия чемпионлари сафига ўтган Гвардиолни ҳам болаларча доғда қолдирди. Лекин у кечанинг асосий қаҳрамонига айлана олмади ва ҳақиқий юлдуз саҳнага чиқди.
Гап ЕЧЛдаги 40-голини уриб, камбэкни бошлаб берган Ҳоланд ҳақида эмас, чунки барчасини Фоден бажарди. Айнан у норвегияликни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, кейин эса Гвардиолнинг узатмасидан ҳисобни тенглаштирди. Ва Алваресга ғалаба голини уришда ҳам Фоден ёрдам берди. Ҳосеп Гвардиола жамоасининг уй учрашувларидаги мағлубиятсиз серияси 25 ўйинга етди.
«Янг Бойз» — «Црвена Звезда» 2:0
Голлар: Неделкович (8, автогол), Блум (29).
«Янг Бойз» – Рачоппи, Блум, Бенито, Камара, Гарсия, Малес (Колли, 46), Угринич, Няссе, Элиа, Нсаме (Ганвула, 74), Монтейру (Чаива, 74).
«Црвена Звезда» – Глазер, Неделкович, Драгович, Жига, Родич, Стаменич (Лучич, 59), Ҳван Ин Бом (Канга, 90), Мияйлович (Катаи, 83), Иванич (Крассо, 59), Букари, Ндиайе (Миятович, 46).
Европа Лигаси плей-офф йўлланмаси ҳал қилинган ўйинда «Црвена Звезда» кўплаб вазиятлар яратди, аммо «Янг Бойз» стандарт вазиятлардан унумли фойдаланди. Белградлар иккита қулай вазиятдан фойдалана олмаганидан кейин рикошетлар сериясидан автогол урилди. Букари яккама-якка вазиятни кўкка совуриши ортидан — корнер орқали гол урилди. Бундай реализация туфайли серблар баҳорда ҳам еврокубокда қатнашишдан умид қила олмасди. Швейцария чемпионлари учинчи ўринни кафолатлади.
13 декабр. «Лейпциг» – «Янг Бойз», «Црвена Звезда» – «Манчестер Сити»
Е гуруҳи
Римлик тўпурар
«Лацио» — «Селтик» 2:0
Голлар: Иммобиле (82, 85).
«Лацио» – Проведел, Габаррон, Хила, Марушич, Алберто (Камада, 84), Гендузи, Ровелла (Каталди, 79), Ладзари, Андерсон (Педро, 61), Исаксен, Кастельянос (Иммобиле, 61).
«Селтик» – Ҳарт, Жонстон, Картер-Викерс, Скейлз, Тэйлор, Макгрегор, О'Райли, Бернарду (О Хён Гю, 69), Форрест (Жонстон, 61), Ян Ҳён Жун (Тернбулл, 87), Фуруҳаси.
Огоҳлантиришлар: Тэйлор (27), Жонстон (35), Ровелла (50), ОРайли (71), Ян Хён Чжун (78), Педро (89), Габаррон (90).
«Лацио» бир соатдан ортиқ вақт давомида шотланд деворини бузиб ўта олмади, кейин эса Маурицио Сарри майдонга Иммобилени туширди. «Бургутлар»нинг энг яхши тўпурари сардорлик боғичини олди ва жамоани ортидан эргаштирди. Аввалига у оёқлари орасидан тўпни ўтказиб юбориб Луис Алберто учун қулай вазият яратиб берди, аммо унинг зарбаси тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Кейин Чиро ташаббусни ўз қўлига олди ва уч дақиқа ичида Исаксеннинг ёрдамида ўйин тақдирини ҳал қилди. Биринчи ҳолатда форвард даниялик жамоадошининг ҳужумидан кейин рикошет орқали келган тўпни дарвозага жойлади. Иккинчи ҳолатда — «Селтик» ҳимоячиларини осонлик билан доғда қолдирди. Бу ғалабадан кейин римликлар муддатидан олдин плей-оффга чиқиш учун «Атлетико»га мухлислик қилиши қолганди.
«Фейеноорд» — «Атлетико» 1:3
Голлар: Виффер (77) — Гертрюда (14, автогол), Эрмосо (57), Хименес (81, автогол).
«Фейеноорд» – Бейло, Гертрюйда, Траунер (Миламбо, 64), Ганцко, Ҳартман, Стенгс (Иванушец, 70), Тимбер (Сауэр, 78), Виффер, Пайшао (Уэда, 46), Минте (Лингр, 64), Хименес.
«Атлетико» – Облак, Молина, Хименес, Эрмосо, Витцел, Рикелме, Коке (Корреа, 84), Де Паул (Саул, 74), Лоренте (Барриос, 56), Гризманн, Мората (Депай, 74).
Диего Симеоне учун бу ўйин нафақат муҳим, балки алоҳида аҳамиятга эга эди. Аргентиналик мутахассис бир жамоа бошқарувида ЕЧЛда 100 ўйин ўтказган учинчи мураббийга айланди — Алекс Фергюсон (190) ва Арсен Венгердан кейин (177). Ва Роттердамдаги ўйиннинг биринчи бўлимида мухлислар классик «Атлетико»га гувоҳ бўлишди. Унинг мудофаасини тўла ҳажмда ишлашга мажбур қилишди, «матрасчилар» эса нафақат гол ўтказишмади, балки рақибни хато қилишга мажбур қилиб, Гертрайданинг автоголидан кейин ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишди.
Иккинчи голда эса «Фейеноорд» бундан ҳам аламлироқ гол ўтказиб юборди, рақиб жарима майдонига ёриб кирган ҳимоячи Эрмосо тўпни тўхтатмасдан дарвозабон ҳудудига ошириб беришга ҳаракат қилганида тўп ақл бовар қилмас траектория ҳосил қилиб дарвоза тўрига бориб тушди. Мезбонлар ҳисобни қисқартиришди, аммо ўйин охирида жарима зарбаси ижро этилганида жамоанинг энг яхши тўпурари Сантияго Хименес ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Энди «Атлетико» ва «Лацио» охирги турда ким биринчи ўрин билан плей-оффга чиқиши масаласини ҳал қилади, гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоа «Бавария» ва «Сити»га рақиб бўлишдан қутилиб қолади, «Фейеноорд» эса Европа Лигаси билан кифояланишга мажбур.
13 декабр. «Селтик» – «Фейеноорд», «Атлетико» – «Лацио»
Кун статистикаси
- «Селтик» асосий еврокубокда қаторасига 15 учрашувни ғалабасиз ўтказган илк британ жамоаси бўлди (=3-12).
- «ПСЖ» ЕЧЛда 2014/15 йиллар мавсумидан буён бир рақибдан бешта гол (икки учрашувда) ўтказмаганди, ўшанда парижликлар «Барселона»дан азият чекканди.
- Ҳоланд барча турнирлар доирасида «Лейпциг»га урган голлар сони 12 тага етди.
- «Нюкасл» 20 йил ичида илк бор ЕЧЛ сафар ўйинида гол урди, охиргиси 2003 йилда Алан Ширер бўлганди.
- Пепе ЕЧЛда «Порту» учун 40-ўйинини ўтказди. Ушбу фахрий футболчи бу борада клуб тарихидаги энг яхшилар ўнталигига кирди, рекорд эса дарвозабон Витор Байяга (61) тегишли.
Мавзуга оид
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
11:37 / 28.11.2024
Мбаппе яна уялтирди, ПСВда тарихий камбэк. Кун ўйинлари
11:38 / 27.11.2024