Ўзбекистон | 09:08 / 30.11.2023
6170
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги янги элчиси тайинланди

Каромидин Гадоев Ўзбекистоннинг Малайзиядаги янги элчиси бўлди. У шу пайтга қадар ТИВнинг БМТ ва бошқа халқаро сиёсий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Фото: «Дунё» АА

30 ноябр куни Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Каромидин Гадоев Малайзия пойтахти Куала-Лумпурга етиб борди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Каромидин Гадоев 2018–2023 йилларда Куала-Лумпурдаги дипломатик миссияга раҳбарлик қилган Равшан Усманов ўрнини эгаллади.

Дипломат 1964 йилда Бухоро вилояти Кумушкент қишлоғида туғилган. У Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) география факультетини тамомлаган. География фанлари номзоди илмий даражаси ва биринчи даражали маслаҳатчи дипломатик мартабасига эга.

У 1995 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида, жумладан, марказий аппаратда, Ўзбекистоннинг НАТОдаги миссияси ва Брюсселдаги элчихонада турли лавозимларда ишлаган.

Шу кунга қадар ТИВнинг БМТ ва бошқа халқаро сиёсий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид