Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонликлар 7 сентябрда Ой тутилишини томоша қилиши мумкин
«Қонли Ой» деб номланган астрономик ҳодисани қарийб 6 миллиард киши кузатиши мумкин.
Фото: Kun.uz/Муҳаммаджон Ғаниев
2025 йил 7 сентябрдан 8 сентябрга ўтар кечаси «Қонли Ой» деб номланган Ой тутилиши содир бўлади, деб ёзди TimeOut.
Нашрнинг таъкидлашича, Ойнинг тўлиқ тутилиши жуда кам учрайдиган ҳодиса, гарчи у Қуёш тутилишига қараганда тез-тез содир бўлса-да. Агар бу ҳодисани 7 сентябр куни ўтказиб юборсангиз, унда кейингисини 2028 йилгача кутиш керак бўлади.
Қайд этилишича, 7 сентябрда тўлиқ Ой тутилишини сайёранинг аксарият қисмидан, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кўриш мумкин бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 6 миллиард киши ушбу астрономик ҳодисани томоша қилиши мумкин.

Ой тутилиши Тошкент вақти билан соат 20:28 да бошланади. Ой Ер соясига киради ва тутилиш жараёни 8 сентябр соат 1:55 гача давом этади. Деярли бир ярим соат давомида осмонда «Қонли Ой» кўринади – бу ой нури атмосферада синиб, қизил ва ҳайратланарли ёруғликда намоён бўлиши билан боғлиқ.
Ой тутилишини яхшироқ томоша қилиш учун шаҳарлардан узоқда, ёруғлик камроқ бўлган жойни танлаш лозим. Иложи бўлса, баландроқ кўтарилиш ва қоронғиликка кўникиш учун кўзларга 20 дақиқа дам бериш, телефон, монитор ва телевизорлардан узоқлашиш керак. Кўчага чиқишдан олдин об-ҳаво маълумотини текшириш зарур, чунки жуда булутли бўлса, ҳеч нарса кўринмайди.
Ой тутилишини томоша қилиш кўзга зарар бермайди, шу туфайли, махсус кўзойнак сотиб олиш ҳақида қайғуриш шарт эмас.