Жаҳон | 11:05 / 07.12.2023
8090
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратди

Агар Конгресс қўшимча маблағни маъқулламаса, АҚШнинг Украинага 175 миллион долларлик ёрдам пакети охиргиси бўлиши мумкин, дея огоҳлантирди Энтони Блинкен.

Фото: Tony Overman/AP/picture alliance

АҚШ Украинага Россиядан ҳимояланиш учун 175 миллион долларгача бўлган янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этди. Бу ҳақда 6 декабр, чоршанба куни Давлат департаменти хабар берди.

Янги пакетга ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари учун AIM-9M ва AIM-7 ракеталари, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, юқори тезликда ҳаракатланувчи AGM-88 HARM радиолокацион кураш ракеталари, танкка қарши қуроллар, ўқотар қуроллар учун ўқ-дорилар, тўсиқларни йўқ қилиш учун портлатувчи қурилмалар, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш учун ускуналар, шунингдек эҳтиёт қисмлар ва ёрдамчи воситалар киритилган. 

Украина учун «охирги» ёрдам пакетларидан бири

«Россия ўз ҳужумларини тўхтатиб, Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетиб, бу урушни тугатмагунича, Қўшма Штатлар Украинани қатъий қўллаб-қувватловчи 50 дан ортиқ давлатдан ташкил топган коалицияга етакчилик қилишда давом этиши жуда муҳим», деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. 

Унинг сўзларига кўра, агар Конгресс президент Жо Байденнинг қўшимча молиялаштириш ҳақидаги сўровини маъқулламаса, бу Украинага АҚШ кўрсатиши мумкин бўлган «охирги» ёрдам пакетларидан бири бўлади. «Конгресс ҳозир ҳаракат қилиши керак», деди Блинкен.

Мавзуга оид