Фан-техника | 21:20 / 06.12.2023
113382
2 дақиқада ўқилади

Қуёшда улкан ғайриоддий тешик пайдо бўлди

Қуёш юзасида Ердан 60 марта каттароқ бўшлиқ очилди. Унинг узунлиги 800 минг км экани таъкидланмоқда.

Фото: NASA/SDO/AIA

Қуёшда тож тешиги деб номланувчи улкан қоронғу бўшлиқ пайдо бўлди. Бу ёриқ Ер томонга космик шамол деб номланувчи ғайриоддий тезкор нурланишнинг кучли оқимларини сочмоқда. Бу ҳақда Spaceweather хабар берди. 

2 декабрда ҳосил бўлган тешикнинг кенглиги 24 соат ичида 800 минг километрга етган, бу Ер диаметридан 60 баравар кўпроқдир. Олимларнинг фикрига кўра, қуёш циклининг ушбу босқичида бу бўшлиқнинг ҳажми мисли кўрилмаган даражада катта. 

Дастлаб қоронғу бўшлиқнинг пайдо бўлиши Ерда мўътадил геомагнит бўронини келтириб чиқариши, бу эса радиоалоқа узилишига олиб келиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. Бироқ, космик шамол тезлиги кучли бўлмади, гарчи у юқори кенгликларда ғаройиб Қутб ёғдуларини келтириб чиқарган бўлса ҳам. 

Тож тешиклар Қуёшнинг магнит майдонлари ўзгарганда пайдо бўлади, бу эса юлдуз зарраларининг бир қисмини фазога чиқиб кетишига олиб келади. Улар қоронғу доғлар каби кўринади, чунки бу жойлар атрофдаги плазмадан совуқроқ ва зичроқдир. 

Олимларнинг қайд қилишича, Қуёш фаоллиги 2023 йил давомида ортиб борди, чунки бизнинг юлдузимиз 11 йиллик циклининг юқори чўққисига яқинлашмоқда. Бироқ, тож тешиклар циклнинг исталган вақтида пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, олимлар экватор яқинида янги тешик очилганидан ҳайратда, одатда улар юлдуз қутбларида пайдо бўлган.

Мавзуга оид