Кремл 2022 йил мартида Украинага урушни тўхтатишни таклиф этган – НАТО аъзолигидан воз кечиш эвазига
Бу ҳақда 2022 йил баҳорида РФ билан музокараларда Украина делегациясига раҳбарлик қилган Давид Арахамия маълум қилди. Бу версия Россия пропагандасига ёқиб тушди.
Олий Рададаги «Слуга народа» фракцияси етакчиси, Россия билан музокараларда Украина делегациясига раҳбарлик қилган Давид Арахамия 2022 йил баҳорида Кремл Украина нейтрал мақомни қабул қилиши ва НАТОга аъзо бўлиш ниятидан воз кечиши эвазига ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни таклиф этгани ҳақида айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, Киев бу келишувни Россия армиясига кучларини тиклаш ва жанговар ҳаракатларни давом эттиришга имкон берувчи ҳийла деб ҳисоблаб, уни имзолашга рози бўлмаган. Арахамия шунингдек, Буюк Британиянинг ўша вақтдаги бош вазири Борис Жонсон Украинани музокаралардан қайтаргани ва «шунчаки жанг қилиш»ни таклиф этганини қўшимча қилган. Арахамиянинг баёноти икки томонда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.
24 ноябр куни «1+1» телеканали журналисти Наталя Мосейчукка берган интервюсида Давид Арахамия 2022 йил феврал-март ойларида Беларус ва Туркияда бўлиб ўтган Россия-Украина музокараларида Москва делегацияси НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиш эвазига Киевга тинчлик сулҳи ваъда қилгани гапирди.
«Улар чиндан ҳам биз нейтралитет мақомини олишимиз учун шундай келишувни имзолашимизни охиригача кутишганди. Бу улар учун энг катта иш эди. Агар қачонлардир Финландия қилгани каби бетарафликни ёқлаб чиқсак ва НАТОга қўшилмаслик ҳақида мажбурият олсак, улар урушни тугатишга тайёр эди. Амалда муҳим банд шу эди. Қолганлари — „денацификация“, рус тилли аҳоли ва бла-бла-бла ҳақидаги косметик ва сиёсий қўшимчалар бўлган», — дея Арахамиянинг сўзларини келтирган «Украинская правда».
Журналистнинг Украина нега келишув шартларига рози бўлмагани тўғрисидаги саволига сиёсатчи шундай жавоб қайтарган:
Биринчидан, бу пунктга рози бўлиш учун Конституцияни ўзгартириш керак бўларди. НАТОга йўл Конституцияда белгилаб қўйилган. Иккинчидан, россияликлар буни қилишига ишонч ҳам йўқ эди. Буни фақат хавфсизлик кафолати мавжуд бўлганда амалга ошириш мумкин эди. Биз улар кетиши, барча енгил тин олиши, кейин эса улар яхши тайёрланган ҳолда қайтиб келиши учун ниманидир имзолай олмасдик — чунки улар бундай қаршиликка тайёр бўлмаган ҳолда келишганди. Шунинг учун биз фақат бу иккинчи бор такрорланмаслигига юз фоиз амин бўлганимизда ишлай олардик. Бундай ишонч эса йўқ эди.
Бундан ташқари, биз Истанбулдан қайтганимизда, Борис Жонсон Киевга келди ва биз улар билан умуман ҳеч нарса имзоламаслигимиз — ва шунчаки жанг қилиш кераклигини айтди.
Унинг аниқлик киритишича, Лондон ва Украинанинг бошқа ғарблик ҳамкорлари музокараларнинг боришидан хабардор бўлиб туришган, келишувлар лойиҳаларини кўришган, аммо Киев учун ҳеч қандай қарор қабул қилмаган, фақат маслаҳат беришган. «Улар амалда (россияликлар билан) вақтинчалик хавфсизлик кафолатларига келишмасликни маслаҳат беришди, ўшанда уларга вақт бериб бўлмасди», — деган Арахамия.
Шунингдек, «Слуга народа» фракцияси етакчиси ҳозир ҳам Украинанинг барча сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари урушни давом эттириш тарафдори эканини таъкидлаган: «Нима учун? Чунки биз ҳозир музокаралар столига ўтира олмаймиз. Музокара позициямиз жуда ёмон. Ҳозир бизда нима бор? Қаерда бўлсак, шу ерда шунчаки тўхтатамизми? Украина жамияти буни қабул қилади деб ўйлайсизми?»
Арахамиянинг баёноти ҳақида Россия ва Украинада нималар дейишмоқда?
2023 йил ёзида Владимир Путин уруш бошида Москва ва Киев ўртасида гўёки тинчлик келишуви бўлгани ҳақида гапирганди. Шу туфайли Россия Украинанинг марказий қисмидан қўшинларни олиб чиққан, аммо, Путиннинг айтишича, Киев ҳукумати «олдинги барча келишувлардан бош тортган» ва «бунинг барчасини тарих чиқиндихонасига улоқтирган».
Африка мамлакатлари етакчилари билан Санкт-Петербургда ўтказилган учрашувда эса РФ президенти ўзи «Украина учун доимий бетарафлик ва хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишув» деб атаган ҳужжатнинг бир учини кўрсатганди. Россия нашрлари хабарига кўра, келишувда 2022 йил 15 апрел санаси кўрсатилган. У 18 моддадан иборат бўлиб, Украина нейтралитети биринчи модданинг биринчи бандида қайд этилган. Шартнома шарҳида нейтрал Украина армияси ва ҳарбий техникаси миқдори қанча бўлиши кераклиги кўрсатилган.
Украина делегацияси раҳбари «1+1» телеканали учун интервюда Путин қандайдир сабабга кўра бу ҳужжатни ҳеч қачон тўлиқ эълон қилмаганини қайд этган. «Нима деб ўйлайсиз, нима учун? Агар қўлида ҳужжат бўлганида, у эълон қилган бўларди», — дейди депутат.
Шунга қарамай, россиялик шарҳловчилар Арахамиянинг интервюсини Путиннинг тинчлик келишуви ҳақидаги сўзлари, шунингдек рус пропагандасининг Киев Жонсон ва бошқа ғарблик ҳамкорлари босими остида музокаралардан воз кечгани тўғрисидаги назариялари тасдиғи сифатида баҳолади.
Маргарита Симонян
пропагандачи, RT бош муҳаррири
Украиналик депутат тийилиб ўтирмади ва тўғрисини гапирди. Маълум бўляптики, биз ҳамиша ҳақ бўлганмиз. Путин тўғрисини гапирган, юз минглаб қурбонларнинг олдини олиш мумкин бўлган, Украинани ҳозиргидек ногиронлар ва эмигрантлар мамлакатига айлантирмасликнинг имкони бўлган экан. Елкаси синган мамлакатга айлантирмасликнинг — ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий ҳаётда ва асосийси — миллатнинг ахлоқий руҳида.
Леонид Слуцкий
ЛДПР етакчиси, Киев билан музокаралардаги Россия делегацияси иштирокчиси
Кўриниб турибдики, неонацист режими чекиниш йўлини қидирмоқда. Музокаралар йўлига қайтишга ҳали ҳам кеч эмас, Россия томони бунга тайёр экани ҳақида бир неча бор маълум қилди. Аммо энди бошқа шартларда — янги ҳудудий реалликларни ҳисобга олган ҳолда.
Ўшанда чиндан ҳам тинчлик келишуви тайёрланганди, уни тасдиқлаш ва имзолаш қолганди. Россия яхши ният қадами сифатида қўшинларни Киев ва Черниҳив йўналишларидан олиб кетди. Кейинчи? Киев режими ва унинг ғарб қўғирчоқлари бунга жавобан — буни биз бугун янада аниқроқ тушуняпмиз — Бучада провокация уюштирди ва Россияни жанг майдонида мағлуб этиш учун жанг қилишини эълон қилди.
Марина Ахмедова
пропагандачи, Regnum бош муҳаррири, РФ президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси
Украинада қуролли кучлар бош қўмондони Залужний ўз мақоласида ишлатганидан кейин «тупик» сўзи тақиқланган. Аммо бу билан «тупик» «тупик» бўлмай қолмайди. «Чиқиш йўли йўқ» — Украина устида шундай ёзилган. Ва улар йўқ жойдан «тупик»да ўтирибди. Ва уларнинг ҳокимиятда қолишга уринишлари учун ҳар куни одамлар ўлади. Жабрдийда украин халқи.
РФнинг Лондондаги элчихонаси
Кўриниб турибдики, Буюк Британиянинг улкан ҳиссаси билан музокаралар орқали ечим топиш имкони бой берилди, бу эса Украина давлатчилиги, иқтисодиёти ва аҳолиси учун фожиали оқибатларга олиб келди. Буюк Британия ҳукумати Арахамиянинг сўзларига изоҳ беришни истамасмикин?
Украинада расмий шахслар Арахамиянинг интервюсини тўғридан тўғри изоҳламади. Шу билан бирга, Украина томонидан музокаралар жараёнига алоқадор бўлган манбалар журналистларга 2022 йил баҳорида Россия билан келишув имзолаш манфаатли бўлмаганини айтишган.
«Ғарбдаги ҳамкорларимиз ўзига келиб, қарор қабул қила бошлагунича биз вақтдан ютишимиз керак эди, якунда биз омон қолишга муваффақ бўлдик. Шунинг учун биз россияликларни қандайдир деталлар муҳокамасига жалб этишга уриндик, улар бу деталларни доимий равишда Москва билан келишишига тўғри келарди», — деган музокараларга алоқадор бўлган шахслардан бири аноним тарзда LB.ua нашрига.
Британия бош вазирининг Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар мавзусига аралашуви борасида нашр шундай ёзади: «Жонсон россиялик диктаторга ён беришга қаршилигини ҳеч қачон яширмаган. У Путиннинг ягона истаги Украинани эгаллаш, уни яксон этиш ва Европанинг бир қисмини оккупация қилишга тайёргарлик кўриш деб ҳисоблаган. Умид қиламизки, босқиндан олдин Путин ғарбдан НАТО кучларини 1997 йилги чегараларга қайтаришни, яъни Марказий ва Шарқий Европа давлатларининг алянсга аъзолигини бекор қилишни талаб этганини ҳеч ким унутмаган».
«Страна.ua» нашри (Украинада уни россияпараст позицияси учун танқид қилишади, Россияда у бошқа украин нашрлари каби блокланган) Арахамиянинг тинчлик келишуви имзоланмай қолишига сабаб сифатида келтирган аргументларини «ноаниқ» деб ҳисоблаган. Журналистлар Украина Конституциясига ўзгартириш киритиш заруратини «сиёсий ирода бўлганида шунчаки ҳал қилиш мумкин бўлган техник масала» деб баҳолаган. Ишончсизлик масаласига эса Киев эмас, биринчи навбатда Москва дуч келган, деб ҳисоблайди нашр.
«Кейинроқ Украина ҳукумати Бучадаги фожиани музокараларни рад этишнинг яна бир сабаби сифатида келтирди. Аммо, агар Зеленскийнинг ўша вақтдаги баёнотларини эсласак, у фожиадан кейин ҳам РФ билан музокараларни барибир олиб бориш даркорлигини айтганди. «Бундай ҳар бир фожиа, ҳар бир Буча у ёки бу музокараларда қўлингга уради. Аммо бундай қадамлар учун имконият топишимиз керак», — деганди Зеленский 2022 йил 5 апрелида. Ва фақат шундан кейингина унинг баёнотлари кескинлаша борди.
Шунинг учун, одатда, президентнинг 2022 йилда Путин билан келишув тузишдан бош тортишининг асосий сабаблари қаторида у (эҳтимол, ғарблик иттифоқчиларнинг аргументлари ва ваъдалари таъсирида) Россия катта урушга тайёр эмас, Украина эса ғарб ёрдамида РФ армиясини тўлиқ мағлуб этиши ва Москвага Россия қўшинларини 1991 йилги чегараларга қайтариш, репарация тўлатиш ва ҳоказоларни ичига олувчи ўз тинчлик шартларини диктовка қилиши мумкинлиги ҳақида хулосага келганини келтиришади. Яъни, мажозий маънода айтганда, Зеленский қўлидаги читтакдан кўра осмондаги лайлакни танлади».
Украина президенти офисининг собиқ маслаҳатчиси Алексей Арестович (2022 йил баҳорида у амалда Украина ҳукумати спикери эди, энди эса у мунтазам равишда Зеленский ҳамда унинг маъмуриятини танқид қилмоқда) украинлар тинчлик келишуви барбод бўлишида ўзини айблаши «ақлсизлик бўлиши», шунинг учун «мамлакатда ғарбга қарши кайфият кескин кучайиши мумкинлиги»ни айтган.
Арестовичнинг фикрича, украин ҳукумати ҳарбий муваффақиятсизлик учун жавобгарликни бир-бирига ағдармоқда, аммо аслида бунинг учун Ғарб айбдор.
«Зеленский, афтидан, жавобгарликни Жонсон ва Залужний ўртасида тақсимлашга қарор қилган. Мен буни — алдамчи дилемма деб ҳисоблайман. Ҳақиқий жавобгарлик бизга, Украинага ҳақиқий, катта уруш олиб бориш учун ҳақиқий ёрдамни ваъда қилган ва лекин бундай ёрдамни тақдим этмаганларнинг зиммасида. Ташлаб кетганларнинг.
Биз ўз урушимизни ютдик. РФнинг ҳақиқий армиясини ва босқинчилик режасини биз синдирдик, ғарбнинг минимал ёрдами билан: биринчи Рамштайн — 26 апрелда, илк жиддий етказма — июн охирида бўлди. Бизнинг бу урушимиз Истанбул келишувлари билан тож кийган бўлиши ва бир неча юз минг киши омон қолиши мумкин эди. Кейин эса бошқа уруш бошланди».
Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон ва расмий Лондон Давид Арахамиянинг сўзларига ҳозирча муносабат билдирмади.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024