Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши кўпайиб бормоқда. Уларнинг умумий тармоққа интеграция қилиниши эса мукаммал тизим яратишни талаб қилади. Агар бу жараёнда хатога йўл қўйилса, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам умумий тармоққа техник томонлама зиён етказиши мумкин.

Бу ҳақда Kun.uz билан суҳбатда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов айтиб ўтди. У суҳбат давомида Ўзбекистон энергетикасида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ошиб бораётган ўрни ва режалар, қуёш ва шамол электр станцияларини тармоққа улашдаги қийинчиликлар, бундай станцияларни қуриш бўйича тендерларда саноқли компаниялар қатнашаётгани ва қуёш панеллари бозорида рақобат бўлиши кераклиги ҳақида гапириб ўтди.

– Сўнгги пайтларда қайта тикланувчи йирик қувватли электр энергияси станцияларини қуриш жадаллашди. Уларнинг бир қанчаси якунланди ҳам. Ҳозирга келиб қайта тикланувчи энергиянинг жами истеъмолдаги улуши қанчага етди ва кейинги йиллар учун мақсадли кўрсаткичлар қанақа?

– Охирги бир йил ичида Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини соҳага интеграция қилиш юзасидан жуда кўп лойиҳалар бўйича битимлар имзоланди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда энергетика соҳасида катта ҳажмдаги фотоэлектр станцияларининг ҳажми 200 мегаваттни ташкил қилади. Бу йилнинг ўзида умумий қуввати 11000 мегаваттга яқин қуёш электр станциялари ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича битимлар имзоланди. Йил охирига қадар 2000 мегаваттга яқин муқобил энергия манбалари, яъни қўшимча қувватлар ишга тушади ва уларнинг тармоқдаги улуши 10 фоиздан ошиқни ташкил қилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларимизнинг электр ишлаб чиқаришимиздаги улушини 2030 йилга бориб камида 30-40 фоизга етказиш режалаштирилган. 2030 йилга бориб умумий генерациямиз 40 гигаваттга етса, бунинг ичидан қарийб 20 гигаватт қайта тикланувчи энергия манбаларига тўғри келиши керак.

– Бу жараёнда интеграция деганда нима тушунилади?

Умид Мамадаминов

– Қайта тикланувчи энергия манбаларининг интеграцияси деймиз, бу уларни асосий тармоққа улаш ва тармоқ билан ҳамоҳанг ишлашини таъминлаш дегани. Қуёш ёки шамол электр станцияларини тармоққа улаган пайтимиз уларни бошқариш қобилиятига эга бўлишимиз керак. Яъни тармоқ ҳам уларни қабул қилиб олиши керак. Энергетика тизими шунақа тизимки, бунинг маҳсулоти – электр токи, у ишлаб чиқарилдими ўша вақтдаёқ истеъмол қилиниши керак. Шу сабабли унинг бошқаруви, бозори бошқа бозорлардан фарқ қилади.