Жаҳон | 20:53 / 07.12.2023
11864
8 дақиқада ўқилади

Нархи пастлаётган нефт, Грецияга борган Эрдўған ва таклифи Сенатдан ўтмаган Байден — кун дайжести 

Ўтган кун давомида дунё диққат марказида бўлиб турган воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликларнинг шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.

Жаҳон биржаларида нефтнинг нархи тушиб бормоқда. Энг сифатли Brent маркали нефтнинг баҳоси сўнгги беш ой ичида бир баррелига 76 АҚШ долларидан пастлаган.

Нарх тушаётганига бош сабаб сифатида инвесторларнинг OPEC+ давлатлари томонидан нефт қазиб олишни ихтиёрий қисқартириш самара беришига шубҳа билан қараётгани келтирилмоқда.

Нефт нархларига Хитой иқтисодиёти борасидаги хавотирлар ва АҚШ иқтисодиётининг секинлашиш хавфи салбий таъсир кўрсатмоқда. Нефт нархига Саудия Арабистонининг Arab Light маркали нефти учун Осиё бозорларига нарх пасайтирилиши тўғрисидаги қарори ҳам босим ўтказмоқда.

Нефт нархи Россия президенти Владимир Путиннинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонига ташрифи фонида, шунингдек, унинг март ойидан бошлаб нефт қазиб олишни қисқартиришни тўғрисидаги баёнотларига қарамасдан пасайишда давом этган. 

Кеча Россия президенти Владимир Путин аввал Бирлашган Араб Амирликларида, шу куннинг ўзида Саудия Арабистонида бўлди. Айниқса Абу Дабида Путинни ниҳоятда дабдаба билан кутиб олинган тасвирлари интернетда тарқалди.

Қайд этиб ўтиш керакки, ҳар икки араб давлатида музокаралар мавзуси нефт қазиб олиш ва Ғазодаги вазият бўлган. Музокаралар тафсилотлари у қадар ошкор қилинмаяпти.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон учрашувда Путинни «алоҳида ҳурматга лойиқ меҳмон», дея таърифлаб, Россия ва Саудия Арабистони Яқин Шарқда тинчлик ҳукмрон бўлиши учун биргаликда иш олиб боришаётганини таъкидлаган. 

Жаҳон етакчиларининг хавотирлари ва тинчликка уринишларига қарамасдан, Ғазода Исроилнинг ҲАМАСга қарши операцияси давом этмоқда.

Исроил армияси секторда ҲАМАС томонидан барпо этилган 500 километрлик ер ости тунелларини Ўрта Ер денгизи суви билан тўлдиришни бошлаб юборди. Шунингдек, Исроил армияси Ғазо секторининг шимолида ҲАМАС жанговар қанотига тегишли қурол-яроғлар, ракеталар ва дронларни қўлга киритгани тасвирларини эълон қилди.

Ғазо шимолида 800 минг аҳоли тиббий хизматдан мосуво бўлди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил армияси сектор шимолидаги тиббиёт инфратузилмаси объектларини қасддан йўқ қилмоқда.

Фаластин Қизил Яримой жамияти Ғазонинг шимолидаги Жабалия шаҳрида биринчи ёрдам маркази ишини тўхтатди. Айтилишича, Фаластин Қизил Яримой жамияти тез ёрдам машиналарида ёнилғи тугаган, Ғазо секторининг шимолидаги касалхоналар фаолият кўрсатмаяпти. Ушбу вазиятларда жасадлар ва ярадорларни ташиш ва бошқа ишларни қилиш имконсиз.

Халқаро жиноят судининг бош прокурори Карим Хон Ғазо секторида оддий фуқаралардан иборат аҳолига инсонпарварлик ёрдами етказишга қасддан тўсқинлик қилиш ҳарбий жиноят саналишидан огоҳлантирди. 

АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга эсини йиғиб олиш борасида мурожаат қилар экан, агар Россия Украинада ғалаба қозонса, кейин НАТО давлатларига ҳужум қилишини айтган.

Байден Украина, Исроил ва чегараларни қўриқлар учун 100 млрд доллар маблағ ажратиш тўғрисидаги лойиҳасини Конгрессдан маъқуллашни сўраб келмоқда. Бу пулларнинг 61 миллиарди Украина учун аталган. Байденга кўра, «радикал республикачилар Украинага ёрдамни гаровга олишган».

Президентнинг мурожаати иш бермади ва Сенатдаги республикачилар Украинага 61 млрд долларлик ёрдам пакетини блоклашди. Республикачиларнинг муддаоси нима ўзи? Улар Мексика билан чегарада хавфсизликни таъминлаш сиёсати бўйича ўзгартиришлар лойиҳада акс этмаганидан жиғибийрон.

Вазиятнинг бундай тус олиши АҚШ Сенатида онлайн чиқиш қилиши керак бўлган Украина президентининг ҳам мурожаатини бекор қилишига олиб келган. Лойиҳанинг қуйи палатада ҳам маъқулланиши имконияти паст. Бу эса Киевнинг имкониятлари кескин пасайиши, Россияда эса янги имкониятлар пайдо бўлишига олиб келиши шубҳасиз.

Байден вазиятни «ўта нохолис иммиграцион қонун лойиҳасини олиб ўтишга уриниш» ва «очиқча сиёсий шантаж» деб баҳолаган.

Шунга қарамсадан, АҚШ Украинага қўшимча 175 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратилганини эълон қилди. Ёрдам қурол-яроқлар ва ўқ-дорилар кўринишида етказилади. 

G7 давлатлари 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб Россияда ишлаб чиқарилган олмосларига тақиқ ўрнатади, деб ёзади Reuters. Россия олмосларининг учинчи давлатлардан импортига ҳам босқичма-босқич тақиқ жорий қилинади. Тақиқ саноат олмосларига тааллуқли бўлмайди. G7 давлатлари шунингдек, Россияни халқаро молия тизимидан фойдаланишини келгусида чеклаб боришга ҳаракат қилади.

Нефт бозорларидаги қалқинишлар ва Россия нефтига қўйилган чекловларга қарамасдан Россиянинг нефтдан ойлик даромади икки баробарга ошган, деб ёзади Bloomberg агентлиги.

Унга кўра, октябр ойида Россиянинг нефт экспортидан топган даромадлари 11,3 миллиард долларга етган, бу эса мамлакат ойлик бюджет даромадларининг 31 фоизига тенг. Финландиянинг CREA компанияси экспертлари Ғарб давлатларининг юқори чегарали нарх белгилаш орқали Россиянинг нефт савдосидан даромадларини чеклашга бўлган уринишлари барбод бўлганини қайд этишган. 

Москва областининг Одинцово районида украиналик собиқ депутат Иля Киванинг ўлиги кўчадаги қалин қор устидан топилди. Унга қарата тўппончадан икки бор ўқ узилгани, чап юзига кесувчи совуқ қурол билан жароҳат етказилгани маълум.

Иля Кива ўзининг Россияга ён босган чиқишлари билан танилган. 2022 йил 24 февралидан сўнг Украинага Россия босқинини тўлиқ оқлаб чиққан. Сўнгра Россиядан сиёсий бошпана сўраган.

Украина оммавий ахборот воситалари Кива Украина хавфсизлик хизматининг махсус операцияси туфайли йўқ қилинганини ёзишмоқда. Буни Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси спикери Андрий Юсов ҳам тасдиқлаган. 

Қисқа хабарлар ва янгиликлар билан таништирамиз

Meta компанияси шу ҳафтадан бошлаб Facebook’нинг барча фойдаланувчилари хабарларини автоматик тарзда тўғридан тўғри шифрлашга ўтказади. Кейинроқ бу қоида Instagram’га ҳам жорий этилади. Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар бунга қарши. Улар муаммоли контентни аниқлаб бўлмаслигидан хавотирда.

Google компанияси ҳам қараб тургани йўқ. Улар Chrome браузерига нейротармоқ қўшмоқчи. Compose функцияси сунъий интеллект ёрдамида фойдаланувчининг сўровина биноан матн генерация қилиб беради. Таклиф қилинаётган технология фойдаланувчига бир неча баён стилини танлаш, мавжуд матнни қайта шакллантириш ёки қисқартириш имконини ҳам беради.

Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин мактабларда меҳнат таълимни қайта тиклашга чорлади.

Володин туғилиш камайиб кетаётгани фонида аёлларнинг карерасини чеклаш ҳақидаги чақириқлар фонида, мактабдаги меҳнат дарсларида қизларга «карамшўрва (яъни, боршч) пиширишни», болаларга эса «болға ушлашни» ўргатиш кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мактабларда меҳнат таълимининг бош мақсади шу бўлиши керак.

Анқара F-16 самолётлари етказиб бериш Швециянинг НАТОга аъзолиги ўзаро боғлиқлигидан умид қилмоқда. Яъни, турклар парламент Швециянинг НАТО аъзолигига аризасини ратификация қилиши эвазига АҚШ Туркияга F-16 қирувчи ҳарбий самолётларини етказишни истаяпти.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Греция бош вазири Кириякос Мицотакиснинг таклифига биноан Афина шаҳрига борди. Бу сўнгги 70 йил ичида Туркия президентининг Афинага иккинчи ташрифи. Афинада Эрўған Туркия-Греция олий даражадаги ҳамкорлик Кенгашининг бешинчи йиғилишида иштирок этади.

Starbucks’га қарши бойкотлар иш берди. Қаҳва тайёрлаш тармоғи аллақачон Исроилни қўллаб қувватларига қарши бойкотлар ортидан 11 миллиард доллар йўқотгани маълум бўлди. Бу компания 1992 йилда акцияларни очиқ жойлаштиришни бошлаганидан буён кўрган энг катта зарарлар даври бўлди. 

Мавзуга оид